Истироҳат боғи қурилиши 2021 йилга режалаштирилди. Бу ваъдами ёки?..
Бу муаммо ҳақида газетамизда роппа-роса бир йил аввал бонг ургандик. “Зарафшон”нинг 2019 йил 1 августдаги 97-сонида “Самарқанд тумани аҳолиси қаерда дам олади?” сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда туманда истироҳат боғи йўқлиги, масъул идораларнинг эътиборсизлиги туфайли 2018 йилда ажратилган ер майдонида ҳамон қурилиш ишлари олиб борилмаганлиги ҳақида ёзган эдик.
Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишда ҳам Самарқанд ва Нуробод туманларида маданият ва истироҳат боғи қурилмагани аниқланди, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар “Йўл харитаси”да белгиланди. Хўш, туманда истироҳат боғи нега қурилмаяпти? Биз Самарқанд туманида бўлиб, бу саволга жавоб изладик.
Ер майдони бор, аммо...
Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 29 декабрдаги “2011-2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастурини тасдиқлаш тўғрисида” ги қарорида маданият ва истироҳат боғларини аҳолининг маданий дам олиши учун қулай ва кўркам жойларда жойлаштириш, боғнинг камида 50 фоиз майдони сатҳида кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш, аттракционлар ва кўнгилочар ўйинлар қурилмалари ўрнатиш белгиланган.
Туман маданият бўлими маълумотига кўра, ҳудудда 2015 йилда ишлар бошланган. Истироҳат боғи учун жой ажратилиб, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига киришилган, ҳатто битта аттракцион ҳам мавжуд. Аммо 2018 йил 7 июлда туман ҳокимининг “Самарқанд тумани масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Янгиариқ агротехсервис” агрофирмаси ҳудудидан маданият ва истироҳат боғи қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга кўра, агрофирманинг 312-контуридан 5 гектар ер майдони ажратилди. Истироҳат боғи агрофирма ҳудудига кўчирилгач, бу ердаги қурилиш ишлари тўхтатилди.
- 2015 йилда қурилиши бошланган истироҳат боғининг ер майдони кичик бўлганлиги учун 2018 йилда туман ҳокимининг қарори билан бошқа жойга кўчирилди, - дейди туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Жумаев. - Истироҳат боғини қуриш учун маҳаллий бюджетдан ажратиладиган маблағ 4-категорияга тўғри келганлиги учун ҳозирча маблағ ажратилмаган. Шу билан бирга Гулобод қўрғони вилоят маркази бўлиши режалаштирилган. 5 гектар ерда қурилиши белгиланган истироҳат боғи Гулобод қўрғонининг бош режаси тасдиқланмагунча қурилиш ишларига рухсат берилмайди. Маданият ва истироҳат боғи 2021 йилда қурилиши режалаштирилди.
Телефон орқали қисқа суҳбатимиздан шуни англадикки, Самарқанд тумани аҳолисининг яқин йилларда истироҳат боғида дам олиши эҳтимоли жуда кам. Ваҳоланки, уч йилдан буён маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилиши кутилаётган истироҳат боғининг ёзги айвонлар, спорт майдонлари, турли тўгараклар учун бинолар, автотураргоҳ, фаввора, болалар ўйингоҳи каби замон талабларига мос равишда лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирда мазкур ер текисланиб, қурилиш ишларига тайёрлаб қўйилган. Президентимизнинг 2018 йил 1 августдаги “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра истироҳат боғини тадбиркорлар кўмагида қуриш имконияти ҳам бор. Эски истироҳат боғига вақтинча ташаббускор тадбиркорларни жалб этиш ҳам мумкин. Аммо бунга эътибор ва шижоатли тадбиркорлар йўқ. Тўғри, туман маданият бўлими ва туман ҳокимлиги масъулларининг сўзларига кўра, лойиҳа бўйича ташаббускор тадбиркорнинг таклифлари кўриб чиқиляпти. Аммо тадбиркорларнинг аксарияти кўпроқ ўз манфаатларини биринчи ўринга қўяётган ҳолатлар кузатиляпти.
Биз Самарқанд туманидаги истироҳат боғининг нега ўз вақтида қурилмаганига мутасаддилардан айтарлик жавоб ололмадик. Лекин фарзандларини ёзнинг жазирама кунлари салқин, баҳаво жойда дам олишини истайдиган ота-оналар, аттракционларда мириқиб учишни хоҳловчи болалар бор. Уларнинг орзулари қачон ушалиши номаълум. Олий Мажлис Сенатининг ишчи гуруҳи томонидан тасдиқланган “Йўл харитаси”да туман ҳокимлиги ва вилоят маданият бошқармаси тадбиркорлик субъектларини жалб этган ҳолда, маданият ва истироҳат боғини 2020 йил 1 ноябргача фойдаланишга топшириши белгиланган. Тўғри, ҳали вақт бор. Аммо юқоридаги важлар, қолаверса ҳоким ўринбосарининг сўзларидан келиб чиқиб, неча йиллардан бери қурилиши қоғозда қолиб кетаётган истироҳат боғи яна қоғозда қолиб кетадими, дея ўйлаб қолдик.
