Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ҳаётга қайтиш: Шифокорнинг кўрган-кечирганлари (12-қисм)

Олий Мажлиснинг қабулхонасида ҳам депутатлар билан моховлар тўғрисида суҳбатлашдик. Қаранг, бу ердагиларнинг ҳам аксарияти мохов-пес деган сўзларнинг маъносини тушунишмас экан. Салкам бир соатдан ортиқ вақт суҳбат қилдик. Лекин барибир улар менга қандайдир шубҳа билан назар соларди.

Худди бошқа дунёдан келиб қолган одамдай суҳбатлашарди. Улардан ёшроғи:

- Бу тўғрисида кўпроқ чиқиш қилиш керак. Ахир газета, журнал, радио, телевидение бор-ку! – деб таклиф берди.

– Оғайни, сиз катта даргоҳда ўтирибсиз, аввал улардан рухсат олиб беринг, кейин биргаликда чиқиш қиламиз. Республикамизда 34 млн. аҳолига битта мохов аниқланмайди. Аммо минглаб витилиго – песга чалинган одамлар юрибди. Уларнинг танаси оғримайди, ногиронлиги йўқ, ишга яроқли. Фақат терисида оқ доғлари бор. Лекин улар билан ҳеч ким қуда-анда бўлмайди. Дўст бўлиш у ёқда турсин, ёнига ҳам яқинлашмайди. Ишга, армияга олишни гапирмасаям бўлади. Ахир улар касал ҳисобланмайди, – дедим.

Электрон почта орқали япониялик делегацияга рухсат бердик, яхши кутиб олинг, деб менга ҳам жавоб беришди. Бир ҳафта ўтар-ўтмасдан Япониядан бир эмас, ўн киши – 8 та эркак, 2 та аёл учиб келишди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ходимлари билан биргаликда кутиб олдик. Айниқса, ташкилот ходимларидан бири Жамшид Гадоев менда катта таассурот қолдирди. У ўзбекча, русча, ҳатто инглиз тилида худди ўзининг она тилидай гаплашарди. У уларга ҳам бизга ҳам тилмочлик қилди. Япониялик таржимон Жун ҳам бўш келмади. Қаранг, олти ой ичида ўзбек ва қорақалпоқ тилини ўрганибди. Аввалига Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти офисида учрашув бўлди. Биринчи бор бутун дунё лепрологларини беғараз ёрдами билан лол қолдирган Сосокава билан танишдим. Қисқа танишувдан сўнг Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Анвар Валиевичнинг қабулида бўлдик. Вазир ва унинг муовини учаламиз айланма столнинг бир томонида, япониялик меҳмонлар ва Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти ходимлари эса иккинчи томонида ўтиришди. Ўзбекистондаги ва дунёдаги лепрология хизмати тўғрисида фикр алмашдик. Сўнгра Сосокава жаноблари эртага Қорақалпоғистондаги моховхонага бориш учун вазирдан рухсат сўради. Анвар Валиевич рози эканлигини билдирди. Учрашув ниҳоясида меҳмонларга совға-салом улашилди, Сосокава жанобларига вазир билан биргаликда зар чопон кийдирдик. Улар ҳам бизга Япониядан келтирилган совғаларини улашишди.

Эртасига Нукус шаҳри меҳмонларни очиқ ҳавоси билан кутиб олди. Ҳаммамиз меҳмонхонага жойлашдик. Бир соатга қолар-қолмасдан икки-учта енгил машина ва микроавтобусда Мўйноққа йўл олдик. Жаноб Сосокава жуда камгап экан. У кўзларини юмганича йўл бўйи жим кетарди. Ярим йўлни юриб бўлганимизда секин деди: “Япон аскарларининг ҳужжатларини сақлаб яхши қилгансиз. Биз сизнинг бу олижаноб ишингизни унутмаймиз”.

Таржимон Жун эса гап орасида қорақалпоқчани ҳам қўшиб гапирарди. Лекин унинг ҳамма сўзлари тушунарли эди.

- Бу жойларда илгари касаллик кўп бўлганми? - деб мендан сўради.

- Ҳа.

- Моховлар кўп бўлганми?

- Йўқ фақат иккита бўлган. Ҳозир битта қолган.

- Биз бораётган жойда қанча беморлар бор?

- 40 тадан сал кўпроқ.

