Айрим ҳоким ёрдамчилари ишсизлар ёки ночор оилалар ҳақини ўғирлади

Вилоят коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Ҳудудий кенгаш раиси Ш.Негматов олиб борган йиғилишда кенгаш аъзолари, вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик ҳамда солиқ бошқармалари раҳбар ва ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда дастлаб жорий йилнинг 5 март куни Давлатимиз раҳбари томонидан Коррупцияга қарши курашиш Миллий Кенгашининг йиғилишида давлат ва жамият келажагига таҳдид бўлган бу иллатга қарши курашишни янада жадаллаштириш бўйича берилган топшириқлар ижроси, бу борада вилоятимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар “Йўл харитаси” ишлаб чиқилгани ҳамда давлат органларида коррупция ва уни келтириб чиқараётган сабаб ва шарт-шароитлар ўрганиб борилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Шунга кўра, йиғилишда вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси тизимида коррупцияга йўл қўйилиши мумкин бўлган ҳолатлар кўриб чиқилди.

Таъкидланишича, янги иш ўринлари яратиш ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш мақсадида 2023-2024 йилларда ва жорий йилнинг 4 ойида вилоятдаги банк муассасалари томонидан 98 минг фуқарога 1 трлн. 803 млрд. сўм кредитлар ажратилган, 12,1 минг нафарига 63 млрд. сўмлик субсидиялар берилган ва 207 минг нафари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилган. 2024 йил ва жорий йилнинг 4 ойида 433 мингта янги иш ўрни ташкил қилиниб, ишсизлик даражаси 6,6 фоиздан 5,4 фоизга камайган ҳамда 11,6 мингта оилада 55,2 минг фуқаро камбағалликдан чиқарилган. Вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасининг ташаббуси билан давлат меҳнат инспекциясининг 29 нафар инспекторлари планшетлар билан таъминланиб, республикада илк бор маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатларини электрон шаклда расмийлаштириш амалиёти йўлга қўйилган.

Бироқ, таҳлиллар аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишда рақамлаштириш ва янгича ёндашувлар жорий қилиниши билан бирга соҳада манфаатлар тўқнашувига оид ҳамда коррупцияга мойил бўлган муносабатлар сақланиб қолаётганлигини, айрим йўналишларда кўпайиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, бир гуруҳ ҳоким ёрдамчилари ҳалол ишлаш ўрнига “ишсизлар ёки ночор оилалар ҳақини ўғирлаш”ни “касб” қилиб олган. Оқибатда улар жиноий жавобгарликка тортилган. Бундай ҳоким ёрдамчилари сони 2023 йилда 14 нафарни ташкил этган бўлса, 2024 йилда 30 нафарга етган, 2025 йилнинг 4 ойида эса 19 нафар бўлган. Талон–торож қилинган субсидия, нафақа ва кредит маблағлари миқдори эса 2023 йилдаги 1,3 млрд. сўмдан 2024 йилда 4.2 млрд. сўмга, 2025 йилнинг 4 ойида 3 млрд. сўмга етган.

200 нафарга яқин ҳоким ёрдамчилари айнан иқтисодий жиноятларни содир қилган, уларнинг бир гуруҳи бу турдаги қилмишлар учун такрор жиноий жавобгарликка тортилган. Ажабланарлиси, бугунги кунда улардан 17 нафари пробация ҳисобида туриб, суд томонидан тайинланган жазоларни ўтамоқда ва 5 нафари лавозимда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинганлигига қарамасдан ўз жойида ҳамон ишлаб келмоқда.

Йиғилишда ишсизликнинг олдини олиш, бандликни таъминлаш борасидаги ишлар ҳам таҳлил қилинди. Таъкидланишича, тартиб-таомилга кўра, ишсиз фуқароларни иш билан банд қилгани учун корхоналарга асбоб–ускуналар сотиб олишга субсидиялар ажратилади. Бироқ, амалда иш билан банд бўлган ёки ўзини–ўзи банд қилган 155 нафар фуқаро учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробаригача миқдорда субсидиялар берилган.

Бундай ҳолатларга Каттақўрғон шаҳрида, Каттақўрғон, Нуробод, Нарпай, Жомбой, Оқдарё, Булунғур Самарқанд ва Пайариқда йўл қўйилган. Масалан, бандлик органларининг “бевосита ёрдами” билан Нурободда “Улуслик касаначилар” МЧЖ 117 млн. сўм, Самарқанд шаҳрида “Иброҳим Насиба” МЧЖ 113 млн. ва Оқдарёда “Яҳё Ота Файз” МЧЖ 70 млн. сўмни мақсадсиз ва самарасиз ишлатиб юборган.

Шу каби, Бандлик вазирлиги томонидан ишсизларни касб-ҳунарга ўқитиш учун ажратилган 123 млн. ва жамоат ишларига жалб қилинган фуқаролар учун 168 млн. сўм маблағ талон-торож қилинган.

Йиғилишда вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи Темур Маҳмудов юқоридаги коррупцион ҳолатлар бўйича изоҳ берди. Уларни бартараф этиш, тизимни коррупциядан холи бўлган соҳага айлантириш мақсадида ишларни қайтадан кўриб чиқиш бўйича таклифларини билдирди.

Шунингдек, вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Э.Толлиев ҳудудий Кенгашнинг аввалги йиғилишида айтилган камчиликларни ҳал этиш, солиқ хизмати турларини рақамлаштиришни таъминлаш, бозорлар фаолияти кузатувини ситуацион марказга улаш борасида амалга оширилган ишлар бўйича маълумот берди.

Йиғилишда жойларда коррупцион ҳолатларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, соҳаларни рақамлаштириш, очиқлик ва ҳисобдорликни таъминлаш бўйича раҳбарларга аниқ вазифалар белгиланди.