Антибиотиклар фойдалими ёки зарарли?

Нима учун уларни шифокор тавсиясисиз қабул қилиш хавфли?

- Антибиотиклар тиббиётда кенг қўлланиладиган, жуда муҳим дори воситалари ҳисобланади, - дейди Самарқанд давлат тиббиёт университети ассистенти, тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори Отабек Тиркашев. - Улар бактериялар чақирадиган касалликларни даволашга ёрдам беради. Бироқ кейинги йилларда антибиотикларнинг назоратсиз ишлатилиши бутун дунёда жиддий муаммога айланиб бормоқда. Афсуски, мамлакатимизда ҳам ушбу дори воситаларини рецептсиз сотиш ҳолати кўп учрайди.

Кўпчилик ҳар қандай иситма, томоқ оғриғи ёки шамоллашда антибиотик қабул қилсам тез тузалиб кетаман, деб ўйлайди. Аслида эса грипп, мавсумий ўткир респиратор вирусли инфекциялар, коронавирус каби касалликлар вируслар томонидан чақириладиган касалликлар ҳисобланади. Антибиотиклар эса фақат бактериялар томонидан чақириладиган инфекцияларга таъсир қилади, вирусли касалликларда самара бермайди.

Нотўғри қўлланган антибиотик танага фойда эмас, аксинча, зарар келтиради. Шунинг учун таҳлиллар ва шифокор текширувисиз антибиотик қабул қилиш тавсия этилмайди. Айрим беморлар ўзини ўзи даволашга уриниб, олдин ёрдам берган антибиотикни яна қабул қилади ёки дорихонадан маслаҳат олади. Аммо бу бир қанча салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Натижада антибиотикларга чидамлилик ортиб боради. Бемор антибиотикни нотўғри дозада ёки кераксиз пайтда қабул қилса, бактериялар унга мослашиб, кейинчалик дори таъсир қилмайди. Бу эса оғир асоратларга, сепсис, ўпка ёки буйрак инфекцияларига сабаб бўлиши мумкин. Ичак микрофлораси бузилади.

Айрим антибиотиклар кучли аллергик реакция бериши мумкин. Антибиотикларни узоқ муддат давомида ёки ортиқча миқдорда қабул қилиш жигар ва буйрак фаолиятига жиддий зарар етказиши мумкин.

Антибиотиклар қуйидаги бактериялар томонидан чақириладиган касалликларда шифокор томонидан тавсия қилинади: бодомча безларининг яллиғланишида (стрептококк инфекцияси), ўпканинг ва нафас йўлларининг бактериялар томонидан чақирилган йирингли яллиғланишларида, отит (қулоқнинг бактериялар томонидан зарарланиши), сийдик йўллари инфекцияси, оғир жараёнли тери қопламалари инфекцияларида кенг қўлланилади.

Шифокор инфекциянинг турини, оғирлигини, бемор ёшини, аллергияси бор-йўқлигини инобатга олиб, дори воситаларини танлайди. Бемор белгиланган доза ва давомийликка қатъий риоя қилиши керак.

Антибиотиклар - инсон ҳаётини сақлаб қоладиган муҳим дори воситалари ҳисобланади. Лекин улардан нотўғри фойдаланиш бутун жамият саломатлигига хавф солади. Беморларга дорихоналарда антибиотикларни фақат рецепт асосида беришни кучайтириш орқали антибиотиклардан самарасиз фойдаланишнинг олди олинади. Аҳоли орасида антибиотиклар “универсал дори” эмаслиги юзасидан тушунтириш ишларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳар қандай инфекцияда ўзбошимчалик билан антибиотикларни қабул қилиш эмас, балки шифокор маслаҳатига амал қилиш энг тўғри йўлдир.