SIUT “Science and Innovation Awards – 2025”да энг инновацион олий таълим муассасаси деб эътироф этилди

2025 йил якуни Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) учун муҳим ва рамзий ютуқ билан тарихга муҳрланди.

Мамлакатимиз илм-фан ҳаётидаги энг нуфузли танловлардан бири — Science and Innovation Awards – 2025 доирасида SIUT олий таълим ва илмий фаолият соҳасидаги изчил ишлари, инновацион ёндашувлари ҳамда илмга таянган стратегик ривожланиш йўли учун юксак эътирофга сазовор бўлиб, «Энг инновацион олий таълим муассасаси» номинациясида олий мукофот билан тақдирланди.

Жорий йилнинг 20-декабрь санасида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган тантанали мукофотлаш маросимида фан, таълим ва инновациялар соҳасида фаолият юритаётган етакчи мутахассислар, академик доира вакиллари ҳамда олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирок этди.

Science & Innovation халқаро илмий журнали ташаббуси билан анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган мазкур нуфузли тадбир йил давомида илм-фан, таълим ва инновациялар ривожига салмоқли ҳисса қўшган олимлар, илмий марказлар ва олий таълим муассасаларини эътироф этишга қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, Самарқанд халқаро технология университети ушбу танловда кетма-кет икки йилдан бери иштирок этиб келмоқда. Бу йил мазкур иштирок муҳим ва мазмунли натижа билан якунланди. SIUT учун бу эътироф — университет фаолиятида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, аниқ белгилаб олинган ривожланиш стратегияси ҳамда бутун жамоанинг тизимли меҳнати самарасидир.