Ғаройиб шаклларга эга ороллар
Сайёрамизда ноёб шакллар ва кутилмаган қиёфага эга жуда кўп ажойиб табиий объектлар мавжуд. Масалан, кузатувлар баъзи ороллар вақти-вақти билан майдони, рельефи ва контурларини ўзгартириб туришини кўрсатди. Дунёда энг зўр ландшафт дизайнер - она табиатнинг ўзи яратган ҳайратланарли, маъноли ва ўзига хос ороллар бор.
Мальдив оролларидаги кўз-ороллар
Мальдив ороллари нафақат ҳашаматли меҳмонхоналари, қордек оппоқ қумлари ва кўм-кўк сувлари билан ўзига жалб қилади, архипелагдаги баъзи ороллар осмонга қараётган инсон кўзига жуда ўхшайди. Агар сиз уларга юқоридан қарасангиз, ҳатто кўз қорачиғи ва унинг рангдор пардасини ҳам кўришингиз мумкин.
Севишганлар ороли (Хорватия)
Хорватиянинг Задар шаҳри яқинидаги Пашман каналида Галешняк ороли жойлашган бўлиб, унинг шакли юракнинг умумий қабул қилинган график контурларига деярли мос келади. 132,5 минг квадрат метрдан иборат катта ҳажмли оролда аҳоли яшамайди ва у хусусий шахсга тегишли. Гарчи эгаси келажакда уни безаб турадиган анжир дарахтларини ўтқазган бўлса-да, унда ёввойи ҳайвонлар йўқ, ўсимликлар ҳам жуда сийрак.
Novate.ru муаллифларининг фикрича, бутун дунё бўйлаб рамзий оролда асал ойини ўтказишга рухсат ола олмаган ошиқ-маъшуқлар ҳеч бўлмаганда тўй маросимларини ташкил қилиш бўйича унинг эгаси билан музокаралар олиб боришга ҳаракат қилиб келишади.
Гавайидаги Ярим ой ороли
Мауи ороли қирғоғида жойлашган Молокини кичик ороли (0,15 кв.км) Тинч океанининг сув юзасида ўрнашиб олган ярим ойга жуда ўхшайди. Ярим ой ороли атрофидаги сувнинг шаффофлиги (кўриниш 46 метр!) чуқурлик, маржон рифлар ва мафтункор биологик хилма-хилликка қизиқадиган ғаввосларни мафтун этган энг машҳур манзилга айланган.
Ўпка шаклли орол, Флорида (АҚШ)
Шифокорлар ва инсон анатомияси билан у ёки бу тарзда таниш бўлганлар томонидан дарҳол тан олинадиган, инсон ўпкасини эслатувчи бу орол бир вақтнинг ўзида Мексика кўрфази, Атлантика океани ва Флорида бўғозлари томонидан ювиладиган Флорида Кейс маржон архипелагининг бир қисмидир. Орол хусусий бўлиб, унда дам олиш маскани, сузиш ҳавзалари ва спорт майдончалари қурилган қароргоҳ бор, шу сабабли эгасининг ўпкалари доимо соғлом бўлиши кафолатланган.
Галапагос оролларидаги денгиз оти шаклидаги Исабелла ороли (Эквадор)
Тинч океанининг Галапагос ороллари архипелагига қуш учадиган баландликдан қараган одам дарҳол бу оролларнинг энг каттаси денгиз оти каби кўринишни акс этишини пайқайди. Тўрттаси доимий фаолликда бўлган олтита вулқон Исабела оролида 2 минг аҳоли ва кўплаб экзотик ҳайвонларга бошпана берган ғаройиб ер шаклини ҳосил қилган.
Тинч океанидаги Гуишан тошбақа-ороли (Тайвань)
Тинч океанининг сувларида тошбақага ўхшаш орол жойлашган. Бу Тайваннинг Илань округидаги ягона фаол вулқон. Хавфсиз даврларда бу ерга сайёҳлар ташриф буюришади, чунки унинг баланд қирғоқлари китларни томоша қилишга имкон берадиган кузатув майдонини тақдим этади.
Гуишан Илань округидаги энг катта орол ҳисобланишига қарамай, у ердаги аҳоли 1970 йилда кўчириб чиқарилган. Чунки бу ерда чучук сув йўқ, вулқоннинг фумароллар (иссиқ вулканик газлар ва буғларсизиб чиқадиган тешиклар ва ёриқлар) ва гейзерлар билан яқинлиги – бу жойни инсон яшаши учун энг ноқулай манзилга айлантириб қўйган.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.