- Болалар орасида-чи?

- Умуман йўқ.

Кейин у Жун билан ниманидир ўз тилларида гаплаша кетишди. Таржимон Жун ҳаммаси яхши дегандай бош ирғади. Сўнгра меҳмон яна кўзларини юмди-да жим кетди.

Мана неча йилдирки, айнан шу одам беморларни махсус дори-дармонлар билан таъминлаб келмоқда. Ёши бир жойга етганда эринмасдан узоқ йўлга чиққанлигини ўзи катта гап. Шу хаёллар оғушида кетаётган бир пайтда орқа ўриндиқда ўтирган Жун қорақалпоқ тилида гапириб қолди.

Бу кишининг оталари мохов бўлган. “Болам, агарда кучинг етса, моховга чалинган беморларга ёрдам бер. Уларнинг нолишига йўл қўйма!” деб васият қилган. Шу-шу бу киши отасининг васиятига амал қилади. Топган пулларининг асосий қисмини беморлар учун сарф қилади. Ўзи бутун дунёни айланиб чиқди. Бу жойдан чиқиб, Тожикистонга борамиз. Сосокава фонди Жаҳонда энг самарали тиббий ишларни амалга оширмоқда. У Японияда энг бой инсонлардан ҳисобланади.

Жун билан суҳбатимиз охирига етмасдан Мўйноқ туманининг марказига етиб келдик. Бизни оқ халатдаги шифокорлар, туман фаоллари кутиб олди. Сосокава таржимон орқали мендан моховхона қаердалигини сўради. Мен эса ёнимда турган нафақадаги кекса лепрологга мурожаат қилдим. У киши 40-50 метр нарида дўмпайиб турган бетон қолдиқларини кўрсатди. Меҳмон оломон орасидан аста ажралиб чиқдида бетон қолдиқлари томон юрди. Биз ҳам юрмоқчи эдик, Жун тўхтатди. Сосокава қуёшга тескари ҳолатда тиз чўкиб ўтирди ва 3-4 дақиқа ниманидир гапириб, тилак тилаб ўрнидан турди. Бемор у ёқда турсин, ҳатто шу тепаликдаги айланиб ўтадиган одамлар учун бу кутилмаган ҳол эди. Ҳамма бир-бирга жим қарарди.

Кейин меҳмон тиззаларини секин сийпалаб биз томон келди. Менга қараб “Тирик беморлар қаерда?” деб сўради. Оқсоқол лепролог ёнимиздаги поликлиникага ишора қилди ва саф тортиб ўтирган беморларни кўрсатди. Улар 9-10 та эди, холос. Яна ҳаммаси бемор кампирлар эди. Сосокава беморларнинг барчаси билан тиз чўкиб саломлашди. Елкаларини қоқиб ҳаммасига совға-салом улашди. Орқамизда юздан ортиқ одамлар турарди. Туман раҳбарлари нима дейишини ҳам билмасди. Беморларнинг ёнига келишидан эса тисланарди. Шу пайт Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазири Отажон Каримович мард, ботир инсонлигини яна бир бор исботлади. Кейинчалик биз у киши билан кўп бора учрашдик.

Шу ўринда Жаноб Сосокаванинг беморлар учун қилган жонкуярлиги, инсонпарварлиги бир умр биз шифокорлар учун дарс бўлди, десам муболаға бўлмайди. Сабаби у моховларни кўриш учун ўзга юртдан минг-минг километр босиб, касалхонанинг таъмири ва беморлар учун етарлича харажатлар қилди. Одатда чет элдан икки нафар саёҳатчи келиб қолса, меҳмондўстлигимизни бонг уриб мақтанамиз. Аммо беморларга моддий ёрдами, ўз илтифоти ила танилган инсон ҳақида на газета, на радио, на телевидение лом-лим демади. Шу ўринда яна бир гап. Гиёҳвандлар, ОИТСга чалинганлар, фоҳишалар, ҳатто ўз фарзандини туғиб кейин ҳожатхонага ташлаганлар ҳақида тинимсиз эшиттиришлар берилар, аммо мохов песлар тўғрисида ҳеч гапирилмасди.

