Йил якунигача вилоятда қирққа яқин спорт майдончаси қурилади
Уларнинг техник ҳолатига ким жавобгар бўлади?
2022–2025 йилларда вилоятда аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда замонавий спорт инфратузилмасини яратиш мақсадида спорт вазирлиги томонидан 143 та спорт майдончаси барпо этилган.
Уларнинг 56 таси универсал, 67 таси стрит-воркаут ва 20 таси воркаут спорт майдончаларидир. Мазкур иншоотларнинг 43 таси маҳаллаларда, 96 таси умумтаълим мактабларида, 3 таси спорт-таълим муассасаларида ҳамда биттаси фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳудудида қурилган.
– Йил якунига қадар вилоятда яна 37 та спорт майдончасини барпо этиш режалаштирилган, – дейди вилоят спорт бошқармаси бош мутахассиси Нуриддин Мавлонов. – Айни пайтда ўтган йил “Беш ташаббус олимпиадаси”да ғолиб бўлган ёшлар маҳалласига 20 та спорт майдончаси қурилмоқда. Уларнинг 10 таси универсал, 5 таси стрит-воркаут ва 5 таси воркаут майдончаларидир.
Шунингдек, “Tashabbus.sport.uz” лойиҳаси доирасида энг кўп овоз тўплган маҳаллаларда 16 та спорт майдончасини қуриш учун рухсатномалар расмийлаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа доирасида 3 та универсал ҳамда 13 та стрит-воркаут майдончаси барпо этилади. Бундан ташқари, спорт вазирлиги томонидан Самарқанд тумани Қозоққўрғон маҳалласи ҳудудида яна бир универсал спорт майдончаси қурилиши белгиланган.
Президентнинг 2023 йил 28 июлдаги “Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини ривожлантириш ва спорт майдончаларидан самарали фойдаланишни ташкил этишчора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, спорт майдончаларининг жойлашув ҳудудидан қатъи назар, жумладан таълим ташкилотлари ҳудудидаги майдончалар ҳам дарсдан ташқари вақтларда барча фуқаролар учун бепул ва вақт чекловисиз фойдаланишга тақдим этилади. Шунингдек, спорт майдончаларидан самарали ва мақсадли фойдаланишни ташкил этиш маҳаллалардаги ёшлар етакчилари ҳамда профилактика инспекторлари томонидан амалга оширилади.
– Президент қарорига кўра, маҳаллаларда барпо этилган спорт майдончаларининг техник ҳолатини назорат қилиш, улардан самарали фойдаланишни таъминлаш ва жорий таъмирлаш ишларини ўз вақтида амалга ошириш балансда сақловчи ташкилотлар зиммасига юклатилган, – дейди Нуриддин Мавлонов. – Шу билан бирга, спорт майдончаларининг тозалигини сақлаш ва атрофини ободонлаштириш ишлари учун камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузуридаги жамоат ишлари жамғармаси маблағлари ҳисобидан битта штат бирлиги ажратилиши белгиланган.
Афсуски, аксарият ҳудудларда мазкур штат бирлиги ажратилмагани сабабли спорт майдончалари қаровсиз қолмоқда. Хусусан, ўтган йиллар давомида ўтказилган ўрганишлар давомида спорт майдончаларидаги тунги ёритиш чироқлари шикастлангани, тўр сеткалари, резина қопламалар ҳамда бошқа спорт жиҳозлари яроқсиз ҳолатга келиб қолгани аниқланди. Шу боис спорт майдончаларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг техник ҳолатини асраш учун балансда сақловчи ташкилотлар ҳамда маҳалла фаоллари ҳамкорликда ишлаши, ҳар бир майдончага масъуллар бириктирилиши зарур. Шундагина объектлар аҳолига узоқ йиллар хизмат қилади.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.