Вилоят раҳбари археолог олимлар билан учрашди

Археология институтида Самарқанд тарихи, маданияти, меъморий ва археологик ёдгорликларини ўрганиш бўйича вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик Кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.

Хабарингиз бор, жорий йилнинг февраль ойида вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Адиз Бобоев зиёлилар ва тарихчи-олимлар билан ўтказилган учрашувда Самарқанд тарихини ўрганиш, Амир Темур саройининг жойлашиш ўрнини комплекс тадқиқ қилиш, тарихий объектларни илмий ўрганиш ва реставрация қилиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берган эди.

Вилоят раҳбари, институт олимлари, таниқли археологлар иштирок этган йиғилишда ана шу вазифалар ижроси ҳақида сўз юритилди.

- 2007 йилда Самарқанднинг 2750 йиллигини нишонлагандик, - дейди СамДУ доценти Маҳмуд Насруллаев. - Кейинги йилларда археолог олимларимиз томонидан олиб борилаётган қазишма ишлари натижасида кўҳна кент 3 минг йилдан зиёдроқ тарихга эга эканлиги маълум бўлмоқда. Бугунги тадбирда устозимиз, археолог олим Муҳаммаджон Исомиддинов берган илмий маълумотида шаҳардан 30 километр нарида жойлашган Кўктепа ёдгорлигида олиб борилган қазишма ишлари натижасида ўша ердаги маданий қатлам, шаҳарнинг шаклланиш жараёни эрамиздан аввалги XIV асрга бориб тақалиши асосланган.

Йиғилишда Кўксарой майдони, Кўктепа ва Афросиёб ёдгорликларида амалга оширилаётган қазишма ишлари тўғрисида маълумотлар берилди.

Дилноза Аҳмадова.