“Долзарб 90 кун”: Таълим, ижод, спорт ва соғлом турмуш сари йўл

Самарқанд туманида ўқувчиларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этишга қаратилган “Долзарб 90 кун” дастури бошланди.
Дастур эрта тонгда туман ҳокимлиги, фаоллар, нуронийлар, ўқитувчи-мураббийлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакилларининг "Соғлом ҳаёт учун беш минг қадам" шиори остидаги пиёда юриш марафони билан бошланди.
Шундан сўнг иштирокчилар тумандаги 10- умумтаълим мактабида ташкил этилган долзарб ойлик очилишига бағишланган кўргазмали семинарда иштирок этди.
Тадбирда Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган лойиҳа доирасида 1 июндан 30 августгача мактаб ўқувчилари ва уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларни соғломлаштириш ва ҳар томонлама ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилиши такидланди.
- Жорий йилнинг 15 май куни Президентимиз раҳбарлигида мактаб таълими тизимидаги ислоҳотларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари Ғайрат Бобохолов. - Йиғилишда давлат раҳбари томонидан ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган “Долзарб 90 кунлик” дастури эълон қилинганди.
Мазкур масалада Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлими, маҳалла уюшмаси, туман ёшлар ишлари бўлимлари ҳамкорлигида туманимизда “Долзарб 90 кун” давомида умумтаълим мактабларидаги ўқувчилар ва маҳаллалардаги уюшмаган ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича 3 ойга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Ушбу дастурга асосан тумандаги 54 та умумтаълим мактабларида таҳсил олаётган 40 мингдан ортиқ ўқувчи тадбирларга қамраб олинади. Тадбирлани юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун минг нафардан ортиқ ўқитувчи ва мураббийлар жалб қилинади. Маҳалла ёшлар етакчилари томонидан тадбирларга жами мингга яқин уюшмаган ёшлар иштирок этиши кўзда тутилган.
“Долзарб 90 кун” тадбирлари давомида 156 та танлов, 98 та мусобақа ва 110 та турли тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Иштирокчилар ўқувчилар томонидан яратилган маҳсулотлар, спорт ўйинлари ва маънавий-маданий тадбирлар билан танишди.
Бахтиёр Мустанов.