ҲАМАС воситачилар билан музокараларни рад этди. Зеленский сайловлар қачон ўтказилишини айтди. Тадқиқот: смартфонсиз 2 ҳафта мияни 10 йилга ёшартиради

🔹 ҲАМАС ҳаракати Исроил 22 февраль куни озод этилиши керак бўлган маҳбусларни озод қилмагунча воситачилар билан музокара қилишдан бош тортди. Аввалроқ ҲАМАС Исроил музокаралари иштирокчиларидан 600 дан ортиқ фаластинликлар озод этилиши учун Исроилга таъсир ўтказишга чақирган.
🔹 Россия ташқи ишлар вазири Лавровнинг Туркиядаги асосий баёнотлари: Россия Украина билан ҳам, Европа билан ҳам музокаралар олиб боришга тайёр, аммо натижа Москвани қониқтирсагина, жанговар ҳаракатлар тўхтайди. Ар-Риёддаги учрашув АҚШ билан нормал мулоқотга умид бахш этди. Украинанинг НАТОга қўшилмаслиги тўғрисида "темир" келишув бўлиши керак.
🔹 Украина президенти Владимир Зеленский матбуот анжуманида президентлик сайловлари ҳарбий ҳолат бекор қилингандан кейин ўтказилишини айтди. Аввалроқ Зеленский Украинада тинчлик ўрнатилиши учун ўз лавозимини тарк этишга тайёрлигини айтган. Унинг қўшимча қилишича, бу Украинанинг НАТОга қўшилиши эвазига бўлиши мумкин.
🔹 Туркия суди россиялик аёлни Анталия аэропорти ҳожатхонасида туғиб, чақалоқни унитазга ташлаганлиги учун 15 йилга озодликдан маҳрум қилди.
🔹 Австралия ва Янги Зеландия Россияга қарши энг йирик санкциялар пакетини киритди. Буюк Британия ҳам уч йиллик можарода энг йирик санкцияларни эълон қилди. Буларга Россия банкларининг SWIFT тўлов тизимидан узилиши, ОАВга тақиқ ва бошқалар киради.
🔹 Бугун жаҳон етакчилари Киевга етиб келди. Улар орасида Канада бош вазири Жастин Трюдо, Литва ва Латвия президентлари Гитанас Науседа ва Эдгарс Ринкевич, Эстония ва Испания бош вазирлари, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Леен ва Европа кенгаши вакили Антонио Коста бор. Учрашувда Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш масалалари кўтарилади.
🔹 Марселда Россия консуллиги биноси яқинида портлаш юз берди. Инсонлар жабрланмаган.
🔹 Хитойлик астронавтлар станцияда илк бор қувур роботини синовдан ўтказди. Мураккаб қувур линияларининг симуляция қилинган тармоғида аппаратнинг ишлашини синаб кўрилган. Робот турли диаметрли текис, кависли ва конуссимон қувурлар орқали силлиқ ва ишончли ҳаракат қилган.
🔹 Тажриба шуни кўрсатдики, мобил интернетдан воз кечиш организмга ижобий таъсир кўрсатади. Синов иштирокчилари бор-йўғи 14 кун телефонсиз яшаган. Натижада уларнинг руҳий саломатлиги яхшиланган, ҳаракат ва юзма-юз мулоқот ошиши ортидан умумий аҳволи яхшиланган. Гўё мия 10 ёшга яшаргандек когнитив қобилиятлар ортган.
Г.Холдорова тайёрлади.