Қишлоқ аҳолиси қаерда маданий дам олади?
Кейинги пайтда бу масала вилоятимизнинг айрим ҳудудларида эътибордан четда қолиб келмоқда. Негаки, сайтимизда ва «Зарафшон» газетасининг жорий йил 1 август, 97-сонида Самарқанд туманида истироҳат боғи йўқлигини ёзган эдик. Унда ҳукумат томонидан алоҳида қарор қабул қилинган бўлишига қарамасдан вилоятимизнинг бир қатор туманларида ҳам истироҳат боғлари одамлар гавжум бўладиган жойга, ҳақиқий маданий дам олиш гўшасига айланмаётганини баён қилгандик. Афсуски, бу мақоладан кейин ҳам жойларда вазият ўзгармаган кўринади.
Жомбойликларга “парк” керак эмасми?
Тўғри, Жомбой туманида истироҳат боғи мавжуд. Аммо саволни бу тарзда қўйишимизнинг бошқа сабаби бор.
- Истироҳат боғида аттракцион ўрнатиб, ундан фойда топаман, деган тадбиркорлар йўқ, - дейди туман маданият бўлими бошлиғи Асқарали Абдураззоқов. - Шунинг учун боғда ўйин қурилмалари, турли кўнгилочар воситалар ўрнатилмаган.
Очиғи, ушбу истироҳат боғининг ҳолига бугун маймунлар йиғлайди. Муносабатни эса юқорида масъуллардан бирининг гапидан ҳам билиш мумкин.
Туман марказидаги «Ёшлар боғи», деб номланган истироҳат боғи жуда қулай жойда ташкил қилинган. Кўчадан қарасангиз шинам ва файзли кўринади. Аммо...
Умумий майдони 1116 квадрат метр бўлган боғ 2015 йилда фаолиятини бошлаган. Бироқ бор-йўғи тўрт йилнинг нари-берисида боғнинг ўриндиқлари худди ўттиз йил хизмат қилгандек ҳолатга келиб қолган. Ўриндиқларнинг бирида икки дона ёғоч тахта, иккинчисида бир дона, бошқасида эса фақат тиргаклар қолган ва мавжуд тахталар шамол учириб кетмаслиги учун бўлса керак, рангли тасмалар билан боғлаб қўйилган.
Қаровсизлик туфайли мавжуд 5-6 та аттракционларнинг ичи ва атрофи ҳар хил чиқиндиларга тўлиб бормоқда. Савол туғилади: янгисини ўрнатадиган тадбиркор топилмаса, мавжуд аттракционлардан унумли фойдаланиш мумкин-ку?
Майли, мутасаддилар одамларнинг маданий ҳордиқ чиқаришларига беэътибор экан. Бироқ мавжуд аттракционнинг борини ижарага берганда ҳам 5-6 та янги иш ўринлари яратса бўлади.
Катта йўлга яқин бўлса-да, истироҳат боғи борлиги жомбойлик мутасаддиларнинг буткул ёдидан кўтарилган, шекилли. Агар шундай бўлмаганида, ҳудуд тоза-озода сақланган бўлар, боғ ободонлаштириларди.
Бугун бу ерга ҳеч ким оёқ босмай қўйган. Табиийки, одам бормайдиган жойда савдо-сотиқ қилиш қайси мантиққа тўғри келади. Шу боис истироҳат боғида мавжуд дўконлар эшиги тамбалаб ташланган.
Боғ ўртасига бир вақтлар яхши ниятлар билан фаввора қурилган. Бироқ бугун фаввора жуда ачинарли ҳолатда.
Эшитишимизча, истироҳат боғи директори лавозими қарийб бир йилдан буён вакант экан. Нима, Жомбойда бундай масканга раҳбарлик қилишга лойиқ одам йўқми ёки ростдан ҳам туманга истироҳат боғи керак эмасми?
Оқдарёликларга-чи?
Истироҳат боғи деганда, кўз ўнгимизга сўлим, атрофи гуллар ва дарахтларга бурканган, бир ёнда болаларнинг шўх ҳайқириқларига тўла ўйингоҳлар, бир ёнда ўриндиқда китоб мутолаа қилаётган кишилар келади. Аммо Оқдарё тумани истироҳат боғидаги манзара бунинг акси. Боғ марказда бўлишига қарамай ҳувиллаб турибди. Қалин чинорлар билан ўралган ҳудудда қушларнинг чуғур-чуғуридан бошқа ҳеч садо эшитмайсиз. Мавсум тугади-да, дейишингиз мумкин. Аммо бу ердаги ҳолатдан мавсумда ҳам боғ қандай ишлагани маълум.
Кичик ёшдаги болалар учун қурилган тўрт-бешта аттракциондан ҳам анча вақтдан буён фойдаланилмаган, ободонлаштириш ишлари кўзга кўринмайди. Майса ўстириш учун сув пуркагич қилинган, аммо яшилликнинг ўзи йўқ.
