Ҳаётга қайтиш: Шифокорнинг кўрган-кечирганлари 13-қисм (якун)
Воқеалар ривожи жуда тезлашиб кетти. Уч-тўрт ой вақт ўтди, миллий стратегик режани Европачасига тузишнинг ўзи бўлмади. Режанинг ипидан игнасигача эътибор берилди. Асосий муаммо тиббиётнинг бошқа соҳаси, жумладан, невролог, офтальмолог, эпидемиолог, врач-лаборантларни қайта тайёрлаш, айниқса, раҳбар ходимларга дискриминация тўғрисида тушунтириш ишларини олиб боришга қаратилган эди.
Роппа-роса беш ой деганда миллий стратегик режа аввал вазирлик томонидан, кейин Жаҳон Соғлиқни Сақлаш ташкилоти томонидан тасдиқланди. Ваколатхонанинг эскперти сифатида биринчи марта маош олганимдан бошим осмонга етди. Буёғига барча харажатлар ваколатхона ҳисобидан тўланадиган бўлди.
Олдинда Қорақалпоғистон ҳудудидаги касаллик ўчоқларини бирма-бир ўрганиш турибди. Қорақалпоғистонда аниқланган беморлар, Собиқ Иттифоқда 70 йил давомида аниқланган (12.000 дан 14.000 гача) беморларнинг 20-25 фоизини ташкил қилган. Айниқса, Орол бўйи атрофидаги Мўйноқ, Тахтакўпир каби туманларда 100 000 аҳоли орасида касалланиш 30-34,4 ни ташкил қилган, айрим қишлоқларда 188 дан ошиб кетган. Гарчанд эндемик ўчоқнинг фаоллиги сўндирилиб, спорадик ҳолатга туширилган бўлса-да, унга барҳам бериш учун бундан буёғига шиддат билан ишлашимиз керак.
Тирик қолган беморларни ва уларнинг оила-аъзоларини ҳақиқий ҳаётга қайтаришимиз керак. Муҳими энди улар кўздан панада эмас, уларни ҳеч ким яширмоқчи ҳам эмас, давлат томонидан ҳам, жаҳон ҳамжамияти томонидан ҳам уларга ёрдам кўрсатиш учун кенг йўл очилган эди. Мен эса мароқ билан ишимни давом эттиришга киришдим. Барчангизга соғлиқ тилайман.
Тамом
Муаллифлар:
Эгамберди Эшбоев
1958 йили Тошкент вилоятида таваллуд топган. Тиббиёт фанлари доктори, профессор. 370 дан ортиқ илмий мақолалар, шу жумладан, бир қанча дарсликлар “Тери ва таносил касалликлари”, “Микробиология, вирусология, иммунология”, “Микробиологиядан амалий машғулотлар” ҳамда “Урогенитал этиологияли реактив артритлар”, “Улар энди борса-келмас”га юборилмайди”, “Мохов таёқчасининг қурбонлари” каби китоблар муаллифидир.
Бош лепролог сифатида Ҳиндистон, Непал, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Туркия каби чет давлатларда лепрологиянинг долзарб муаммоларига бағишланган маърузалар билан чиқишлар қилган. Ҳозирда у Республика Ихтисослаштирилган Дерматовенерология ва Косметология илмий-амалий тиббиёт маркази лаборатория мудири, Тошкент Вакцина ва Зардоблар институтининг прфессор-консултанти лавозимида ишлаб келмоқда.
Дилафруз Эшбоева
1985 йили Сирдарё вилоятида туғилган. 2008 йили Ўзбекистон Давлат Жаҳон Тиллари университетининг Халқаро журналистика факультетини тамомлаган. “Адолат кўзгуси”, “Шифо-инфо” газеталарда фаолият юритиб, 100 га яқин мақолалар муаллифи. Ҳозирда Ўзбекистон Журналистика ва Оммавий Коммуникациялар университетининг магистранти.