Ҳаётга қайтиш: Шифокорнинг кўрган-кечирганлари (11-қисм)
Биласиз, Хоразм Ўзбекистонинг шимолий ҳудудида жойлашган, бир томондан Қорақалпоғистон Республикалари билан чегарадош. Бу ҳудуд ҳам мохов касаллиги бўйича асосий эндемик ўчоқлардан бири ҳисобланарди. Биз экспедициямизнинг бошида дастлабки беморни Ҳазорасп туманидан аниқлашга муваффақ бўлдик. Бемор йигит эндигина 24 ёшга тўлган экан. Касалликнинг манбаи унинг отаси бўлиб чиқди. Моховга чалинган ота моховхонада тўлиқ давони ўтамасдан 13 йил аввал касалхонадан қочиб кетган, қайтиб даволанмаган. Бу пайтда унинг ўғли ёш бўлган. Орадан 3-4 ой ўтиб, отахонни топишга муваффақ бўлдик. У далада ўзи учун қуриб олган шийпончада яшар экан. Уйига жуда кам келар, одамларга деярли қўшилмай, овлоқда кун кўриб юрган. Эътиборлиси шундаки, гарчанд бемор тўлиқ даволанмаган бўлсада, унинг танасида касалликнинг клиник аҳамиятлари деярли йўқ эди. Оёқ-қўлларида ҳам мутиляция кузатилмади. Бемор жуда кўп меҳнат қилган, яшаш учун курашган. Демак, мохов жуда мураккаб касаллик, унинг юқиш даражасини аниқлаш, ҳатто қачон юқиб қолишини белгилашнинг имкони йўқ. Унинг ўғлини аввал биз даволадик, кейин Россиялик лепрологлар Астрахан лепра институти клиникасида даволашди, аммо натижа кутилганидек бўлмади. Бемор Россиядан пиёниста бўлиб қайтди.
Кейинги изланишларимиз туфайли вилоятнинг Янгибозор туманида, янги бемор эркак аниқланди. У киши кўзларидаги асорат ҳисобига 10-15 йил давомида офтальмологда даволаниб юраверган. Кунларнинг бирида шахсан онаси уни моховхонага олиб борган. Сабаби бу онахоннинг туғишган укаси аввал мохов бўлиб кейин кўр бўлиб қолган экан.
Ҳақиқатан лепрология соҳаси жуда мураккаб фан ҳисобланади. Демак, касалликка клиник ташхис қўйиш учун фақатгина тери касалликларини билиш кифоя қилмайди. Лепролог офтальмология, неврология, эндокринология, микробиология ва эпидемиология каби фанлардан хабардор бўлиши лозим. Орадан 1-2 йил ўтар-ўтмас Хоразмнинг Қўшкўпир туманидан кетма-кет иккита моховга чалинган аёллар аниқланди. Иккаласи ҳам моховнинг оғир кўриниши бўлмиш лепраматоз хили эди. Беморларнинг иккаласи ҳам умуман бир-бирини танимайди. Ёшлари 60 дан ошган. Каттасининг (67 ёш) салкам 17 та, иккинчисининг эса 49 та маиший контактлари бор. Ҳақиқатан ҳам бундай вазиятда эпидемиологик аҳвол оғир ҳисобланади. Ушбу ҳолатни эътиборга олиб, маҳаллий дерматовенерологлар билан биргаликда беморлар аниқланган ҳар иккала маҳалла аҳолисининг етти ёшидан етмиш ёшигача ҳаммасини тиббий кўрикдан ўтказдик. Бемор аёлларни эса вақтинча даволаш учун моховхонага ётқиздик.
Орадан ҳафталар-ойлар ўтди. Кунларнинг бирида хонамнинг эшиги тақиллади. Ўрнимдан туриб, эшикни очиб, у ерда турган одамга ичкарига киришга ишора қилдим. Соч-соқоли ўсган, 30-35 ёшлардаги йигит бошини кўрсатди. Келинг, марҳамат, деб стулга қараб жой кўрсатдим. “Дўхтир, мен онамни кўришга келдим. Ўзим Хоразмликман. Қўшкўпирданман. Кеча келдим. Россияда ишлайман. Уйга борсам сизнинг манзилингизни беришди. Онам қаерда?” деб яна важоҳат билан сўрай бошлади. Мен ҳам бўш келмай: “Олиб борсам борасизми? - деб сўрадим. У ҳеч иккиланмасдан рози бўлди.
– Марҳамат, мана пул, мен учун ҳам самолётга чипта оласиз. Иккинчиси ўзингизга. Индингга саҳар учиб кетамиз, - деганимни биламан:
- Нима, онам шунақа узоқ жойдами? - дея саволга тута бошлади.
