Ҳаётга қайтиш: Шифокорнинг кўрган-кечирганлари (7-қисм)

7-қисм

Кечга бориб Олимжон Самарқандга, мен эса Жиззах томон йўл олдим. Эртасига эрталаб вилоят тери-таносил касалликлари диспансерига кириб келдим. Диспансер шаҳарнинг четидаги қирликнинг бағрида жойлашган бўлиб, атрофида дов-дарахтларнинг ўзи йўқ. Ҳаммаёқ қаровсиз, касалхона деворлари кўчиб, нураб ётибди. Тўғриси, Жиззах диспансерида ишим юришмади. На бош шифокор, на бошқа дўхтирлар, вилоятда моховларнинг бор-йўқлигини, ҳисобдаги беморларнинг манзили қаерда эканлигини умуман билишмади. Худди шундай ҳолат Сирдарё вилоятида ҳам кузатилди. Ҳеч ким ҳеч нарсани билмайди. Шунда Худойберди деган эски шифокор мени секин ўз хонасига таклиф қилди.

– Шу десангиз, меҳмон, 10-15 йил аввал менга давлат бажарган ишларим учун 30 фоиз устама ҳақ берарди. Энди эса йўқ. Қарабсизки, йиллар мобайнида лепрология деган хизмат умуман унутилди. Тўғрисини айтсам, ҳамма беморлар бошқа жойдан бўлиб, кўпчилиги корейс, қозоқ ёки қорақалпоқ эди. Жиззах вилояти алоҳида бўлмасдан олдин уларнинг ҳудудига ҳам мен қарардим. У ердаги беморлар ҳам Булунғур лепрозориясидан даводан кейин чиққан эски беморлар бўлиб, уларнинг ҳам кўпчилиги қозоқ, қорақалпоқ, корейс ва битта-иккитаси Қирғизистоннинг Жалолободидан эди. Икки вилоятдаги умумий беморлар сони 15-20 тадан ортмасди. Моховлар ичида асли Жиззахлик ёки Сирдарёлик маҳаллий халқ вакилларидан ҳеч ким бўлмаган. Менга 3-4 кун беринг, уйда эски дафтарларимни бир варақлаб кўраман.

Кейинги манзил Тошкент вилояти бўлиши керак. Вилоят тери ва таносил касалликлари диспансери бош шифокори Сагдулла Саипов жуда вазмин ва ўткир раҳбар экан.

- Бу тарихий изланишларни жуда яхши қилибсиз. Мохов касаллиги бир пайтлари жуда кўп бўлган, шу жумладан, пойтахтнинг шундоққина биқинида жойлашган. Вилоятимиз ҳудудлари бундан мустасно эмас. Сиз бугун улгурмайсиз, эртага келинг. Мен сизга машина ва ёрдамчи-ҳамроҳ бераман. Бугун биз бутун бир архивни кўтарамиз ва сизнинг келишингизга барча материалларни тахлаб қўямиз, - дея ваъда берди.

Интизорлик билан эртани кутиб уйга келдим... Салом-аликдан сўнг оилам койий бошлашди.

– Жуда қорайиб кетибсиз, анча озгансиз. Сочларингиз жуда ўсиб кетибди. Пулимиз ҳам ҳисобли бўлиб қолди. Москвада юрганингизда бунчалик қийналмагандик. Охирги икки-уч ой ичида ўғилларингизнинг юриш-туриши ўзгариб қолган. Айниқса, ўртанча ўғил тез-тез кеч келадиган одат чиқарди. Дарсларга ҳам қатнашмай қўйган. Ўтган сафарги ота-оналар мажлисида синф раҳбари анча норози бўлди. Келаси сафар йиғилишга отаси келсин дея, қайта-қайта тайинлади.

Эртасига Сагдулла Саиповичнинг олдига боролмаслигим тўғрисида телефон қилиб қўйдим ва тўғри ўғлимнинг мактабига бордим. Ўғлимнинг синф раҳбари билан танишгач, асл мақсадга ўтдик.

– Болангиз 4-5 ой аввал тартибли, ўқиши анча яхши эди. Билмайман 2-3 ой ичида айниди-қолди. Ўзлаштириши пасайиб кетган. Мактаб ўқитувчилари билан муносабатлари яхши эмас. Ўзингиз ҳам тиббиёт соҳасида ишлар экансиз, бир чорасини кўрмасангиз бўлмайди, - дея мени кузатиб қўйди.

