“Ташаббусли бюджет”: 129 овоздан 17083 тагача

“Ташаббусли бюджет” жараёнининг жорий йилдаги иккинчи мавсумида вилоятимизда 320,4 миллиард сўмлик 220 та лойиҳа ғолиб деб топилди.
Аҳолининг ташаббуслари асосида ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, қулай турмуш шароити яратиш, таълим ва тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган “Ташаббусли бюджет” жараёни бугун анча оммалашди. Аҳоли, аввало, энг зарур эҳтиёждан келиб чиқиб, ташаббусларни илгари сурмоқда ва ғолиб бўлиш учун ҳаракат қиляпти. Энг асосийси, ғолиб деб эътироф этилгач, лойиҳанинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишида ҳам фаол иштирок этмоқда ва самарали жамоатчилик назорати ўрнатилмоқда.
Вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармасининг маълумотларига кўра, “Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилдаги биринчи мавсумида 319 миллиард сўмлик 217 та лойиҳа ғолиб деб топилган. Шу пайтгача бу лойиҳаларнинг 99 таси бажарилиб, фойдаланишга топширилди. Қолган лойиҳалар бўйича ишлар давом этмоқда.
– 31 август куни овоз бериш жараёнлари якунланган иккинчи мавсумда вилоят бўйича 1966 та лойиҳа шакллантирилиб, уларнинг 1668 таси саралашдан ўтди ва овозга қўйилганди, - дейди вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси маҳаллаларнинг молиявий таъминотини таъминлаш ва фуқаролар ташаббусли бюджети жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича бош мутахассиси Қуддус Исмоилов. – Бу лойиҳалар учун 1 миллион 400 мингга яқин овоз тўпланди ва 220 та лойиҳа 1 миллион 204 минг овоз билан ғолиб деб эътироф этилди. Ҳудудлар кесимида қаралганда, овоз бериш жараёнларига аҳолининг жалб этилиши Каттақўрғон туманида энг юқори (69 фоиз, жами 206 минг овоз) бўлди. Шунингдек, Ургут ва Паст Дарғом туманларида ҳам аҳолининг (50 фоиз) фаол иштироки кузатилди. Ғолиб лойиҳалар учун энг кўп овоз Ургут (17083-14717), Каттақўрғон (11369-10498) ва Паст Дарғом (10551-5749) туманларида тўпланган бўлса, энг ками Каттақўрғон (1140-129) ва Самарқанд шаҳарларида (2344-1187) қайд этилди. Иккинчи мавсумда вилоятдаги 186 маҳалланинг лойиҳалари ғолиб деб топилди. Жумладан, Самарқанд шаҳрида 18 та, Паст Дарғомда 17 та, Ургут, Иштихон ва Самарқанд туманларида 14 тадан маҳалла лойиҳалари энг кўп овоз олди.
Ғолиб лойиҳаларнинг 140 таси маҳаллалардаги ички йўлларни таъмирлаш билан боғлиқ бўлса, 37 таси мактаб, 19 таси тиббиёт муассасалари қурилиши ва жиҳозланишига тегишли. Бундан ташқари, маҳаллаларда боғча, спорт иншоотлари ташкил этиш, электр таъминотини яхшилашга қаратилган лойиҳалар ҳам бор.
Дарвоқе, шу йилнинг 29 август куни Президентимиз томонидан “Ташаббусли бюджет жараёнларини такомиллаштириш доирасида халқ вакиллари ва сайловчилар ўртасида ҳамкорликни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг сиёсий фаоллигини ва сайловчилар олдидаги масъулиятини янада оширишга қаратилган қарорда белгилаб қўйилганидек, 2026 йил 1 январдан бошлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳар йили ташаббусли бюджет жараёнлари доирасида тегишли сайлов округларида ғолиб бўлмаган лойиҳалар орасидан аҳолининг кундалик ҳаётига ва ҳудудни ривожлантиришга бевосита таъсир қиладиган иккита лойиҳани (ҳар мавсумда биттадан) сайловчиларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда «Очиқ бюджет» ахборот порталида танлайди ва мазкур танлов лойиҳани Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан молиялаштириш учун асос ҳисобланади. Ғолиб бўлмаган лойиҳаларни молиялаштириш учун ҳар бир депутатга базавий ҳисоблаш миқдорининг саккиз минг баравари (салкам 3 миллиард 296 миллион сўм) миқдоридаги маблағ ҳар йилги республика бюджетида назарда тутилади.
Шунингдек, қарорга кўра, 2026 йил 1 февралдан “Ташаббусли бюджет”да айрим лойиҳаларни аҳоли ва давлат ўртасида шериклик асосида молиялаштириш амалиёти йўлга қўйилади. Бунда аҳоли томонидан лойиҳалар қийматининг 50 фоизи ихтиёрий молиялаштирилганда лойиҳалар ғолиб деб топилади ва қолган 50 фоизи республика бюджетидан молиялаштирилади.
Қарор билан 2025 йил 1 сентябрдан маҳаллалари сони 15 ва ундан кам бўлган туман ва шаҳарлардаги барча маҳаллалар ҳамда аҳоли ва давлат ўртасида шериклик асосида молиялаштириладиган лойиҳаларга “Ташаббусли бюджет” жараёнлари доирасида сўнгги мавсумларда кетма-кет икки маротаба ғолиб деб топилган маҳаллалар учун навбатдаги икки мавсумга лойиҳа киритиш имконияти чеклови қўлланилмайди.
Ғолиб Ҳасанов.