Ҳаётга қайтиш: Шифокорнинг кўрган-кечирганлари (5-қисм)
Икки соат ичида моховхонанинг ҳамма томонини яёв айланиб чиқдик. Боғ-у ярим ўрмонзорни, чўлу қамишзорларни кўрдик.
Бу жойларда - одамлардан йироқда кимлар яшаб ўтмаган. Кимларнинг бутун ёшлиги, муҳаббати, ҳаёти поймол бўлмаган. Тутқунликда, ўз ота-онасидан, фарзандларидан олисда тўрт девор ичида касаллик азобини тортишган. Ҳатто ака-укаси-ю, опа-сингилларининг, қўйингки жамики қавму қариндошларининг тўй-маъракасини кўрмаган. Улар учун булар аллақачон изсиз йўқолган. Ким ўз оғасини ёки инисини моховхонада, деб айта олади. Тўғриси, алломаси ҳам айтмайди.
Ҳафтанинг иккинчи ярмига бориб, Қорақалпоғистонда ўтган сафарим ҳам якунига етди. Кечки рейсда самолётда уйга қайтдим. Бир ярим соатлик парвоз пайтида мен дунёга келган ёш боладек талпиндим, кўрган ҳамма янги дўстларимни эсладим. Эшитган гапларнинг барчасини таҳлил қилдим. Бу олам-олам янгиликлар жаҳоннинг янги масканини очгандай гўё.
Айниқса, бемор Сойипназар аканинг бир гапи хотирамда худди михланиб қолгандай эди. “Биз дарахт билан ҳасратлашамиз. Чунки у илдизи билан ер қаърига кириб, у билан сўзлашади. Шох-шаббасининг учи билан мовий осмонга интилади. Тепада туриб, дунёни кўради. У сени сезади ва бутун танаси билан дардингни олади. Одамларга ўхшаб ҳар хил бемаъни фикрларни айтмайди. Аксинча, ям-яшил барглари сенга янги ва тоза ҳаво инъом қилади. Бунақанги куч-қудрат инсониятга насиб қилмаган. Унинг оёғи ернинг ичида, боши эса осмонда.
Эртасига институтга келиб қилинган ишларни, кўрганларимни директорга қисқача етказдим. У киши ҳам шошмасдан эшитди. Кейин ўз фикрини айтди:
- Бу жойларга биз томондан ҳеч ким бормаган. Эҳтимол, авваллари кимдир боргандир. Бизда маълумотлар йўқ. Сиз ҳаммасини чиройли қилиб баён қилиб ёзинг, керак бўлса илмий кенгашга маъруза сифатида тайёрланг. Лепрология соҳаси бизлар учун худди охири йўқ ўрмон. Мустақилликка эришганимизга ҳали ўн йил бўлгани йўқ. Давлатимизнинг чегараси энди бутун дунё аҳли учун очиқ. Биз бўлсак моховхоналардан қўрқиб юрибмиз. Бу борадаги сир-синоатларнинг ҳаммасини очиб ташланг. Барча тиббиёт ходимлари, керак бўлса, оддий инсонларни ҳам хабардор қилишимиз керак.
Профессор А.Ваисовнинг айтган гаплари менга бу соҳада тинимсиз ишлашим учун жуда катта илҳом бўлди, албатта.
Докторлик илмий ишим ҳам тезлашиб кетди. Илмий ишимни ҳамма қўллаб-қувватлади. Йилнинг қиш фасли илмни қайта-қайта чархладими, қатор-қатор семинарлардан ўтдим. Лекин орадан озроқ ўтмасдан институт раҳбари лавозимидан бўшайдиган бўлиб қолди. Қаранг, бир ҳафта ўтар-ўтмас янги раҳбар келди ва бутун олам ўзгариб кетди. Ҳамма қатори 1-2 кун ўтиб, янги директор мени ҳам қабулига таклиф қилди. Салом-аликдан сўнг нима қилишимиз кераклигини тушунтира бошлади.