Мактаб ҳовлисидан юрар эканман, бошимни кўтара олмадим. Ҳамма нарсага тайёр эдим, лекин бунга эмас. Кечқурун ҳаммамиз дастурхон атрофида кечки овқатни қилдик. Кейин ўғлим билан гаплашдим, нима бўлаётганини сўрадим. Нимагадир ўғлимнинг гаплари бир-бирига мос келмасди. Кейин сўзининг охирида “Мен бой бўлмоқчиман. Ахир уйда бирон марта ҳам тўйиб тансиқ таом еганимизни эслолмайман, деди. “Сизга фақат иш, китоб бўлса бўлди”, деди-да, хонасига кириб кетди.

 14 яшар боламнинг айтган гаплари бутун танамни тешиб ўтди гўё. Кейин ўйланиб қолдим:  Ахир биз бундай ёшда отамизнинг ёрдамчиси эдик. Ҳар куни ўт ўришга борардик, қишга хашак йиғардик. Отамизни ёнида юрардик. Далага чопиққа чиқиш кундалик ишимиз эди. Қишга ўтин-тезак тахлардик, эшакда ҳар куни сув таширдик. Шунга қарамасдан бирон марта дарс қолдирмаганман, ҳатто “2” баҳо олмаганман. Ота-оналар мажлисида уйдагиларим фақат мақтовлар эшитишган. Мен қаерда адашдим... энди билсам, ўзим тинимсиз ишлаганимга фарзандларим ҳам шундай бўлади, деган хом-хаёлда юрганман.

Айтилган кундан икки кун ўтиб, Сагдулла Саиповичнинг ҳузурига бордим. У киши ҳар доимгидай мени жуда илиқ кутиб олди.

- Хўш, чой ичасизми ёки қаҳва? Келинг, қаҳва ича қолайлик. - Кейин у стол устида турган сигарет қутисини ичидан бир донасини олдида оғзига солиб тутатди. Бирданига унга қараб мен ҳам “сигарет беринг”, дедим.

 - Ие, сиз чекмасдингиз-ку,- деди.

  • Сизга ҳавас қилиб чекмоқчиман. Лекин у юзимга қарадида “ишда тинчликми”, деб қўйди.

Шу билан яна ишнинг муҳокамасини бошладик.

  • Хўш, ука, бутун Тошкент вилояти бўйича аниқланган беморларнинг манзили, исм-фамилияси, ёши, қачон касалликка чалинган ҳамма-ҳаммасининг рўйхатларини тузиб сиз учун тайёрлаб қўйдик. Марҳамат, ёнингизга шерик қўшиб бераман, барчасини уйма-уй юриб ўрганинглар. Тўғриси, сизнинг келганингиз яхши бўлди. Бу соҳани анча унутганмиз. Сиздан аввал Шарофиддинов деган шифокор узоқ йил лепролог бўлиб ишлаган. Шу кишидан анча маълумотлар олсангиз бўлади, - деди сигаретасини қўлига олиб, Сагдулла Саипович.

Тушдан кейин Сагдулла ака берган дастлабки манзилга етиб келдик. Бу ер Бўстонлиқ тумани Ғазалкент шаҳарчаси эди. Қаранг, бу ердаги беморларнинг ҳар иккитасидан биттаси ё қозоқ, корейс ёки қорақалпоқ эди. Уларнинг ичидан битта аёл биз билан астойдил суҳбатлашди. – Мен асли Сурхондарёнинг Деновиданман. Мана бу акангга моховхонада 21 ёшлигимда турмушга чиққанман. У киши ҳам асли Қизилўрдадан. Йигирма йилдан ортиқ моховхонада биргаликда даволанганмиз. Иккаламизнинг ҳам оёқ-қўлларимизнинг нервлари ўлган, териси яхши сезмайди. Болаларимиз кунимизга яраб турибди. – Сен болам, бу касалликдан қўрқма, ҳаммага ҳам юқавермайди. Ўзи айрим жойларда касалликнинг ини бор, ана шу жойлардагиларга юқади. Бошида умуман ҳеч нарсани ҳис қилмай юраверасан. Кейин аста-секин кучинг қолмайди. Бурнингдан нафас олиш қийинлашади. Оёқларинг оғрийдиган бўлиб қолади. Орадан яна 1-2 йил ўтгач баданинг терисига оқимтир доғлар тушади. Доғлар кепакланмайди, оғримайди, ҳатто қичимайди. Бу касалликни унча-мунча дўхтир билавермайди. Хонама-хона санғиб юраверасан. Касаллик билан курашаман дейсан. Мен сенга битта гапни айтай, беморларнинг жуда кўплари бир-бирига қариндош, шунинг учун илдизини изла. Менинг эримнинг отаси, менинг эса акам шу касалликка чалинган. Акам Сурхондарёда туради. Касаллик туфайли “манқа” бўлиб қолган. Иккита текинхўр фарзанди бор. Биз юз кўришмайдиган бўлиб кетганмиз...

