ФВВ ходими каналда чўкаётган бир ёшли болани қутқариб қолди

Жорий йил 18 июнь куни соат 11:10 ларда Бекобод шаҳар Фавқулодда вазиятлар бўлими Ёнғин-қутқарув қисми қутқарувчиси, сержант Жасур Умирзоқов сув ҳавзаларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш бўйича профилактик тадбирларини олиб бораётганди.

Шунда у бехосдан Бекобод тумани Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан оқиб ўтувчи “Хосёз” каналида бир гўдак оқиб кетаётганлигини кўриб қолади. Дарҳол ўзини сувга ташлаб, гўдакни сувдан олиб чиқади ва унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, ота-онасига топширади.

Воқеа жойига чақиртирилган “Тез ёрдам” шифокорлари эса болани шифохонага олиб кетишади.

Қутқариб қолинган гўдак Бекобод туманидаги Ўзбекистон маҳалла фуқаролар йиғинининг Боғ кўчаси, 50-уйда яшовчи, 2019 йил 12 январда туғилган, вояга етмаган Карина Саиджон қизи Холматова эканлиги маълум бўлди.

Ҳозир гўдакнинг соғлиғи яхши.