– Энди, ука, биласиз, мен узоқ вақт вазирликда ишладим, сизнинг илмий ишингиз билан унчалик таниш эмасман, аммо айтишим лозимки, бир-икки ой тўхтатиб турасиз, институтнинг баъзи ташкилий ишларига ёрдам берасиз. Камчиликлар жуда кўп. Кейин моховлар тўғрисида жуда кўп ёнаверманг. Иложи борича камроқ гапиринг. Юқоридагилар бизда мохов борлигидан хабар топишса, сизни хафа қилишади. Диёримизда мохов борлигини билган саёҳатчи турист на Самарқандга, на Бухорога қадам ранжида қилади. Хуллас, ука, тилингизни калта қиласиз. Ёпиғлик қозон ёпиқ қолаверсин. Ҳар бир қилган ишингиз бўйича менга шахсан маълумот бериб турасиз, - дедида гапини якунлади. Мен ҳам хомушлигимни билдирмасликка ҳар қанча ҳаракат қилмайин барибир юз-кўзимдан билиниб турарди.
Кунлар ўтиши жуда қийин бўлди. Бирини бажармоқчи бўлсам, иккинчиси, кейин учинчиси, хуллас, биронта ишим охиригача битмасди. Барча ишлар орқага кетди. Бўшашиб, илмий раҳбаримнинг олдига бордим. Шунда у гапларимни охиригача эшитмай бир оз койиди.
- Ҳар доим ҳам ҳаёт бирдай бўлмайди. 1-2 ой муддатда докторлик ишингизни якунланг-да, диссертацияни менинг столим устига қўйинг. Майда-чуйда ишларни йиғиштиринг, - деб мени кузатиб қўйди.
Бу гаплар менга янги куч-қувват бағишлади. Ҳақиқатан устозсиз бироз чалғиб қолибман. Тез орада илмий ишимни олий аттестация комиссиясида кўриб, ижобий ҳал қилишди ва расмий ҳимоя қилишга рухсат беришди. Бир-икки кун ўтмасдан янги директор ҳам бу хабарни эшитибди. Ҳатто хонамга келиб, табриклади ҳам. Яна ҳаммаси силлиқлана бошлади. 2000 йил 16 май куни Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти қошидаги махсус илмий кенгашда докторлик диссертациямни муваффақиятли ҳимоя қилдим. Кечга бориб, ҳимоя баҳона онамнинг 80 ёшлик таваллудига бағишлаб базм кечасини ўтказдик. “Менинг болам катта олим бўлди”, деб онам даврани ҳеч кимга бермади. Ҳақиқатдан, тўй-тўйдек бўлди.
Орадан бир-икки ой ўтмасдан қорақалпоғистонлик эски оғайним Мэлс Тошкентга келаётганлиги маълум бўлди. Аэропортга чиқиб, ўзим кутиб олишимни айтдим. Қизиғи шунда эдики, бир-биримизни билмаган ҳолда уни 2-3 киши параллел равишда кутиб олдик. Мэлс ҳаммамиз билан қучоқ очиб кўришди. Лекин у бошқалар билан инглиз тилида сўзлашар эди. Кейин билсам, унинг дўстлари америкалик экан. Улар билан мени ҳам таништирди. Аввалги йил амалга ошира олмаган режаларини биргаликда бажарамиз, деди. Моховларга ва сизнинг кейинги ишларингизга мўлжалланган грант бор. Энди у сизники бўлади. Менинг бўлса бошим қотиб қолди. Дарҳол хаёлимга директор келди, у нима деркан?
Кечки овқатни меҳмонлар билан уларнинг офисида қилдик. Улар: "Худо хоҳласа, сиз америкаликлар билан Ҳиндистонда бўладиган лепрологларнинг халқаро Конференциясига борасиз. Кейин биз сизни ўқишга ҳам юборамиз. Аввал Россияга, кейинчалик яна Ҳиндистонга борасиз. Дунё олимлари мохов касаллигини бутунлай элиминация қилишга қарор қилишган. Биз орқада қолмаслигимиз керак", дейишди. Хуллас, учрашув мароқли ўтди. Худди дунёга янгидан келгандай бўлдим. Лекин эртаси куни бўлган суҳбатларни қандай қилиб директорга тушунтиришга бошим қотди. Коридорда эски ходим Обид акани кўриб қолдим. У қўярда-қўймай хонасига олиб кирди:
- Биламан, сен молодой докторсан, хўжайиннинг майда-чуйда гапларига эътибор берма”.
