Иқтидорли битирувчилар “Самарқанд келажак жавоҳирлари” истиқболли кадрлар захирасига олинди

Самарқанд давлат чет тиллар институтида вилоят ҳокимлиги ташкилий кадрлар гуруҳи раҳбари Бекзод Раҳматуллаев 2024-2025 ўқув йилида олий таълим муассасасини битираётган раҳбарлик ва лидерлик қобилиятига эга бўлган иқтидорли битирувчи ёшлар билан учрашди.
Кейинги йилларда билимли ёшлар орасидан вилоят ҳокимлигининг истиқболли кадрлар захираси шакллантириб борилмоқда. Масалан, 2020 йилда 331 нафар иқтидорли битирувчи истиқболли кадрлар захирасига олинган бўлса, 2024 йилда 542 нафар битирувчи захирага олинган. Айни пайтда вилоятда 2356 нафар захирадаги истиқболли ёшлар бор.
Бугун захирага олинган истиқболли кадрлар вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларининг тавсиясига асосан халқ хўжалигининг турли соҳаларида самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Бу борада ёш кадрларнинг иш фаолиятини янада такомиллаштириш, лавозимга босқичма-босқич кўтариш ва бошқа ёшларга шахсий намуна бўлишлари учун тегишли шарт-шароитлар яратиш ишлари тизимли йўлга қўйилган.
- Жорий йилда ҳам вилоятимиздаги олий таълим муассасаларини битираётган ҳар томонлама билимли ва ташаббускор ҳамда лидерлик қобилиятига эга бўлган 602 нафар иқтидорли битирувчиларни вилоят ҳокимлигининг “Самарқанд келажак жавоҳирлари” истиқболли кадрлар захирасига олдик, – деди Б.Раҳматуллаев. – Уларнинг ишга жойлашувига ёки магистратура босқичида ўқишини давом эттиришига имкон қадар ёрдам берамиз.
Давра суҳбатида ҳар бир битирувчининг келажакдаги режалари тингланди ва уларга амалий ёрдам бериш, ишга жойлашишга кўмаклашиш ваъда қилинди. Шунингдек, битирувчилардан Мадинабону Ражабова ўзбек тили музейини очиш тўғрисида таклиф берди.