Футбол: “Динамо” яна ғалабага эришди

Бугун Самарқанднинг “Динамо” жамоаси Пролиганинг 3-турида Қорақалпоғистоннинг “Aрал самали” жамоасига қарши ўйин ўтказди. 

Биринчи бўлимнинг 7-дақиқасида бурчак тўпи билан бошланган комбинацияни "Динамо" футболчиси Олег Марчук гол билан якунлаган бўлса, 11-дақиқада “Aрал самали” вакили Науризбек Алимовнинг жаримадан йўллаган зарбаси ҳисобни 1:1 кўринишига келтирди.

Ўйиннинг 33-дақиқасига келиб, “Динамо”нинг украиналик яримҳимоячиси Олег Марчук дублга эришиб, жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди - 2:1. 38-дақиқада “Динамо”нинг яна бир футболчиси Тимур Усмонов ҳисобни 3:1 кўринишга келтирди.

Иккинчи бўлимнинг 68-дақиқасида “Aрал самали” жамоаси футболчиси Амир Абдиразиев ҳисобни қисқартирди - 3:2. 

Ўйинда бошқа гол урилмади ва “Динамо” жамоаси Пролиганинг 3-турида очколари сонини тўққизтага етказиб олди.

***

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш

Самарқандда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича олимпия захиралари коллежлари ўқувчилари ўртасида “Олимпия чўққилари” Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.

Чемпионатда республикамиздаги 8 та олимпия захиралари коллежларининг 100 нафардан ортиқ спортчилари беллашди.

Муросасиз кечган мусобақа якунига кўра, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Тошкент вилоятининг Чирчиқ олимпия захиралари коллежи жамоаси қўлга киритди. Фарғона олимпия захиралари коллежи эшкакчилари иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, Гулистон олимпия захиралари коллежи жамоаси учинчи ўрин билан кифояланди.

*** 

Чим устида хоккей

Самарқанд шаҳрида чим устида хоккей бўйича 2001-2005 йилларда туғилган 300 нафардан ортиқ ўғил болалар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди.

Мусобақа натижасига кўра, беллашувда вилоятимиз спортчилари биринчи ўринга сазовор бўлди. 

Ўғил болалар ўртасидаги баҳсда Андижон ва Хоразм вилояти жамоаси иккинчи ва учинчи ўринга эга чиқди. Қиз болалар ўртасида эса Хоразм иккинчи, Наманган вилояти эса жамоаси учинчи ўрин билан кифояланди.

*** 

Самбо 

Самарқанд шаҳридаги спорт якка кураши бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида самбо бўйича вилоят очиқ чемпионати ўтказилди.

180 нафардан ортиқ спортчи беллашувган мусобақада вилоятимиздан ташқари, Бухоро ҳамда Қашқадарё вилоятидан ҳам самбочилар қатнашди.

Шиддатли кечган мусобақа якунида самарқандлик самбочилар кучли эканликларини кўрсатиб, шоҳшупанинг юқорисидан жой олди. Медаль жамғариш бўйича қашқадарёликлар иккинчи, бухороликлар учинчи ўринни қулга киритди.  

*** 

Таэквондо ВТФ

Тойлоқ туманида “Спортни сев, спорт билан яша!” шиори остида ўғил ва қиз болалар ўртасида таэквондо ВТФ бўйича вилоят чемпионати бўлиб ўтди.

Унда 2004-2006 ва 2007-2009 йилларда туғилган 200 нафарга яқин спортчилар ғолиблик учун беллашди. Мусобақа якунида умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни Самарқанд шаҳридаги спорт якка кураши бўйича ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаби жамоаси эгаллади. Иккинчи ўринни Самарқанд шаҳар 2-сон БЎСМ ҳамда учинчи ўринни Тойлоқ тумани БЎСМ жамоаси қўлга киритди.

  *** 

Бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг

Самарқанд шаҳрида бодибилдинг, фитнес ва мас-рестлинг бўйича ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида вилоят очиқ чемпионати ташкил этилди.

Унда республикамизнинг барча вилоят ва Қорақалпоғистондан келган спортчилар куч синашди. Чемпионат якунида медаль жамғариш бўйича тошкентликларнинг қўли баланд келди. Вилоятимиз спортчилари иккинчи ўринни қўлга киритган бўлса, қашқадарёликлар учинчи ўринни эгаллади.

Ҳусан Элтоев.