Қаранг, икки ой аввал бу кишининг акаси билан учрашган эканман, деб хаёл суриб тургандим. У кишининг эри ҳам гапга қўшилди. Анави тепанинг олдида Ким ака деган корейс бор. Шунга бор, яхши совға олгин, айниқса, ароқни яхши кўради. У бутун Тошкент атрофидаги моховга чалинган беморларни ёдма-ёд билади. Мазза қилиб эшитасан. Лекин бировга уларни айтсанг, кейин сени кечирмайди, калланг кетади.

Қозоқ амакига ҳам икки шиша вино ва майда-чуйда совға олиб бердик-да, у киши айтган Ким аканинг хонадонига бордик. У эски бир ҳужрада бир ўзи турар экан. Эшикни анча вақтгача тақиллатдик. Аввалига бизга бақира кетди. Кейин уст-бошимизга қараб меҳмонмисизлар деб сўради. Биз унга сизни кўргани келдик. Тошкентданмиз, дўхтирмиз деб аранг тушунтирдик. Ким аканинг озроқ кайфи бор экан. Ароқни кўриб, кайфияти яна кўтарилиб кетди. Бир амаллаб эски стулларга ўтирдик. Кейин у юзимизга қараб ароқни оч, ичамиз, - деди. Унга ичирдик ҳам, кейин секин оёқларига қарасам 1-2 та бармоқлари йўқ, борининг ҳам атрофи яра-чақа бўлиб кетган. Боғланган бинт ҳам эскириб қон аралаш кир бўлиб ётибди.

– Хўш, сизлар қанақа дўхтир?

Мен ҳам унинг аҳволини кўрдимда гап айлантирдим.

-Сиз, Ким ака ўзбекчани жуда яхши билар экансиз. Танишганимдан хурсандман. - Шунда у ҳовлиқиб “бунақа хушомадни ҳеч қачон эшитмаганман, деди.

- Сен ҳам 20 йил ўзбек, тожик ва қорақалпоқларнинг ичида изоляцияда яшагин, керак бўлса хитойчани ҳам ўрганасан. - Энди Ким ака ароқни стаканга қуйиб, бемалол ичаверарди. - Менинг олдимга бу атрофдан ҳеч қачон дўхтир келмаган, фақат аввал Булунғурдан келарди. Сен иккаланг ҳам шу тарафдан бўлсанг керак, - дея ўшқирди. Шунда ҳамроҳим ҳозир келаман, - деб ҳовлидан чиқиб кетди.

  • Бўлмаса эшит, менинг ҳам ҳа демай куним битади. Биз корейсларни урушдан олдин Узоқ Шарқдан Совет ҳукумати депортация қилган. Поездда оч наҳор ойлаб юрганмиз. Жуда кўпчилик манзилга етиб келмаган. Касалмисан, соғмисан, ҳеч кимни аяб ўтиришмаган. Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ботқоқли қамишзорларига олиб келиб ташлаган. Ана шу жойларни обод қилганмиз, шоли экиб ўзимизни ҳам, халқимизни ҳам боққанмиз. Қишни қиш, жазирама ёзни иссиқ демай меҳнат қилдик. Эвазига касал бўлдик. Сенга моховлар керак бўлса, дарёларнинг ёқасидан изла. Энди сенга жавоб мен чарчадим. Бошқа келма.

Қолган хонадонлар ҳам бир-биридан фарқ қилмасди. Аммо беморларнинг кайфияти мутлақо бошқача эди. Қайси бири ишласа ёки бирон бир тирикчилик билан машғул бўлса, уларнинг ўзларини тутиши, уй-жойи оддий одамларникидан айириб бўлмасди. Лекин кўпчилиги, айниқса, эркаклар ичкиликка ружу қўйган бўлса, шароити жуда ачинарли эди. Шунга яраша болалари ҳам кўп ичар, ишининг тайини ҳам йўқ, ҳатто бир неча бор қамалиб ҳам чиққан эди.

