Самарқандда “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловининг Республика босқичи бошланди

Ҳар бир ғолиб 576 миллион 800 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланади
 
Бугун вилоят Педагогик маҳорат марказида “Йил ўқитувчиси” кўрик-танловининг учинчи босқичига старт берилди.
Танловнинг очилиш маросимида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Рустам Йўлдошев сўзга чиқиб, кейинги йилларда мамлакатимизда ўқитувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг касбий салоҳияти ва нуфузини янада юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.
Иштирокчиларга танлов синовларини ўтказиш тартиби, баҳолаш мезонлари ҳамда танлов жараёнининг асосий талаблари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шундан сўнг очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида қуръа ташлаш жараёни ўтказилиб, ҳар бир педагогнинг танлов синовларида иштирок этиш кетма-кетлиги аниқланди.

28-30 июль кунлари давом этадиган мазкур босқичда республиканинг 208 та туман ва шаҳарларидан сараланган 416 нафар педагог ўзининг касбий маҳорати, билими ҳамда инновацион ёндашувларини намойиш этади.

Танловда вилоятимиздан 32 нафар педагог иштирок этмоқда. Улар таълим сифати ва самарадорлигини ошириш, замонавий педагогик технологияларни амалиётга жорий этиш ҳамда ўз касбий салоҳиятини намоён этиш йўлида ўзаро беллашадилар.
Танлов якунларига кўра, вилоятимизнинг ҳар бир туман ва шаҳарларидан 1 нафардан 16 нафар, республика бўйича эса 208 нафар педагог ғолиб деб топилади. Ҳар бир ғолиб базавий ҳисоблаш миқдорининг 1400 баравари миқдоридаги, яъни 576 миллион 800 минг сўм пул мукофоти билан тақдирланади.