- Ҳа, онангиз Қорақалпоғистонинг Нукус туманида, касалхонада даволаняпти.
- Ахир уйдагилар Тошкентда дейишди-ку.
– Йўқ, оғайни онангиз Қорақалпоғистонда.
- Борса-келмасдами?
- Сизга йўқ дедим-ку.
У бошини эгиб, бир муддат жим бўлиб қолди.
– Дўхтир ҳозир ёнимда учиш учун пулим йўқ. Кечқурун поездда Хоразмга кетаман, вақтини келишиб, Қорақалпоғистонда учрашамиз, деб мен билан хайрлашиб кетди. Икки ҳафта ўтиб, у билан Қорақалпоғистонда учрашдик. Касалхонанинг узун коридори бўйлаб охирги хонага кирдик. Битта палатада бир онахон темир кроватнинг четида маъюс ўтирарди.
– Ассалому Алайкум, - деб қаттиқроқ овозда саломлашдим.
– Онахон, сизни кўриш учун ўғлингиз келибди, деб остонада турган ўғлига юзландим. Онахон ўғлини кўрибоқ хапқириб, бағрига босишга ошиққан эди ҳамки, ўғли бир қадам ҳам олдинга юрмади. Иккаласи икки тарафда ҳўнграб йиғлай бошлади. 5-10 дақиқа ўтмасдан коридорни бошқа беморнинг ҳар хил овозлари босиб кетди. Ўғил олиб келган нарсаларини ҳамширанинг хонасига ташлаб, хайрхушламасдан кетиб қолди. “Бу икки инсоннинг учрашуви қайғуларига сабабчи бўлган менман”, деб мен бу ёқдан ич-этимни ея бошладим. Қачонгача бу ҳолат давом этади? Қачонгача одамлар бу касалликнинг бунчалик ваҳимали эмаслигини тушуниб етишади? деган хаёллар миямда айланаверди. Орадан бир ой ўтар-ўтмас онахон вафот этди. Қарангки, онахон аслида моховдан эмас, балки юрак хуружидан вафот этганди.
Қўшкўпирлик иккинчи аёл яхши даволанди, бутун оила аъзолари бағрини очиб уни қарши олишди. Қолган давони амбулатор шароитда уйда даволанишини тушунтирдим. Кетишимдан олдин онахон бир гапим бор деди:
- Уруш тугаганида биз 7-8 ёш бола эдик. Отамнинг укаси Украинада армия сафида хизмат қилган. Шу жойда украиналик аёлга уйланиб қолиб кетган. 3-4 йилда бир келиб, кетар эди. Нуқул қора кўзойнак тақиб юрарди. Биз уни олифтагарчиликка йўярдик. Қорақалпоғистондаги беморларнинг жуда кўпида худди шунақа қора кўзойнак бор. Сенга шуни айтиб қўяй, амакимиз аллақачон вафот этган. У томонлардан ҳеч ким келмай қўйганига анча бўлди. Бу гапларни эшитиб, умуман бошқача бўлиб кетдим. Амакининг исм-фамилиясини олиб Тошкентга қайтдим.
Сафардан қайтиб, ишга келдим. Ишхона алғов-далғов бўлиб ётибди. Ҳамманинг оғзида бир гап: “Директор ишдан кетармиш”. Бирови ундай деса, бирови мундай дейди. Кечга бориб, соат беш-олтиларда директорнинг олдига кирдим. Доимо қабулхонаси тўла одам бўларди, бу сафар ҳеч ким йўқ эди.
– Эшитгандирсан, бекорга кирмагансан. Менга бошқа иш таклиф қилишяпти. Ўрним бировга керак бўлганга ўхшайди.
– Сиз тадбиркорсиз, ҳамма ишни қилиб кетаверасиз.
– Биламан, мен сени бироз қийнаб қўйдим. Сен янги директор билан бемалол ишлай оласан. Ишончим комил. Эртага хонадаги юкларимни малака ошириш институтига олиб бориб берсанг.
Ҳақиқатдан эртасига эски хўжайинни айтган жойига кузатдик. Янги директорни эса кутиб олдик. Ҳар доимгидек бўлим бошлиқларини янги директор хонасига чақириб яқиндан танишиб чиқди. Мен билан ҳам ёлғиз суҳбатлашди. Хуллас, ҳамма каби келажакдаги илмий ишлар борасида келишиб олдик. Суҳбатимиз охирида: “Домла сизга тегишли янгилик бор. Олий аттестация комиссиядан хат бор. Сизга профессорлик илмий унвонини беришмоқчи. Биринчи илмий кенгашда ҳужжатларингизни кўриб чиқамиз, зудлик билан тайёрланинг!” деди.
