“Савдогарлар устози” китобини ўқиганмисиз?

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида “Тадбиркорлик ҳафталиги” доирасида ўтказилган “Бизнес марафон”да “Юксалиш” ҳаракати асосчиси Муҳаммадали Эшонқулов шу саволни ўртага ташлади.

Залда йиғилган 500 нафарга яқин ёшларнинг аксарияти ўқимаганлиги маълум бўлди.

- Ўқимаганлар ўқиганлар, яъни қўл кўтарганларга қарсак чалиб қўйсин, - деди М.Эшонқулов ва зални қарсак овози қоплади. – Китоб ўқиш керак. Акс ҳолда умр бўйи қарсак чалиб юришларинг мумкин.

Ёшларни тадбиркорликка қизиқтириш, бизнес имкониятлари билан таништириш, шунингдек, бу борада халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакатимизда ва хорижда фаолият олиб бораётган таниқли тадбиркорлар иштирок этди.

Покистонлик тадбиркор Амнаҳ Сиеда, “MFaktor” асосчиси Хусан Мамасаидов, “FIntellect” лойиҳаси асосчиси Тамилла Курбанова, Ўзбекистоннинг биринчи металлург аёли Гулбаҳор Тожимирзаева ҳамда бошқа таниқли ишбилармонлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Тингловчи ёшларга реал кейслар, муваффақият стратегиялари ва стартапларни ривожлантириш масалалари бўйича тушунчалар берилди.

- Хато қилишдан қўрқмаслик керак, - дейди Гулбаҳор Тожимирзаева. – Мағлубият муваффақият учун қўйилган қадам эканлиги исботланган. Ўзим 17 ёшимда, бундан 15 йил аввал олий ўқув юртига киролмай муваффақиятсизликка учраганман. Бундан тушкунликка тушмаганман, аксинча ўқиш учун Хитойга йўл олганман. Талабалик давримда металлургия йўналишида фаолият олиб борадиган хитойлик тадбиркор билан танишиб, уни юртимизга таклиф қилдим. У бу ердаги имкониятларни ўрганиб, инвестиция киритди. Шу сабабли 25 ёшимда катта бир тадбиркорга, Ўзбекистонда ягона металлург аёлга айландим.

“Бизнес марафон”да қатнашган тадбиркорлар самарқандлик ёшларни қизиқтирган саволларга  атрофлича жавоб қайтарди.

Куннинг иккинчи ярмида муҳим халқаро тадбирлар - “Ўзбекистон - Покистон ёш тадбиркорлар форуми” ва “Ўзбекистон - Хитой ёшлар форуми” бўлиб ўтади.

Тўлқин СИДДИҚОВ, Дилноза АҲМАДОВА, Бахтиёр МУСТАНОВ.