Газ бўйича гап кўпайди
Кейинги кунларда аҳоли ўртасида ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам табиий ва суюлтирилган газ таъминоти масаласида мурожаатлар, муаммолар кўпайди. Мутасаддилар бу мурожаатларга жавоб беряпти, баъзида ҳолат тасдиқланяпти, баъзида рад этиляпти. Совуқ кунлар, аёз бошланмай туриб шунча масала юзага чиқяпти. Бу аҳволда қишда нима бўлади?
Бу тизим қишга тайёр эмаслигидан далолатми ёки айни пайтда автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида суюлтирилган газ нархининг кўтарилгани билан боғлиқми? Бугун АЁҚШда ушбу турдаги ёқилғининг бир литри 4000-4500 сўмдан сотилмоқда. Табиийки, тўлдирилган битта газ баллон учун 25-30 минг сўмдан ҳақ тўлаб келган кишилар камида 100 минг сўмга АЁҚШдан газ баллони тўлдириб келмайди (албатта, ҳар қандай шохобчада газ баллон тўлдириш мумкин эмас дейилади. Аммо бу гап ҳам қоғоздагина бор).
Бугун вилоятимизда ҳам аҳолига суюлтирилган газ етказиб бериш ҳажми ошмоқда. Айниқса, қишлоқ жойларида асосан суюлтирилган газ берилмоқда. Талаб, эҳтиёж ошгани сайин, тизимда транспорт, ишчи кучи билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Буёқда лимит деган тушунчалар ва яна бошқа ўнлаб масалалар бор.
Умуман, бугун шу йўналишга устувор эътибор берилаётган экан, соҳадаги иш услубини ҳам ўзгартириш, замонавий технологиялардан фойдаланиш, баллон тўлдириш, тарқатиш тизимини қайта кўриб чиқиш лозим, назаримизда.