Ҳаво ҳарорати яна кўтарилиши кутилмоқда
“Ўзгидромет” хабарига кўра, эртага ҳам республика ҳудуди бўйича салқин об-ҳаво сақланиб туради, ҳарорат кечалари +13...+16 даража, кундуз кунлари +27...+32 даража, жанубда +35 даражагача бўлади. Бу август ойи ўртаси учун меъёрий қийматлардан +2...+4 даражага пастдир.
Ҳафта ўртасидан салқин ҳаво массаси республика ҳудудидан аста-секин чекина бошлайди, ҳаво ҳарорати кўтарилади ва ҳафта охирига бориб, кечалари +17...+20 даража, кундуз кунлари +34...+37 даража атрофида бўлади.
Ушбу кунларда ҳудуднинг катта қисмида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради, фақат Фарғона вилояти айрим тоғли ҳудудларида бугун кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
14-15 август кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади.