Самарқанд тумани аҳолиси қаерда дам олади? Болалар қайси аттракционлардан фойдаланади?
Туманда ҳалигача истироҳат боғи йўқ. Ваҳоланки, 2010 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2011 - 2015 йилларда маданият ва истироҳат боғларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланганди. Ушбу ҳужжатда, маданият ва истироҳат боғлари шаҳар, туман ҳокимликлари муассислигида давлат корхонаси шаклида ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилган.
Бироқ, орадан 10 йил ўтган бўлишига қарамай Самарқанд туманида ҳанузгача маданият ва истироҳат боғи йўқ. Нима, Самарқанд тумани аҳолиси ҳеч бўлмаса ишдан кейин фарзандлари билан сайр қилишни, улар билан маданий ҳордиқ чиқаришни истамайди, дейсизми?
Туман ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Шуҳрат Жумаевга шу масала юзасидан мурожаат қилганимизда маданият ва истироҳат боғини барпо этиш учун ер ажратиш масаласи кўрилганини, бу ишга туман маданият бўлими масъул ҳисобланишини билдирди.
Қизиқ, қурилиш, ободонлаштириш масаласи билан шу соҳа бўйича ўринбосар эмас, уни қабул қилиб оладиган ташкилот масъул бўлса-я.
Туман маданият бўлими мутахассиси Маъруф Тошпўлатов тақдим этган маълумотга кўра, 2018 йил 7 июлда туман ҳокимининг "Самарқанд тумани масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Янгиариқ агротехсервис” агрофирмаси ҳудудидан маданият ва истироҳат боғи қуриш учун ер майдони ажратиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унда туман “Янгиариқ агротехсервис” агрофирмаси ер харитасининг 312-контуридан 5 гектар ер майдони ажратилиши белгиланган. Боғнинг лойиҳа таклифи тайёрланган. Аммо иш ушбу лойиҳа таклифи билан якунланган.
Ҳукумат қарорига эътибор қилинса, маданият ва истироҳат боғларида аҳоли, айниқса, болалар ҳамда ўсмир ёшларнинг маданий дам олиши учун қулай шарт-шароит яратиш кўзда тутилган. Хусусан, боғда болаларнинг мўъжаз спорт майдончалари, аттракционлар, сув ҳавзалари, шунингдек, рақс ва кўчма цирк учун мўлжалланган майдончалар, амфитеатр, шинам ўриндиқлар барпо этилиши керак эди.
Самарқанд туманида “Вавилон” ва шунга ўхшаш дам олиш жойлари борку, деб эътироз билдирувчилар бўлиши мумкин. Бироқ, уларнинг қай бирида аттракционлар ва кўнгилочар ўйинлар қурилмаларининг ихчам, қулай ва замонавий турлари ўрнатилган?
Майли, туман ҳокимлиги мутасаддилари аҳолини, айниқса, болаларни ўйламас. Аммо ёзги таътил даврида болалар ва ўсмирларга мўлжалланган маданий-оммавий ҳамда спорт тадбирлари ўтказилишини айнан маданият ва истироҳат боғларида йўлга қўйиш белгиланган. Хўш, Самарқанд туманида ёшлар иттифоқи, тегишли ташкилотлар бундай тадбирлар ўтказмайдими? Ўтказаётган бўлса, унда қаерда ўтказяпти? Коллеж ёки мактабнинг иссиқдан “тутаб” бораётган спорт залидами?
Юқоридаги қайд қилинган ҳукумат қарорида ёз мавсумида аҳолининг турли қатламларини жалб этган ҳолда айнан маданият ва истироҳат боғларида кўрик-танлов, фестиваль ва кўргазмалар, турли спорт мусобақалари ташкил этиш белгиланган. Хўш, Самарқанд туманида нима учун бу иш йўлга қўйилмаган?
Саволлар кўп. Бироқ туман мутасаддилари бу масалага “ўзи бўлар” қабилида иш тутмоқда. Нега вилоятда шу соҳага масъул бўлган ташкилотлар ҳам панжа орқасидан қарамоқда?
Негаки, Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан 12 та маданият ва истироҳат боғи фойдаланишга топширилган.
Самарқанд, шу билан бирга Қўшработ, Пахтачи, Оқдарё ва Нуробод туманларида бугунги кунгача маданият ва истироҳат боғлари ташкил қилинмаган. Хўш, бунга ким жавоб беради?
Бахриддин ХОНКЕЛДИЕВ.