Иштихонлик мактаб ўқувчиси 5 та мамлакатда 5 тилда қўшиқ куйлади

Турли тилларда маҳорат билан куйлай оладиган ёш истеъдод эгаси Нозима Муҳаммадиёрова Иштихон туманида оддий ҳунармандлар оиласида туғилиб, ўсди.

У тумандаги 1-ихтисослаштирилган мактабнинг 10-синф ўқувчиси. Ёш бўлишига қарамасдан кўплаб ютуқларни қўлга киритган. Турли халқаро фестиваль ва танловларда юқори натижаларга эришиб келяпти.


- Болалигимдан санъатга қизиқишим кучли бўлган, - дейди у. – Катта отам, яъни аямнинг дадаси Ғулом Орзуев маданият ходими эди. Мендаги истеъдод шу кишидан ўтгандир балки. Фақат бу йўналишни танлашимда жуда кўп қаршиликлар бўлган. Орзуларимни амалга оширишимда бувим мени қўллаб-қувватлаган ва бугун натижалар сезила бошлади. Бирлашган араб амирликлари, Туркия ва Испания каби мамлакатларда ўтказилган халқаро фестивалларда қатнашиб, юқори натижаларни қўлга киритиб қайтганман. Келгусида Ўзбекистон фарзанди сифатида жаҳонга танилиш ва “Оскар” мукофотини қўлга киритиш асосий мақсадим.
Нозима Муҳаммадиёрова яқинда ЮНЕСКО ташкилоти томонидан Хитойда ўтказилган ёшлар ҳафталигида ҳам иштирок этиб, ўзбекча куйлади. Махсус сертификатни қўлга киритиб, Ўзбекистонга қайтди.

Эъзоза Мейлиева,
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов (фото+видео).