Нурободда истироҳат боғи йўқ
Яшириб нима қилдик, Нуробод тумани аҳолиси ҳам фарзандларини йилда бир ёки икки бор Самарқанд шаҳридаги истироҳат боғларига олиб келади. Бунга бир кун вақт ҳамда мўмайгина пул сарфланади. Туман маданият бўлими раҳбари Элмурод Ўсаровнинг айтишича, туман марказидан истироҳат боғи қурилиши учун ер ажратилган. Аммо ҳозирда бу ерда 18-сон болалар мусиқа ва санъат мактаби, ёшлар иттифоқи туман кенгаши биноси, Нуронийлар маркази қурилган. Қолган 1,4 гектар бўш турган майдонда маданият ва истироҳат боғи қуриш учун таклиф билан туман ҳокимига мурожаат қилинган.
Нуробод туманида, ҳатто истироҳат боғининг ери ҳам йўқлиги мутасадди ташкилотларнинг эътиборсизлиги натижаси эмасми? Нурободликларга маданий дам олиш, байрамларни нишонлаш учун кўркам, манзарали жой керак эмасми?
Ташаббускор ёшлар ҳар бир туманга керак
Вилоят маданият бошқармаси маълумотига кўра, бугунги кунда вилоятимизда 16 та маданият ва истироҳат боғи бор. Булунғур, Қўшработ, Пайариқ, Пахтачи, Жомбой туманларида маданият ва истироҳат боғларида ободонлаштириш ишлари олиб борилган. Аммо аттракционлари йўқ. Юқорида айтилганидек, Самарқанд тумани ва Нуробод туманларида боғларнинг ўзи йўқ. Қолган туманларда истироҳат боғлари фаолият юритмоқда.
- Истироҳат боғига одамлар нима учун боради, у ердаги гўзал манзарадан, экологик муҳитдан завқланиш, фарзандларининг дам олишини мазмунли ташкил этиш, оилавий ҳордиқ чиқариш учун, - дейди вилоят маданият бошқармаси бошлиғи Х.Мухаммадиев. – Бугун истироҳат боғларимизнинг аксариятида аҳолининг маданий дам олиши учун етарли шароитлар яратилмаган. Аттракционларнинг 60-70 фоизи эскирган. Уларни бошқараётган ходимлар ҳам тегишли мутахассисликка эга эмас. Айрим туманларда эса истироҳат боғлари аттракционлардан холи. Яқинда олдимга Оқдарё туманидаги тадбиркорлардан бири истироҳат боғи қуриш лойиҳасини олиб келди. Унинг айтишича, фарзандларининг дам олиши учун туманда бирор маскан йўқ экан. Ўйлаб кўриб, тумандаги болажонлар учун истироҳат боғида турли аттракционлар, ўйин майдонлари қуриш лойиҳасини ишлаб чиққан. Қорасув массивидан ҳам бир ташаббускор ёш қизимиз 2 гектар майдонда истироҳат боғи қуриш таклифини билдирди. Агар бу масканда асосан ёш оилалар яшашини ҳисобга олсак, бу каби масканлар ҳам даромад, ҳам халққа фойда келтиради. Мана шундай ёш, шижоатли, қалбида Ватанга муҳаббати бор тадбиркорларимиз ҳар бир туманга керак.
Президентимизнинг 2018 йил 1 августдаги “Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароит яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2020 йилда Паст Дарғом, Оқдарё туманлари, Самарқанд шаҳридаги Фарҳод шаҳарчасида хусусий тадбиркорлар томонидан кўнгилочар жойлар, ўйин майдонлари қуриш режалаштирилган.
Ҳа, аслида эътиборимиздан четга қолаётган маданият ва истироҳат боғлари аҳоли учун керакли маскан. Уларни кўпайтириш, янги ғоялар, янги лойиҳалар билан бойитиш лозим. Бунда маданият бўлимларининг таклифлари асосида ташаббускор тадбиркорларнинг фаоллиги, туман ҳокимликларининг қўллаб-қувватлаши жуда муҳим.
Насиба Жонтўраева,
"Зарафшон" мухбири.