Ҳар куни 1,5 мингга яқин самарқандлик коронавирусга тест топширмоқда
Коронавирус билан боғлиқ шу куннинг долзарб саволлари билан вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи Хайрулла Боймуродовга мурожаат қилдик.
- Кўпчилик самарқандликлар коронавирусни аниқлаш учун тестни қаерда топширса бўлади, деган саволга қизиқмоқда.
- Коронавирусга тест олишда ҳозирча аҳолининг барча қисмини қамраб ололмаймиз. Айни кунларда фақат тиббий ва эпидемиологик кўрсатмаси бор инсонларгина тест топшириш имконига эга. Яъни, ҳарорати кўтарилган, клиник белгилари шифокорлар томонидан коронавирус хавфи бор, деб топилган инсонлар учун тест синамалари ўтказилади. Шунингдек, коронавирусга чалинган беморлар билан алоқада бўлган ҳамда карантинга олинган кишиларгина ҳозирча шундай имконга эга.
- Ҳар куни ўртача қанча аҳолининг тест синамалари текширилмоқда?
- Ҳар куни минг нафардан 2 мингга яқин бўлган аҳоли ўртасида тест олинаяпти.
- Айни пайтда коронавирус хасталигидан тузалган кишилар кейин бемалол ўз оиласи даврасига қайтаяптими ёки улар учун қандайдир чекловлар мавжудми?
- Ушбу дарддан фориғ бўлган инсонлар яна 14 кун мобайнида реабилитацияга кузатилади. Ушбу вақт давомида уларнинг саломатлиги тўлиқ назорат остида бўлади. Агар бу давр ичида уларнинг саломатлигидан шикояти бўлмаса, қолаверса, шифокорларнинг сўнгги хулосалари асосида улар уйига, ўз оиласи даврасига қайтишлари мумкин.
- Демак, уларнинг соғлом инсонлар орасига қайтишларига ҳеч қандай монелик йўқ ва одатий яшаш тарзида давом этишади, тўғрими?
- Албатта. Худди бошқа касалликлардан даволаниб чиққач, қандай ҳолат бўлса, уларда ҳам худди шундай. Даволаниб чиққач, улар вирус ташувчи ҳисобланилмайди ва касалликни ўзида сақлаб қолмайди. Ҳозирча мамлакатимизда республика мутахассисларининг билдирган фикрларига кўра, вирусдан даволаниб чиққан инсонларнинг унга қайтадан чалиниш ҳолати кузатилмаган. Табиийки, улар ҳам айни пайтда барча фуқаролар сингари карантин қоидаларига қатъий риоя этишлари лозим.
Гулруҳ МЎМИНОВА.