Ёз кунлари эди. Марказий телеканалларнинг бирида бошловчи журналист суҳбатнинг орасида “Моховга ўхшаб хўмрайиб ўтирмасдан ўз вақтида иш юритсаларинг бўлмайдими” деган иборани ишлатди. Уялмасдан экран орқали халққа мурожаат қиляпти. 2-3 соат ичида шу журналистнинг исм-фамилияси ва телефон номерини топдим-да унга мурожаат қилдим. Аввалига саломлашдик. Кейин секин гап бошладим.

– Оғайни, мен моховхонадан туриб сизга қўнғироқ қиляпман, айтингчи, моховлар сизга нима ёмонлик қилди. Ҳеч кимга зарари тегмасдан касалхонада жим ётган бўлса. Нега бизни ҳақорат қилдингиз? Сизнинг бу гапингизни миллионлаб халқ тинглайди-ку. Шундан сўнг у мендан кечирим сўраган киши бўлди.

Кунларнинг бирида Мэлс оғайним қўнғироқ қилиб қолди:

- Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан электрон тарзда хат келди. Дунёнинг бош лепрологи доктор Норден Ўзбекистонга келмоқчи экан. Шунга нима дейсиз?

- Айни муддао. Доктор Норден билан аввал Ҳиндистонннинг Агра, кейин эса Ҳайдаробод шаҳарларида учрашганмиз. Шунда у қизиқиб бир нечта саволлар билан менга мурожаат қилганди: “Сизларда моховхоналарга кетадиган харажатларни ким тўлайди? Беморларнинг касалхонада қанча ётишини ким белгилайди?” Шунга ўхшаш саволлар. Мен ҳамма харажатлар давлат томонидан қопланишини, беморларнинг ётишини эса даволовчи шифокор белгилашини айтганман. У бундай масалаларга давлатимиз жуда эътиборлилигини алоҳида таъкидлаганди.

Меҳмонларнинг келиши қишнинг совуқ кунларига тўғри келди. Улар аэропорт эшигидан ташқарига чиққанларида кўчада роса қор-бўрон кўтарилганди. Доктор Норденни шу заҳоти танидим. У билан сўрашгач, у ёнидаги одамни доктор Вольтер деб таништирди. Одатдагидек аввал вазирликка ташриф буюрдик. Бизни вазирнинг биринчи муовини қабул қилди. Суҳбатимиз узоқ чўзилмади. Тўғриси моховлар ҳақида гапиришни ҳамма ҳам хушламас эди.

Меҳмонларни шаҳарнинг қоқ марказидаги “Ўзбекистон” меҳмонхонасига жойлаштирдим ва кечқурун уйимга таклиф қилдим. Кечқурунги меҳмондорчиликка эр-хотин роса тайёргарлик кўрдик. Бахтимизга тушдан кейин қор ҳам тинди. Иккала меҳмон совуқдан тиришиб қолибди. Қаранг улар Марказий Осиёда бунақа қор бўлади, деб ҳеч ўйламаган экан. Уларга дарров иссиқ чой қуйдик. Тошкентнинг юмшоқ нонларидан ушатдик. Аммо биронта ҳам гўштли таомларга қарашмади. Кейин миямга урди. Уларнинг вегетерянлиги эсимга тушиб қолди. Бироқ ширмой, мазали ҳўл меваларни, чақ-чуқлар истеъмолини канда қилишмади.

Режа асосида эртаси куни ҳар иккала меҳмон шифокорлар учун институтнинг катта залида маъруза ўқиди. Айниқса, доктор Норденнинг “Мохов касаллиги бўйича дунёдаги эпидемиологик аҳвол” номли маърузаси ҳаммани лол қолдирди. Жуда кўпчилик қатори маҳаллий профессорлар ҳам унга ўзининг миннатдорчилигини билдирди. Эртасига иккита меҳмонни олиб поездда гўзал, навқирон Самарқанд томон йўл олдик.

