“School 21” икки йилда профессионал жамоалар учун қулай муҳит яратувчи майдонга айланди
Самарқанд шаҳридаги “School 21” рақамли технологиялар мактаби ташкил этилганига икки йил тўлди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари, рақамли технологиялар вазирлиги ҳудудий бошқармаси масъуллари, хорижлик ҳамкорлар, мактаб жамоаси ва тингловчилар иштирок этди.
18 ёшдан ошган барча фуқароларга бошланғич тайёргарлик даражаси, билими ёки иш тажрибасидан қатъи назар, дастурлашни бепул ўргатадиган мактабнинг икки йиллиги “School 21 – Инсонлар!” концепцияси асосида нишонланди. Ушбу концепция “School 21”нинг асосий ресурси — инсонлар, яъни иштирокчилар, ҳамкорлар ва жамоа бўлиб, IТ соҳасида ўсиш ва ривожланиш учун зарур муҳитни шакллантиришдан иборат.
- Ўтган икки йилда “School 21”нинг Самарқанд ва Тошкент кампусларига 85 мингдан ортиқ аризалар келиб тушди ва 9600 дан зиёд талабгорлар “ҳовуз” саралаш интенсивида иштирок этди, – дейди мактабнинг ижрочи директори Зарина Лухмонова. – Бу давр мобайнида Ўзбекистондаги “School 21” нафақат таълим маскани, балки профессионал жамоалар учун қулай муҳит яратувчи майдонга айланди. Мактабда иштирокчилар ва ҳамкорлар учун учрашувлар, маҳорат дарслари, хакатонлар, идеатонлар ва геймжемлар каби йирик форматлардаги 950 дан ортиқ тадбирлар ўтказилди.
Айни вақтда “School 21” Европа ва Осиёдаги маҳаллий ҳамда халқаро компанияларни ўзида қамраб олган 80 дан ортиқ ташкилотлардан иборат ҳамкорлик тармоғини ривожлантирмоқда. Мактаб ҳамкорлар билан биргаликда иштирокчиларнинг амалий вазифалари, карьера имкониятлари ва касбий мослашуви, жумладан, амалиёт ўташ ва ишга жойлашиш борасида қўллаб-қувватлаш имкониятларини кенгайтирмоқда.
Тадбир иштирокчилари кампус фаолиятининг натижалари ва “School 21”даги амалиёт ҳамда “peer-to-peer” методикасига асосланган, ҳамкорликда ишлаш ва ҳақиқий лойиҳавий вазифаларни бажариш орқали амалга ошириладиган таълим ёндашуви билан танишди. Шунингдек, мактаб иштирокчилари томонидан лойиҳалар тақдимоти ўтказилди, ҳамкорлар ва асосий таълимнинг энг фаол иштирокчиларини турли номинациялар бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
– “Best Team of the year” (“Йилнинг энг яхши жамоаси”) номинациясига эга бўлганлигимиз “School 21” ва кузатувчилар эътирофини англатади, – дейди “School 21” асосий таълим иштирокчиси Нафиса Мирзаева. – Бу масканда ҳар доим кампус жамоаси, волонтёрлар, ҳамкорлар ва иштирокчиларнинг қўллаб-қувватлашини ҳис этиш мумкин. Улар бор экан, хато қилишдан, саволлар беришдан, қайта синаб кўришдан ва ўсишдан қўрқмайсиз. Бу муҳитда биз жамоа бўлишни ўргандик ва ўз стартапимиз билан саҳнага дадил чиқа олдик. Бизга билдирилган ишонч, ҳурмат ва тўғри йўлда эканлигингни ҳис қилиш имконияти учун “School 21”дан миннатдормиз ва келгусида ҳам ҳамкорликда ишлашни давом эттирамиз.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.