Ғолиблар сафида самарқандликлар ҳам бор

“Бойсун баҳори” халқаро фестивалида иштирок этган фольклор ансамблларнинг чиқиши нуфузли ҳакамлар томонидан баҳоланиб, ғолиблар аниқланди.

Халқаро кўрик-танловда ўндан ортиқ давлатдан санъаткорлар ташриф буюрди.  Мамлакатимизнинг ҳар бир вилоятидан биттадан, жами 15 та фольклор-этнографик ансамбллар ғолиблик учун баҳслашдилар. 

Танловда биринчи ўрин Сурхондарё вилоятидаги “Бойсун” фольклор-этнографик ансамбли жамоасига насиб этди. Иккинчи ўринга Бухоро вилоятидаги “Жондор” ва Самарқанд вилоятидаги “Чавқи” фольклор этнографик ансамбллари муносиб топилди. Учинчи ўринни Хоразм вилоятининг “Хоразм”, Қозоғистон Республикасининг “Қозоғистон” ва Япониянинг “Япон марвариди” жамоалари қўлга киритди.

Фестивалда алоҳида номинациялар ғолибларига ҳам мукофотлар ва эсдалик совғалари топширилди. Жумладан, “Фольклор намуналарининг энг яхши талқини учун” номинациясида Наманган вилоятининг “Яллама-ёрим” фольклор-этнографик ансамбли,  “Турли халқлар фольклор намуналарини мужассамлаштирган жамоа учун” йўналишида белгиялик жамоа, “Анъанавий мусиқанинг миллий чолғулардаги энг яхши талқини учун" номинациясида Буюк Британиялик жамоа, “Миллий фольклор қўшиқларининг энг яхши саҳнавий талқини учун” йўналишида Қирғизистон Республикасининг “Қирғизистон” жамоаси, 

“Миллий анъаналарнинг тарғиботи учун” номинациясида Навоий вилоятининг “Ёр-ёр” фольклор-этнографик халқ ансамбли ғолиб бўлди. 

Миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати йўналишида Тошкент вилоятининг “Кўзмунчоқ” жамоаси биринчи, Жиззах вилоятининг “Беш тош”, Қорақалпоғистон Республикасининг “Мерос” болалар жамоаси иккинчи, Тожикистон Республикасининг “Қоратоғ”, Сирдарё вилоятининг “Сайхун йигитлари”, Беларусь Республикасининг “Яритса” халқ жамоаси учинчи ўринлар билан тақдирланди.