Сунъий интеллект кимни "ишдан бўшатади"?: Microsoft катта хавф остида бўлган касбларни номлади

Сунъий интеллект жадал ривожланиб бориши туфайли 40 дан ортиқ касблар хавф остида бўлиб қолди.

Microsoft ўтказган тадқиқот ҳужжатларни мунтазам қайта ишлаш, коммуникация ва такрорий ҳаракатлар билан боғлиқ касблар хавф остида бўлганлиги ҳақидаги маълумотларни тақдим этди.
Рўйхатдан таржимонлар, журналистлар, муҳаррирлар, телемаркетчилар, колл-марказ операторлари, стюардессалар, архивчилар ва бошқалар жой олган.

Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, бу соҳаларда тобора кўпроқ вазифалар нейрон тармоқлар ва рақамли ечимлар ёрдамида амалга оширилмоқда.
Жисмоний меҳнат, қўл маҳорати ёки одамлар билан бевосита алоқа қилишни талаб қиладиган касблар, жумладан, ҳамширалар, жарроҳлар, қутқарувчилар, механиклар ва ускуналар операторлари “нишон остида” эмаслиги алоҳида таъкидланди.

"Сунъий интеллект ишчиларни оммавий сиқиб чиқариб, улар ўрнини тўлиқ эгаллаб олиши муқаррар эмас", дея таъкидлайди мутахассислар. Янаям аниқроқ қилиб айтиладиган бўлса, сунъий интеллект уларнинг ўрнини тўлиқ босмасдан, инсон меҳнатини мукаммалаштиради. Бир пайтлар банкоматлар банкларни йўқ қилмасдан, фақатгина улар ишини ўзгартириб қўйганидек, сунъий интеллект ҳам касб эгаларини ишини осонлаштириб юбориши мумкин.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.