Тошкент вилояти ҳудудидан охирги янги бемор 1994 йили аниқланган. У ҳам Бўстонлиқ туманидан. У киши касалланганда бор-йўғи 20 ёш бўлган. Секин-аста суриштирсам даводан сўнг савдо-сотиқ билан шуғулланар экан. Розилигини олиб, бутун танасини кузатдим. Қаранг, моховга хос бирон бир клиник белгиларни топмадим. Яхши даволангансиз деб қўйдим. Аммо касаллик кимдан юққанлигини ҳеч ким билмасди. Совғани қуюқроқ қилиб эртаси куни Ким аканикига бир ўзим бордим. Чунки ҳамроҳимни қайтиб топа олмадим. Ким ака боши оғриб юрган экан. Янги бемор ҳақида сўраган эдим: сурхондарёлик аёлнинг олдинги эридан бўлган боласи-ку,- деди.

- Ахир бир марта турмуш қурганман деганди?

- Э бола, билиб қўй, моховхонанинг ўзининг қонун-қоидалари бор. Ким сенга икки марта эрга текканман, дейди. Кейин айтай, фарзанд дунёга келгандан сўнг уни ажратиб олиб қўярди. Болалар уйига олиб кетарди. У бола қайтганча, кейингисини туғишарди. Кўпчилик болалар қайтиб келса, отаси ёки онаси дунёдан кўз юмган бўларди. Уйсиз, жойсиз, саргардон бўлганлари қанча. Менинг бир корейс ҳамюртимнинг ўғли моховхонада туғилган. Катта бўлиб келиб аҳволни кўрган. Чидай олмасдан атайлаб ўғирлик қиларди. Кейин қамаларди. Шу тариқа уч марта қамалди. Уйи-жойи йўқ ўғри боласининг умри қамоқхонада ўтди. Аммо мард экан, ота-онасининг сўнгги нафасигача моховхонага келиб, ўзи қаради. Ўлганида дафн қилди, кейин қайтиб кўрмадим.

- Нима моховхонада соғлом болалар келиб яшайвериши мумкинмиди?

– Эээ  дўхтир, мен сенга айтдимку, моховхонанинг ўзининг қонун-қоидаси бор деб. Икки юздан ортиқ беморлар ичида қанчадан-қанча дарддан қочган одамлар яшарди. Ҳатто урушга бормаслик учун ўзига “мохов” деган ташхисни қўйдирганлар нечта. Ким уларни текширади? Ахир у жойларга киришга ҳамма ҳам қўрқади-ку. Текширадиганларнинг ҳам жони бор. Жуда бўлмаса соққасини олади, кетаверади, тамом. Шунгаям янги Америка очиш керакми?

Бу гапларни эшитиб бошим қотди. Бу моховхонада нима ишлар бўлмаган ўзи? Демак, одамларни йиллаб бир жойда сақлашнинг ўзи бўлмайди. У дарахт бўлсаки, бир жойга экиб қўйсанг, ўсиб ётаверса. Йўқ ундай эмас, у ҳам илдиз отади, йиллар ўтиб, ёнидан янги томирлар чиқаради. Улардан эса ёш новдалар ўсади. Одамлар ҳам ҳар қанақа қийинчиликка мослашади.

Роппа-роса икки ҳафтадан сўнг Тошкент шаҳрида аниқланган беморлар билан қизиқа бошладим. Ҳеч бир даволаш муассаса раҳбари ёки ходимлари бирон бир тайинли маълумот бера олмади. Яна Бўстонлиққа Ким аканинг олдига бордим. - Сен мендан ҳеч қанақа янгилик ололмайсан! Қайтиб Булунғурга бор, шу ерда икки кўзи сўқир Тўхта деган бемор бор, агар тирик бўлса. Шу аёл асли Тошкентлик, шаҳарлик беморларнинг ҳаммасини билади.

Шундан сўнг Ким акага миннатдорчилигимни айтиб уйга қайтдим. Бир-икки кунлик дамдан сўнг сумка, фотоаппаратимни олиб, яна Булунғурга йўл олдим. Қаранг, таксичи йигитнинг ота-онаси моховхонага яқин қишлоқларнинг бирида турар экан. Шунинг учун йўлдан адашмадик, ҳаш-паш дегунча тушлик бўлмасдан моховхонага кириб бордим. Таксичи йигит келишга ваъда берди.