Миннатдорчилигимни билдириб, кўтаринки кайфиятда унинг олдидан чиқиб кетдим. Бир йил муқаддам Олий аттестацион комиссияси (ОАК) раиси бир келиб кетинг, деб илтимос қилганди. Ҳамма ишимни йиғиштириб, директордан рухсат сўраб раис олдига ташриф буюрдим. У киши мени жуда яхши кутиб олди. Салом-аликдан сўнг учрашув сабабини айтди. Деразага қараб “Хўв, анави арча ёнида турган ёш аёл менинг қизим. Ҳомиладор. Биринчи фарзанди. Ўзи талаба. Шу десангиз тери-таносил касалликлари фанидан бир-икккита дарс қолдирган. Унинг устига худди шу фандан дарслиги ҳам йўқ экан. Сиз тери таносил касалликлари дарслигининг муаллифи экансиз. Бизга сизнинг китобингиздан керак. Цикл ўтгандан сўнг қайтариб берамиз,” деди.
– Э, домла, мен китобни ёшлар учун ёзганман. Мана, марҳамат, - деб папкамдан бир дона китоб чиқариб бердим. Худди билгандай олиб қўйган эканман. У киши шу заҳоти деразани ичкаридан очиб, қизига китобни узатди. У ҳам миннатдорчилигини билдириб, хайрлашиб кетди.
- Ука, сизга раҳмат. Ишимизни ҳал қилиб бердингиз. Хўш, бизга қандай хизматлар бор.
- Аввало, сиздек инсон билан танишганимнинг ўзи катта гап.
- Шунча дарслик, монографиялар ёзган экансиз, профессорлик илмий унвонини олганмисиз?
- Йўқ, - дедим.
У эса:
- Бизга кичкина методик қўлланма ёзганлар профессорлик унвонини сўраб келишади. Нечта шогирдларингиз бор?
- 4 та. Кечирасиз, ҳали тўртинчиси диплом олганимча йўқ.
Шу пайт у ички телефондан муовинини чақирди. 3-4 дақиқа ўтмасдан муовин ҳам кириб келди.
- Карим ака, бу кишини танийсизми?
- Ҳа, албатта. Дерматологияда ишлайдилар. Бир қанча китобларини ўқиганман.
- Бўлмаса, гап бундай. Зудлик билан ҳужжатларини тайёрланглар. Кейинги махсус илмий кенгашда кўриб чиқамиз.
- Ука, сиздан илтимос, ишхона директори номидан менга хат олиб келинг, - дея у мен билан хайрлашди.
Эртасига бўлган суҳбатни директорга маълумот тариқасида етказдим. Директор бош шифокор билан, профсоюзнинг раисини таклиф қилди. Менга тегишли кичкинагина маълумот катта жанжалга айланиб кетди. Ҳеч нарсани тушунмай қолдим. Мен нима ёмон гап гапирдим, ақлим етмасди. Кейин ҳаммаси аён бўлди. Хуллас директор Олий аттестацион комиссия раиси номига хат ёзмайдиган бўлди. Кейинчалик билсам Олий аттестацион Комиссия раиси ташаббусни ўз қўлига олиб, биринчилардан бўлиб хат ёзган. Аммо эски директор уни сақлаб, ҳар хил баҳоналарни рўкач қилиб юраверган. Янги директор эса кўп ҳам чўзмади, ҳақиқатдан биринчи илмий кенгашдаёқ менга профессор илмий унвони беришни бир овоздан маъқуллашди. Орадан икки ой ўтар-ўтмас маҳалладошим – гигиена бўйича профессор Анатолий Сагатбоевични кўриб қолдим. Салом-аликдан сўнг у киши:
- Табриклайман, бугунги Олий аттестацион комиссияси илмий анжуманида сизга “профессор” илмий унвонини берибди. Буюрсин, ука, - деб мени қаттиқ қучоқлаб бағрига босиб қўйди. Кечга бориб эса маҳалладош дўстим билан янги унвонни “ювдик”.
Хурсандчилик кунларимнинг бирида Соғлиқни Сақлаш Вазирлигига кечга томон боришимни сўрашди. Вазирликда аввал кадрлар бўлимининг бошлиғи мен билан суҳбатлашди. Гаплари қандайдир чигал, тушуниб бўлмасди. “Моховлар тўғрисидаги маълумотларни кимга бергансиз?”
– У ерда ҳеч қандай сир йўқ. Ҳаммаси тарихий маълумотлар ва кўрсаткичлар. Хуллас, домла, қўшни хонада сизни Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) ходими кутмоқда. Жавоб беришингизга тўғри келади.