У худди ҳамма нарсадан хабардор кишидек гапирарди. “Бизнинг кафедрамизни ҳам бошқа жойга кўчиришни таклиф қилибди. Ўзинг ўйла, дерматовенерология институтида дерматовенерология кафедраси жойлашмаса яна қаерда жойлашади? Шунинг учун айтиб қўяй, оғирроқ бўлавер, бизни кетказишдан олдин ўзи кетиб қолади". Демак, у фақат менга эмас, балки бошқаларга ҳам шундай муносабатда экан.
Ҳафтанинг учинчи куни чет эллик меҳмонлар билан бўлган гапни директорга гапириб бердим.
– Яхши, - деб у менга тик қаради. - Эсингдан чиқмасин, уларнинг ҳар иккитасидан биттаси айғоқчи бўлади, эҳтиёт бўл. Айтгандай, иқтисодий ёрдам берар эканми?
– Ҳозирча чет эл сафар харажатларини тўлаймиз, дейишди.
– Майли, моховларингни сенга қўйиб бердим. Аммо бизга нима бўлади?
– Худо хоҳласа, бир гап бўлар. Хизматдан қочмаймиз, - деб мийиғимда кулиб қўйдим.
– Билишимча, асли қишлоқнинг боласи экансан, институтнинг тажриба лабораториясидаги ҳайвонларга емиш етишмаётган экан, шунга бир ёрдам берсанг? Қўлингдан келадими?
- Келади, албатта. Мен у ерда аввал илмий ишимнинг асосий қисмини бажарганман.
- Жуда яхши. Унда нима кераклигини яхши биларсан.
- Хўп бўлади, бир-икки кунда “есть” қиламиз.
Айтилган топшириқни ортиғи билан бажариб бердим. Виварийни ем, хашак билан тўлдириб ташладим. Кейин билсам, у ердаги эски ходимларни бўшатиб янгисини олиб келибди. Улар ишнинг уддасидан чиқа олмаганидан ташлаб кетиб қолишган экан. Виварий баҳонасида директор билан муносабатимиз анча яхшиланди.
Ҳиндистондаги уч кунлик халқаро конференция менда жуда катта таассурот қолдирди. Жуда кўп янги маълумотлар олдим. Моховларга бўлган муносабатим ва дунёқарашим янада янгиланди. Қизиғи шунда эдики, ҳар бир мамлакатдан келган делегация ходимлари ичида бир пайтлар моховга чалинган беморлар ҳам бор эди. Улар ҳам ҳамма иштирокчилар қатори конференцияга қатнашишди. Бу ҳолатни кўриб анча вақт ўзимга келолмадим. Нимага шундай, ёки биз бошқа дунёда яшаймизми, деган савол эзарди.
Институтда на директорни, на бошқа ходимларни конференция маълумотлари қизиқтирмади. Бахтимга бир ой ўтар ўтмасдан энди Россиянинг Астрахан шаҳрига бир ҳафталик малака оширишга Қорақалпоғистондан икки киши ва мен ўқишга бордик. У ерда Германия, Англия, Ҳиндистон ва қатор МДҲ давлатларидан мутахассислар иштирок этишди. Тўғрисини айтсам, маза қилдим. Ҳар куни назарий ва амалий дарслар. Тушдан сўнг беморларни бирма-бир кўздан кечирдик. Машғулотлар рус ва инглиз тилида олиб борилди. Ҳафтанинг тўртинчи куни эрталаб германиялик шифокор аёлга “Гутентак фройлен” деб саломлашдим. Шунда у сиз немис тилини биласизми? деб қолди. Озроқ биламан, дедим.