Ҳар бир палатага кириб, беморлар билан қуюқ суҳбатлашдим. Тошкентдан олиб келинган совға-саломни улашдик. Камига атрофдаги дўкондан, шакар, мой, конфет, совун, ҳатто оёқларига пайпоқ ва калиш ҳам келтириб бердик. Шунда бош шифокор дўхтир жуда сахий бўлиб кетдингиз, шунча харажатларга пулни қаерда олаяпсиз? Мен қаддимни кўтариб дедим: “Дунёда шундай инсонлар ва улар қурган жамиятлар борки, уларнинг пули жамики ер юзидаги моховларни боқишга етади”. Бош шифокор зўр экан, деб мийиғида кулиб қўйди.

Тўхта опа тирик экан.

- Бўлаётган ишларни эшитиб хурсанд бўлдим, - деб кекса аёл гап бошлади. Келганимда 9 ёш эдим. Тошкентнинг Тахтапулиданман. Опам Саида ҳозир Қорақамишда туради. У ҳам бу ерда 15-20 йилдан буён даволанади. Касаллик қандай юққанини билмаймиз. Отамизнинг эски шаҳарда кўнчилик дўкони бўлган. Биз опа-сингиллар ҳам дўконнинг майда-чуйда ишларида ёрдам берганмиз. Катталарнинг айтишича, онамнинг укаси, яъни тоғамизда қандайдир тери касаллиги бўлган, бояқиш эрта ўлиб кетди. Эски шаҳарда Чиғатой деган маҳалладан, Эшонгузардан, Бешёғоч ва Чилонзордан келиб даволанган ўзбеклар кўп бўлган. Вокзал атрофидан келганлар ҳаммаси рус эди. Сталин районидан яна битта-иккита қирғиз, корейс ва қорақалпоқлар ҳам бўлган. Сен яхшиси, моховхонанинг архивини кўтар.

Тўхта опага минг бор раҳматларни айтиб, бош шифокорнинг хонасига бордим. Тўғрисини айтсам, бу хонада шифокорликнинг ҳеч қанақа белгиси йўқ эди. Аксинча поллар тешилган, ойналар ярим ямоқ, ҳатто эшикни очиш дасталари ўрнига латта боғлаб қўйилганди. Хонанинг бир томонига эски сандиқ устига ҳар хил хажмдаги кўрпачалар қинғир-қийшиқ йиғилганди. Ҳидни айтманг, худди аввал бу хонада сичқон ва каламушлар яшаган. Бош врачнинг уст-боши ҳолати ҳам хонага мос эди. Иккиланиб секин сўрадим:

- Менга архив материаллари керак. Қанақа қилиб танишиб чиқсам бўлади?

- Бир йилдан ошди. Архив, поликлиника, ички аптека жойлашган бинонинг томи ёниб кетган. У ерга ҳеч ким кирмайди, иложи йўқ, авария ҳолатида.

У шундай гапирар эдики, худди ҳеч нарса бўлмаганидек. Ёнғин хавфсизлигидан келиб кетишган. Моховхонанг чириб тамом бўлган. Уни ёпиш керак, деб ҳар йили ўшқиришади. Таъмир ишларига биров бир тийин бермайди, ёнига борсанг олдига солиб, ҳайдайди. Оғайни, бу касалхона ҳеч кимга керак эмас. Авваллари бу ердаги шифокорлар вилоятлар бўйлаб эндемик ўчоқларни текширишган, янги касалларни қидиришган. Ҳозир бу соҳада бундай ишлар умуман амалга оширилмаяпти. Қаерда ким борлиги, ҳеч кимни қизиқтирмайди. Бир амаллаб фаррош қоровул ва ҳамшираларга учма-уч қилиб ойлик бериб турибмиз. Кимга борсанг “Отангга бор, онангга бор”, дейишади. Кейин айтиб қўяй, моховхонадаги асосий беморлар Ўзбекистонлик эмас. Бир вақтлар олиб келинган ва Ўзбекистоннинг паспорти берилган. Буларнинг кетадиган жойи ҳам йўқ. Фақат ўлсагина қутиламиз.

Асабийлашдим. Унга қарата “Сиз бош шифокорсиз беморлар тўғрисида ҳеч қачон бунақа фикрда бўлманг. Улар бизнинг фуқароларимиз. Мен ҳам қараб турмайман, албатта ёрдам бераман. Сиз ҳам берса ейман, бўлмаса ўламан деган зайлда иш тутманг. Биргаликда ишлаймиз”, дедим. 

Эгамберди Эшбоев.

Давоми бор.