- Невараларим телевизор орқали болаларнинг аттракционларда мириқиб учаётганини кўриб, паркка олиб боринг, дейди. Йилда бир бор шаҳарга олиб бораман. Тўғри, туманимизда истироҳат боғи бор. Аммо у ердаги тўрт-беш аттракционни ҳисобга олмаганда бошқа кўнгилочар ўйингоҳлар, дам олиш масканининг ўзи йўқ, - дейди истироҳат боғи олдидан ўтиб кетаётган онахонлардан бири.
- Мазкур боғ 1980 йилдан буён дам олиш маскани сифатида фойдаланиб келинаяпти, - дейди истироҳат боғи раҳбари Аҳрор Жалилов. - 2017 йилда 1,5 миллиард сўм маблағ эвазига қайта қурилиб, ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Аҳолининг маданий ҳордиқ чиқариши учун амфитеатр, мусиқали фаввора, 4 та павильон, Нуронийлар маскани, Мотамсаро она ҳайкали барпо этилди.
Аммо қурилганига икки йил бўлишига қарамай ушбу павильонларнинг ҳеч бири фаолият юритмайди. Фақатгина боғнинг бир четида ошхона ишлаб турибди.
- Истироҳат боғимиздаги 730 туп чинор ва 4 туп кўктерак 1980 йилда экилган, - дейди А.Жалилов. – Дарахтлар йилдан йил каттариб, бир-бирига халақит бермоқда. Тиғизлиги учун айримлари чириган. Кўриб турганингиздек, бирор аттракцион қуриш учун аввало, очиқ майдон бўлиши керак. Ўтган йил ҳам кўкаламзорлаштириш учун майса экдик. Аммо тангадек ҳам қуёш бўлмагани учун кўкармади. Гуллар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Тадбиркорлар томонидан павильонлар қурилган, аммо одам кирмагач, улар ҳам фаолиятини бошламаган.
2017 йилги реконструкция вақтида мусиқали фаввора қурилган эди. Лекин қурилиш ташкилотининг эътиборсизлиги сабаб, ишлар тўлиқ олиб борилмаган.
Маданият марказлари бор-у, ҳаваскорлар кам
Оқдарё туманида 36 маҳалла бўлиб, уларга 5 та маданият маркази хизмат қилади. 1-сон маданият марказида 8 та тўгарак фаолият юритса, қолган маданият марказларида 3 тадан тўгарак ишлаб турибди. Бизни ажаблантиргани аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган бу масканда фаолият юритаётган тўгаракларга иштирокчиларнинг камлиги. Туман маданият бўлимининг маълумотига кўра, 156 минг аҳоли истиқомат қилаётган туманда 100 нафардан ортиқ ёшлар тўгаракларда қатнашар экан.
- 1-сон маданият маркази биноси 1980 йилда қурилган бўлиб, 2014 йилда қайта таъмирланди, - дейди туман маданият бўлими раҳбари Насимхон Жахпаров. – Томоша залининг том қисмидан чакка ўтгани сабаб жорий йилда тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Бугунги кунда барча тадбирларимиз 400 ўринли мазкур томоша залимизда ўтказилади. Дутор, қўғирчоқ театри, доира, рубоб, фольклор, ашула, рақс, миллий эстрада каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Уларда 60 нафарга яқин ҳаваскорлар иштирок этади. Бошқа маданият марказларида 3 тадан тўгарак ишлайди. Уларда 20 нафарга яқин бола тўгаракка қатнайди.
Хўш, нега бошқа маданият марказларига ҳаваскорлар жалб қилинмаган? Туманнинг чекка ҳудудларида аҳоли санъат ва маданиятга қизиқмайдими?
- 3-сон маданият марказимиз туманнинг чекка ҳудудларидан бири Авазали маҳалласида жойлашган, - дейди туман маданият бўлими бошлиғи ўринбосари Ойназар Олимов. - Марказ коллеж биносида иш олиб боради. 4-сон маданият маркази Ўзбекистон маҳалласи биносида, 5-сон маданият маркази ҳам Даҳбед шаҳарчасидаги Оқдарё агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежида фаолият кўрсатади. Улардаги тўгараклар ва ҳаваскорларнинг камлиги сабаби маданият муассасаларининг ўз биносига эга эмаслигида. Аҳолида қизиқиш бор. Масалан, карнай-сурнай, рассомлик, фортепиано ўргатиш каби тўгаракларга фарзандини олиб келишни истовчилар кўп. Аммо кадрлар масаласи муаммо. Рассомлик тўгараги очиш учун яхши истеъдодли рассом керак. Лекин улар тўгаракларда ишламайди. Мусиқа асбобларимиз ҳам етишмайди.