Ичкарида менга нотаниш одам ўзини МХХ полковникиман, деб таништирди ва қизил ҳужжатини кўрсатди. Салом-аликдан сўнг хорижда айнан қайси давлатларда бўлганлигимни, у ердагилар билан нималар тўғрисида суҳбатлашганимни, кимларни танишимни майдалаб сўради. Ахири хуноб бўлиб, “Тўғри тушунинглар, буларнинг ҳаммаси конференция пайтида қилинган ишлар ҳамда уларнинг таҳлиллари-ку, - дея жавоб қайтардим. Шу пайт полковник ўрнидан туриб, “Сиз японияликларга элчихонада ўз қўлингиз билан махфий ҳужжатларни бергансиз. Эвазига нима олдингиз”, деса бўладими.
– Э, оғайни, гап бу ёқда денг. Мен уларга фақат моховга чалинган япон аскарларининг касаллик тарихидан кўчирма берганман, холос. Иккинчи Жаҳон урушидан кейин Квантун армиясининг асирга тушган бешта махбусида мохов аниқланган. Улар бизнинг касалхонамизда даволанишган. Эрон, Латвия, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Тожикистондан келиб қолган беморларнинг касаллик тарихлари менинг уйимда ётибди. Уларни ҳеч бир давлат даволаш муассасаси ўз архивига олишмайди. Бу ҳужжатларни мендан бошқа ҳеч кимга кераги йўқ, - дедим. У эса: Юқиб қолишидан қўрқмайсизми?, деб менга қаради. Мен унинг юзига тик қараб: “Йўқ, қўрқмайман”, дедим. – Кейинги ҳафта Ўзбекистонга 10 нафар япониялик меҳмонлар келяпти. Олий Мажлисдан рухсат сўрабди. Фақат улар Қорақалпоғистондаги моховхонага боришар экан. Нима дейсиз? Японияда бир умр топганини моховларга ҳадя қиладиган миллиардер бор. У бутун дунёдаги беморларга ўзининг гуманитар ёрдамини бериб келади. Исми Сосо Кава. Ҳозирги моховларга биз бераётган дори-дармонларнинг ҳаммаси унинг хайрия ёрдами ҳисобидан бепул амалга оширилади.
- Бу фикрларингиз яхши. Аммо бизнинг рухсатимизни айланиб ўтманг. Биз ҳаммасидан хабардор бўлишимиз керак. Энди кейинги масала. Бу гапларни беш йилгача ҳеч кимга айтмайман, деб сўз беринг ва мана бу ерга имзо чекинг. Қоғозга қарамасдан имзоимни қўйдим. Шундан кейин у секин гапира бошлади: - Қўшни МДҲ (Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги) ташкилоти раҳбарининг юзига қўрқинчли тошмалар тошиб кетган. Кимдир уни кислота тўкилиб кетган деса, бошқа биров мохов бўлиб қолган дейди. Бизнинг ҳам раҳбаримиз у киши билан кўп марта учрашган. Айтингчи, юқиб қолиши мумкинми?
- Йўқ, юқмайди. Авваламбор у киши мохов бўлмаган, иккинчидан давлат раҳбарлари орасида 50-60 йилки ҳали ҳеч ким бу касалликка чалинмаган.
- Ёлғиз ўзингиз бундай фикрларни эркин айтишга қўрқмайсизми?
- Қўрқмайман! Олган, ўқиган билимларим, амалий тажрибаларим буни исботлаган.
- Энди, домла, яна битта илтимосим бор. Шахсий илтимос. Фақат буни сир сақлайман, деб сўз беринг. Шу десангиз чов соҳамда оқимтир доғ бор, жуда кўп қичийди. Айниқса, пиёда юрсам ачишиб безовта қилади.
- Қани бир кўрсатинг!
Қарасам замбуруғли касалликларда учрайдиган кепакланиб турувчи оқимтир доғ экан. Дарров дорисини ёзиб бердим, газли, ширин шарбатлар, ичимликларни кўп ичманг!
- Вой оғайни, ҳар куни камида икки литр газли Кока-Кола ичаман-ку.
- Мумкин эмас. Ёзиб берган малҳамни 2 маҳал суртиб, газли ичимликларни камайтирсангиз 5-6 кунда албатта тузалиб кетасиз, деб полковник билан хайрлашдим. Кейин билсам бир-иккита шифокор унга “пес бўлиб қолгансиз” деб унинг “жонини олган экан”.
Эгамберди Эшбоев,
Дилафруз Эшбоева.
Давоми бор.