Кейин у:
- Сизнинг мамлакатингиз Ўрта Осиёда жуда катта давлат, аҳолиси ҳам кўп. Иккита лепрозория бор. Бири Самарқанд атрофида, иккинчиси Орол денгизи яқинида Нукус жойлашган, - деди.
Мен унга “Нукус туманида” деб қўшимча қилдим ва дарров иккиланмасдан сўрадим.
- Буларнинг ҳаммасини қаердан биласиз?
- Бизда силга ва лепрага қарши жамият бор. Сизларда Мэлс деган ходимимиз ишлайди. Агар рози бўлсангиз биз сиз билан ҳам ишлаймиз. Лепрага чалинган беморларни ҳимоя қилишимиз керак, уларни эрта аниқлаш ва даволаш зарур. Дискриминацияга йўл бермаслигимиз лозим. Кечқурун соат 18.00 да мен сизни хонамда кутаман.
Буни қарангки, германиялик олима шифокор лепра институтининг ичидаги хоналарнинг бирига жойлашган экан. Аранг топдим. Рухсат сўраб ичкарига кирдим.
- Сиз мени шаҳардаги катта меҳмонхоналарнинг бирида бўлади, деб ўйлагандирсиз? Тўғриси, шоҳона меҳмонхоналарга кетадиган пулни мен моховларга бераман. Шу жой қулай, беморларни доимо кузатиб туришим керак. Дунёда мутлақо янги комплекс даво терапиясини жорий қилганмиз. Бу услуб билан даволанган беморларда самарадорлик жуда баланд. Касалликда баъзан кузатиладиган қайталаниши (рецидив) – 1 фоизни ҳам ташкил қилмайди. Бизнинг жамият республикангизда аниқланган барча беморларни бепул даволашга ёрдам беришни режалаштирган. МДҲ давлатларининг ҳаммаси, шу жумладан, Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари розилигини олганмиз. Сизни ҳам иқтисодий жиҳатдан барча харажатларингизни қоплаймиз. Аҳоли орасидан беморларни аниқлаш ва бу соҳада илм-фанни ривожлантиришингиз керак. Биз Тошкент ва Нукусга бу йил албатта борамиз. Биргаликда маърузалар ўқиймиз, - деди немис олимаси.
Россияда ўтказилган тадбирлар тўғрисида ишхонада лом-лим демадим, чунки энди маълум, уларнинг асосий қисмини бу соҳа қизиқтирмайди. Хуллас, менга ортиқча гапнинг кераги бўлмай қолди. Мақсад битта - аҳоли орасида бор беморларни эртароқ аниқлаш, даволаш, эскиларни эса ногиронликдан сақлаш. Мохов бедаво эмас. Уни бемалол даволаш мумкин, фақат бунга беморларни, қолаверса, ҳаммани ишонтириш керак. Мен бу борада тинимсиз ишлаш кераклигига ишонч ҳосил қилдим. Ҳаш-паш дегунча Германиядан биринчи хабар – совға келди. Шошилиб конвертни очсам, шахсингизни тасдиқловчи паспорт билан Тошкентдаги немис элчихонасига учрашинг, деб ёзилган экан. Тушдан сўнг элчихонага бордим. Немислар мени жуда илиқ кутиб олишди. Номингизга “чек” келган, марҳамат, мана шу жойга имзо чекинг, деди оқ сариқдан келган аёл. Энди "Миллийбанк"ка бориб харажатларингизни олишингиз мумкин. Хайр, саломат бўлинг, - деб кузатиб қўйишди.
Қаранг, ҳеч қанча вақт кетгани йўқ. Кетса 3-4 дақиқа кетди, холос. Банк ходимлари ҳам узоқ ушлаб туришмади. Бир зумда “чек”да кўрсатилган суммани беришди. Хурсандчилигимнинг чеки йўқ эди.
Эгамберди Эшбоев.
Давоми бор.