“Комиссия”дан безиган директор
Жомбой туманидаги 10-сон болалар мусиқа ва санъат мактабидамиз. Келганимизни директор котибасига билдирдик. Котиба ичкарига кириб кетгач, директорнинг “Яна комиссиями, жонга тегди комиссиясиям. Ишлагани қўядими, йўқми булар?” деганини эшитдик. Билсак, уч кундан буён директор “комиссия” билан банд экан.
- Мени тўғри тушунинг, ишлашимиз ҳам керак-ку, ахир. Бугун энди ишлайман деб турганимда котибам комиссия келди, деяпти, - деди мактаб директори Ҳасан Саидов биз билан саломлашар экан.
Директорнинг қимматли вақтини олишни истамасак-да, мактабдаги камчиликлар ҳақида сўрадик.
- Мактабимизда 40 нафар ўқитувчи бор, - деди у. – Уларнинг 18 нафари олий маълумотли, қолган 22 нафари ўрта махсус маълумотга эга. Бизга мутахассис ўқитувчилар етишмайди, баъзан бошқа мусиқа мактабларидан ўриндошлик асосида ўқитувчи чақиртирамиз. Шунингдек, мактабга халқ чолғу асбоблари тўплами керак. Мусиқа мактаби фойдаланишга топширилаётганда бу негадир эътибордан четда қолган.
Мактаб 2011 йилда фойдаланишга топширилган. Бугунги кунда бу ерда 236 нафар ўқувчи мусиқа ва санъат сирларини ўрганмоқда. Машғулотлар боланинг умумий ўрта таълим мактабидаги дарсларига халақит бермайдиган тарзда қўйилган. Масалан, тушгача мактабга борадиган бола куннинг иккинчи ярмида мусиқа ва санъат мактабига келади ёки аксинча.
Болалар 6-9 ёшдан етти йил, 6-11 ёшдан беш йил муддатга мактабга қабул қилинади. Муаммоли томони шундаки, 12 ёшдан болалар мусиқа ва санъат мактабига олинмайди. Мактаб боладан энди натижа кутаётган пайти у кетади. 6 ёшдан мактабга қабул қилинган бола етти йилдан сўнг, яъни 7-синфда мусиқа мактабини тугатади. Бундай тартиб “Мусиқа ва санъат мактаблари тўғрисида”ги низомда белгиланган. Бола 7-синфдан 11-синфгача қаерда ўқийди? Фақат умумий ўрта таълим мактабида. У мактабни тугатиб, ўқишга киргунига қадар мусиқа ва санъатдан олган билимларини унутади. Бу муаммо республика бўйича ўрганилишни талаб этади.
Мактабнинг куз-қиш мавсумига нечоғли тайёр эканлиги билан ҳам қизиқдик. Бу ерда иситиш тизими мавжуд, бироқ иситиш қурилмаси мактабдан 60 метр узоқликда жойлашган. Иситилган сув мактаб биносига ер остидан қувур орқали келади. Қишда иссиқ сув мактабга боргунча совийди, шунинг учун бино ҳарорати иссиқ эмас, илиқ бўлиб туради. Иситиш қурилмаси газ ва электрга боғлиқ бўлгани учун улардан иккиси ҳам бўлмаса, мактаб исимайди, тўғрироғи, илимайди. Директор бу ҳақда тегишли жойларга бир неча бор мурожаат қилган, аммо ҳалигача натижа бўлгани йўқ.
Хуллас…
Биз бежиз бу мавзуга қайтмадик. Вилоятимиздаги истироҳат боғларининг аксариятида аҳолининг маданий дам олиши учун шароит яратилмаган. Аттракционлар ҳам маънан эски. Айримларида умуман йўқ. Аммо фарзанди, неварасининг истироҳат боғида дам олишини истовчи ота-оталар кўп.
Шунингдек, вилоят маданият бошқармаси тасарруфида 30 та болалар мусиқа ва санъат мактаблари бор. Уларда 8367 нафар ўқувчи таҳсил олади. 2018/2019 ўқув йилида 604 нафар ўқувчи мактабни тугатган бўлса, шундан 145 нафари санъат йўналишида таҳсилни давом эттирмоқда. Ҳар бир туманда болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолият юритар экан, уларни тугатган истеъдодли ўқувчилар билан маданият марказлари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкин. Ёхуд ташаббускор тадбиркорлар билан давлат-хусусий шериклик асосида аттракционлар олиб келиб, истироҳат боғлари фаолиятини тубдан янгилаш, ҳашар йўли билан ободонлаштириш ишларини олиб борса бўлади. Ахир, бу масканларда сиз-у бизнинг фарзандларимиз маданий дам олади.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА,
Насиба ЖОНТЎРАЕВА,
«Зарафшон» мухбирлари.