Дунё миқёсидаги олим ва ташкилотчиларнинг Ўзбекистонга ташрифи лепрология соҳасида маҳаллий дерматовенеролог мутахассислар орасида катта бурилиш ясади. Айниқса, доктор Норденнинг “Республикангиз аҳолиси орасида мохов касаллигининг аллақачон жиловланганлиги ва спорадик ҳолатга туширилганлиги, Ўзбекистоннинг ўттиз миллиондан ортиқ аҳолиси орасидан йилига биттаям беморнинг аниқланмаслиги, унинг элиминация қилинганлиги -  бу сизларнинг катта ютуқларингиздан далолат беради”, деган сўзлари очиғи, менга куч-мадад берди. Эндиликда вазирлик дейсизми, илмий кенгашлардами бу соҳа бўйича бемалол гапирадиган бўлдим. Халқаро ёки Республика миқёсидаги инфекция, эпидемиология, микробиология, дерматология ва соғлиқни сақлашни ташкиллаштириш борасидаги илмий анжуманлар ва конгресслар менинг иштирокимсиз ўтмайдиган бўлиб қолди. “Энди улар борса-келмасга жўнатилмайди” деган илмий оммабоп китобнинг минг нусхада чоп этилиши эса оддий халқ орасида кириб боришимизга имкон яратди. Китобни фақатгина дерматовенерологлар эмас, балки оддий инсонлар дастур сифатида ўқий бошлади. Орадан уч йил ўтмасдан иккинчи “Ганзен таёқчаларининг қурбонлари” номли китобим рус тилида чоп этилди. Уни Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Украиналик ҳамкасбларим катта қизиқиш билан ўқишди ва бу уларда яхши таассурот қолдирилганлигини билдиришди. Мен эса  китобларимни дўстларимга, ўзим таҳсил олган мактаб ҳамда тиббиёт институтининг кутубхоналарига совға қилдим.

Қисқа вақт ичида бирин-кетин иккита шогирдим илмий ишларини муваффақиятли ҳимоя қилишди. Бири Хоразм вилоятида, иккинчиси Сурхондарё вилояти ҳудудларида мохов касаллигининг пайдо бўлиш сабабларини исботлаб берди. Биргаликда мохов касаллигининг профилактикасини такомиллаштиришга катта ҳисса қўшишди. Беморлар билан яқин мулоқотда бўлганлар орасида хасталаниш мутлақо камайтирилди. Ушбу эришилган ютуқларга таяниб ўнлаб илмий мақолалар ва тавсияномалар чоп этилди. Бизнинг илмий ишларимиз, маърузаларимиз билан таниш бўлган ҳамкасбларимиз орасида мохов касаллигидан қўрқиш (лепрофобия) ҳисси йўқолди. Дарҳақиқат, лепрозорияда “Ҳаётга қайтиш” бошланди.

Кунларнинг бирида қилинган ишларнинг ҳисобини топшириш мақсадида Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг Республикамиздаги ваколатхонасига бордим. Ваколатхонанинг бошлиғи бўлиб янги доктор Лианна Куппенс тайинланибди. Мени эски, қадрдон танишим  - доктор Жамшид Гадоев илиқлик билан кутиб олди. – Домла, ёзувчи бўлиб кетинг-эй, сиз совға қилган китобларингизни мазза қилиб мутолаа қилдик. Пульмонология, фтизиатрия, ОИТС билан шуғулланавериб, лепрологияни бироз унутибмиз чоғи. Қилган ишларингиздан хабаримиз бор. Катта ютуқларга эришгансизлар. Моховхонанинг бири ёпилибди, иккинчиси Нукусда қолибди. Аммо ҳаммага тегишли баъзи камчилик сизларда ҳам бор. Масалан, сил бўлган одамларни, уларнинг оиласини атрофдагилар бироз камситишади. Бизнинг тилда буни дискриминация дейишади. Энди сил бўлган беморларни бемалол амбулатория шароитида даволашимиз мумкин. Аввалгидай йиллаб касалхоналарда ётмайди. Сизларда, яъни лепрологияда аҳвол қандай?

- Тўғрисини айтсам аҳволимиз яхши эмас, - дедим.

 У дарҳол ўрнидан туриб гапира кетди. Биз бир умр беморларни касалхонага қамаб, уларни даволаш билан шуғулландик. Аммо уларнинг камситилиши ва ҳақ-ҳуқуқини мутлақо ўйламадик. Қани айтингчи, моховга чалинган эски беморларнинг қон босими ошса уни оддий касалхона оладими? Мен эса паст овозда “йўқ” дея олдим.

- Демак, уни яна моховхонага олиб бориб жойлаштирасиз. Ахир унинг танасидан аллақачон моховнинг микроблари йўқотилган, лекин сизлар уларни яна ярасини янгилаб моховхонага тиқасизлар.

