Энди “ГРП”лардан воз кечилади
Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти корхонаси директори ўринбосари Ваҳоб Ҳалимов журналистлар ва блогерлар учун ташкил этилган анжуманда тўхталди.
Дастлаб корхона томонидан 2023 йилда амалга оширилган ишлар ва жорий йилда режалаштирилган вазифалар бўйича маълумот берилди. Вилоятда 819,5 мингта табиий ва суюлтирилган газ истеъмолчиларининг 327,8 мингтаси табиий газ билан, 491,7 минг аҳоли хонадонлари эса суюлтирилган газ билан таъминланган.
2023 йилда вилоят бўйича 9,3 километр газ тармоқлари, 44 та газ тақсимлаш қутилари мукаммал таъмирланиб, 3,2 км газ тармоқлари реконструкция қилинган. 11,8 километр янги газ тармоғининг қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилган. Вилоят бўйича 323 668 та электрон газ ҳисоблагич ускуналари ўрнатилган.
Жумладан, Пахтачи туманидаги Қарнаб ота ҳамда Чашма маҳаллаларида 4,7 километр, Мирза Салимий маҳалласида 2,1 километр бўлган газ қувурлари реконструкция қилинган. Самарқанд шаҳридаги Бухорий маҳалласида 1 та юқори босимли газ тақсимлаш пункти ўрнатилиб, 450 метр газ қувури реконструкция ишлари амалга оширилган. Булунғур туманида 450 метр газ қувури хавфсиз жойга кўчирилиб, Иштихонда 500 метр газ қувури тортилган.
- 2024 йилда олдимизда режаларимиз кўп, - дейди В.Ҳалимов. – Ўтган йилдан бошлаб “ГРП”, яъни газ тақсимлаш қутиларини олиб ташлаб, уйларга электрон газ ҳисоблаш ускуналари орқали тўғридан-тўғри улаб беряпмиз. Бунда қабул қилинган газ аниқ ҳисобга олинмоқда. Шунингдек, ID карталар билан суюлтирилган газ баллонлари етказиб беришга жиддий киришилди. Айни вақтда Пахтачи тумани маҳаллаларида мазкур ID-карталари йўқ истеъмолчиларга маиший баллон берилмаяпти. Чунки кўпчилик аҳолида ҳужжати йўқ бўлган эски баллонлар аниқланмоқда. Улар турли йўллар билан муомалага кириб келяпти. Бу эса ортиқча харажат ҳисобланади. Яқиндан бошлаб Самарқанд туманида ҳам маиший газ баллонларини ID-картасиз бериш тўхтатилди. Бу ишлар барча шаҳар ва туманларда амалга оширилади. Жорий йилда Қўшработ, Каттақўрғон туманларида газ қуйиш станцияларини ташкил этишга ҳаракат қиляпмиз.
Жорий йилда барча табиий газ истеъмолчиларининг хонадонларига электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатиш ишларини якунланади.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.