Ҳафтанинг иккинчи ярмидан ҳаво яна совий бошлайди
"Ўзгидромет" хабарига кўра, ҳафтанинг биринчи ярмида ҳаво баҳорий илиқ бўлади, аммо ҳафтанинг охирига келиб, қишки об-ҳаво яна қайтади.
Эртага, 19 январь куни республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради, фақат Қорақалпоғистонда, Хоразм, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларининг баъзи жойларида бироз ёмғир ёғиши мумкин.
20 январда Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида қор ёмғирга айланади, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида кечаси ва эрталаб баъзи жойларда ёмғир ёғади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик бўлмайди.
21 январда республика ҳудудларининг катта қисмида ёғингарчилик бўлмайди. Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида қор ёғади, Бухоро ва Навоий вилоятларида кечга томон баъзи жойларда ёмғир ёғиши мумкин.
19-21 январда ҳарорат кечалари 0...+5 даража, кундузи +11...+16 даражани ташкил этади.
Қайд этилишича, 22 январда об-ҳаво кескин ўзгара бошлайди, бунинг сабаби совуқ антициклондир, у мамлакат ҳудудларига қор ва манфий қийматли ҳароратларни олиб келади.
Республика бўйича қор ёғади, фақат мамлакатнинг шимолий ҳудудларида ёғингарчилик бўлмайди. Ҳаво ҳарорати кечаси ва кундузи -2...+3 даражани ташкил этади.
23 январда антициклон мамлакатнинг барча ҳудудларини қамраб олади, ёғингарчилик бўлиши эҳтимоли кам, жуда совуқ бўлади.
Ҳаво ҳарорати кечаси -5...-10 даражагача пасаяди, кундузи -2...+3 даражани ташкил этади.