Фарзандим қатори ёш йигитнинг инсон ҳақ-ҳуқуқи ҳақида гапираётган фикрларини эшитиб, тўғриси ўйланиб қолдим. Бу йигит шунча билим ва маълумотни қаердан олган?

- Хўш, домла, ўйланиб қолдингиз мана кеча бўлган воқеа. Сизга ўхшаган паразитолог-инфекционист профессор бизга мурожаат қилаяпти. Безгакка қарши ишлатиладиган препаратлардан топиб беринг деб. Лекин бизга берилган ҳисоботларни мана кўринг, биронта ҳам безгак йўқ, унда дорини сўраб нима қилади? Бундан кўриниб турибдики, ҳисобот ёлғон. Хуллас Жамшид билан анча дардлашдик.

- Энди бир янгилик тўғрисида айтсам, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти томонидан мохов касаллигини мутлақо йўқотиш бўйича ўн йиллик стратегик режа ишлаб чиқилган. Биз ҳозирча инглиз тилида маълумотлар олдик. Кейинги ҳафта келсангиз уни рус тилига таржима қиламиз. Мен ваколатхонанинг бошлиғи билан гаплашаман. Рози бўлса, биргаликда ишлаймиз. Кейинги ҳафта худди шу вақт, шу ерда учрашамиз. Хайр, саломат бўлинг, - деб у мени қоровулхонагача кузатиб қўйди.

Кунлар кетидан кунлар, ҳафта ўтди. Башанг кийиниб, Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонасига бордим. Одатдагидек Жамшид Гадоев мени кутиб олди.

- Домла, мен ҳозир тренинг ўтказяпман. 10-15 дақиқадан сўнг бўшаб қоламан. Ҳозирча қилинадиган ишлар тўғрисида сизга ходимимиз Нурдийда тушунтириб беради, - деб сал юқорироқда ўтирган қизга ишора қилди. - Исмларини қайтаринг эслаб қололмадим.

– Нурдийда, - деди ёш қизнинг ўзи ўрнидан туриб. Энди бу қизнинг гўзаллигини, ўзини тутишини, инглиз, рус ва ўзбек тилида гапиришини, гапларининг равонлигини эшитиб лол қолмасликнинг иложи йўқ эди.

- Исмингиз жисмингизга мос экан, дедим. У “раҳмат” деди секингина.

– Домла, мана бу стратегик режанинг инглиз ва рус тилидаги матни. Унда келажакда қилинадиган ишлар жуда аниқ, равшан ёзилган. Ўқиб, таҳлил қилинг, уч-тўрт кишидан иборат битта гуруҳ тузинг. Уларнинг ҳам лепрологиядан хабари бўлсин. Икки ой муддат ичида Республикамизга тегишли ўн йиллик миллий стратегик режа тузасизлар, кейин уни Вазирликда ва бизнинг ваколатхонамизда тасдиқлаймиз. Хизмат сафари, тиббий аппаратуралар, реактивлар, техника, хуллас, нима талаб қилинса харажатлар бизнинг ваколатхонамиз томонидан қопланади. Европа стандартларига мос равишда ҳаммангизга шартнома асосида маош берилади. Домла, ёшингиз 62 дан ошибди. Одатда биз худди шу ёшгача бўлган шифокорлар билан шартнома тузамиз. Лекин бошлиқ сизнинг кўп йиллик моҳирона меҳнатингизни инобатга олиб, ушбу дастурда ишлашга ва уни бошқаришингизга рухсат берди. Марҳамат, кадрлар бўлимида талаб қилинадиган барча ҳужжатларингизнинг электрон вариантини бизга жўнатинг. Қолган шогирдларингизга ҳам ушбу маълумотларни берасиз, деб ўйлайман.

Шу пайт Жамшид Гадоев хонага кириб келди.

– Домла, бизнинг қизимизга маҳлиё бўлиб қолганга ўхшайсиз, у бизга ҳам жуда керак, - деб ҳазиллашиб қўйди-да, - марҳамат берилган топшириқларни бажаришга киришинг. Ҳа, дарвоқе бизда ҳеч ким мажбуран ишлатилмайди. Сизлар ўз хоҳишларингиз билан режа асосида иш юритишингиз керак. Демак, сиз билан роппа-росасига икки ойдан кейин учрашамиз, - деб у билан хайрлашдик.

Эгамберди Эшбоев.

Давоми бор.