Ўзбекистон ва Покистон ёш тадбиркорлари ҳамкорлиги мустаҳкамланяпти

Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган “Тадбиркорлик ҳафталиги” доирасида “Ўзбекистон–Покистон ёш тадбиркорлар форуми” ташкил этилди.
Унда икки давлатнинг ёшлари, тадбиркорлари ва расмийлари ўртасида барқарор ривожланиш, яшил иқтисодиёт, тадбиркорлик ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган долзарб масалалар муҳокама этилди.
Ёшлар ўзаро тажриба алмашиб, келгусида Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.
Форумда Покистон Ислом Республикаси Бош вазирининг Ёшлар дастури вакили, Покистон Миллий Ассамблеяси аъзоси Амнаҳ Саида Батул ҳамда покистонлик илғор ва фаол ёш тадбиркорлар иштирок этди.
- Дунёнинг машҳур тадбиркорлари ўз бизнесларини 25 ёшгача бўлган даврида бошлаган экан, - дейди Амнаҳ Саида. – Ўзбекистонда ҳам, Покистонда ҳам аҳолининг 60 фоиздан зиёдини ёшлар ташкил этади. Кейинги йилларда ёш тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятлар турли лойиҳаларнинг амалга ошишига сабаб бўляпти ва улар бир-бирига ўхшаш. Икки давлат ёшлари ўртасида ўтказилаётган форумлар ҳамкорликни мустаҳкамлашга, янги, истиқболли стартап лойиҳалар амалга ошишига хизмат қилади.
Шунингдек, тадбирда Самарқанд вилоятидаги йирик саноат зоналарида фаолият юритаётган ёш раҳбарлар ва тадбиркорлар ҳам қатнашиб, икки томонлама ҳамкорлик имкониятлари юзасидан фикр алмашди.
Дилноза Аҳмадова.