Тадбиркорлар маҳалла учун шифохона қурди

Ургут тумани Сой Ғўс маҳалласида тадбиркор томонидан 5 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилган поликлиника ва тез ёрдам шохобчаси фойдаланишга топширилди.

5 минг 800 дан ортиқ аҳоли истиқомат қилувчи мазкур маҳалла фуқаролари шу пайтгача 20-Ғўс оилавий поликлиникаси хизматидан фойдаланиб келарди. Ҳудудда аҳолининг кўплиги ва қатновдаги қийинчилар одамлар учун кўплаб ноқулайликлар туғдирарди. Ана шундай вазиятда маҳалла тадбиркорларидан бири ўз маблағи ҳисобидан поликлиника қуриб беришни ўз зиммасига олди ва 5 ой ичида бу иш амалга оширилди.

20 хонадан иборат муассаса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли дастури асосида жиҳозланиб, аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш учун имконият яратилди ва биринчи типдаги 51-оилавий поликлиника ташкил этилди.

– Маҳалла аҳли эндиликда шу ерда оилавий шифокор назоратида бўлиб, тор соҳа мутахассислари кўригидан ўтиши, турли таҳлилларни топшириши мумкин, – дейди 51-оилавий поликлиника мудири Нишонбой Нурматов. – Шунингдек, 6 ўринли кундузги стационар ҳам мавжуд. Бу ҳудуд аҳолиси учун жуда катта қулайлик бўлди ҳамда 20-Ғўс оилавий поликлиникаси юкламасини ҳам камайтирди. Шу пайтгача маҳалла марказидаги иккита хонада фаолият олиб борган тез тиббий ёрдам шохобчаси учун ҳам янги бинодан жой ажратилди.

Шунингдек, ҳудуддаги Сой Гузар маҳалласида 40 ўринли реаблитация маркази ҳам фойдаланишга топширилди. Эътиборлиси, мазкур бино ҳам маҳаллий тадбиркор томонидан ҳомийлик асосида қурилиб, аҳолига туҳфа қилинди. Марказ ҳудуддаги беш маҳалла аҳолисига тиббий хизмат кўрсатади.
Янги биноларнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими А.Бобоев иштирок этиб, эзгу ишга бош қўшган тадбиркорларга миннатдорлик билдирди, тиббий муассасаларда яратилган шароит ва имкониятлар билан танишди.