Фронтдан мактуб: Аҳмаджон урушда эканини фарзандлари билмаслигини истаган
Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистон халқи жанг майдонларида ва фронт ортида улкан жасорат ва матонат кўрсатиб, фашизм устидан қозонилган ғалабани таъминлашга муносиб ҳисса қўшган. Урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан ортиғи ҳалок бўлди, 133 мингга яқини бедарак йўқолди, 60 мингдан зиёди ногирон бўлиб уйларига қайтди.
Айни пайтгача Иккинчи жаҳон уруши ҳақида, ушбу машъум уруш ҳалқимиз бошига неча-неча кулфатларни солгани хусусида бир қанча мақолалар эълон қилинган, китоблар нашр қилинган. Бироқ шу билан урушнинг оқибатлари, айниқса фронтда жанг олиб борган ватандошларимиз ва уларнинг яқинларининг бошидан кечирган қийинчиликлари хусусида янги ва янги манбалар топилаверади.
Самарқанд давлат музей-қўриқхонасида 80 дан ортиқ фронтда ёзилган мактублар сақланади. Ушбу мактублар Иккинчи жаҳон урушида иштирок этаётган аскарлар томонидан ўзларининг яқинларига ёзилган бўлиб, ўтган асрнинг 50-80 йилларида музей-қўриқхона илмий ходимлари томонидан тўпланган. Қуйида мактублардан бирини тўлиқ ҳолда эълон қиламиз.
Ушбу мактуб Ҳусния Жалилова томонидан 1965 йилда топширилган ва унинг турмуш ўртоғи томонидан ёзилган. Эътиборлиси, хат муаллифи Аҳмаджон жанг олови ичида бўлса-да, уруш ҳақида ёзмаган. Катта эҳтимол билан у урушда эканини фарзандлари билмаслигини истаган.
Ҳ.Жалилова уруш йилларида Тожикистоннинг Ленинобод вилояти, Шаҳристон туманида яшаган. Хат топширилган вақтда Самарқанд шаҳри Комсомольская кўчаси 26-уйда истиқомат қилган.
Мактуб тузилиши ва тили ўзгаришсиз ҳолатда эълон қилинмоқда.
“Ахмаджон томонидан соғинчли салом. Ман соғ, сан қадрдон ёримни, азиз болагиналарим Эркинжон, Шавкат залотойимни, Жонон, Жаҳонларни соғиндим.
Хусния ман сизларнинг хатларингни олмаганим учун кўп хафа эдим. 4 январ 1943 йилда Эркинжонни нозик қўлчалари билан чиройлик қилиб ёзган хатини, 10 декабр 1942 йилда Набижонни ёзган хатини, 15 феврал 1943 йилда санинг хатингни, 3 та хатни бир кунда олдим. Маъносига яхши тушундим, жуда хурсанд бўлдим. Санга хеч қандай ёрдам бермаганлар. Бу тўғрида Обком секретари ўртоқ Буланов ва Қаҳҳаровларга бугун хат ёздим. Сан янги уйга кўчибсан ва Самарқандга кетишга ҳаракатдаман дебсан. Шундай қилиш керакки, ишқилиб болаларинг билан тинчингни топ.
Манга азизим хат ёзиб тур. Ҳар кун хатни канда қилма. Бир иложини қилиб суратларингни юборсаларинг эди. Эркинжон зиқ бўлмасин. Мандан бутун ўртоқларим ва яқинларимга салом айт.
Ғоибона сизларни ўпиб Ахмаджон. 19.02.1943".
Нашрга тайёрловчи: Маҳмудхон Юнусов.