Самарқандда дастурлашни бепул ўргатаётган мактаб бор
Самарқанд шаҳрида бепул дастурлашни ўргатадиган мактаб борлиги ҳақида эшитганмисиз? Тўғрисини айтсам мен ҳам эшитмаган эканман. Мана бир йилдирки “Schооl – 21” рақамли технологиялар мактаби 18 ёшдан бошлаб барча хоҳловчиларга турли соҳалардаги 40 зиёд йўналишларда электрон дастурлаш тизимини ўргатиб келмоқда. Бепул дастурлашни ўргатиш билан бирга, ётоқхона билан ҳам таъминлаб келади. Бу ерда республикамиз вилоятларидан ташқари, қўшни Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳам иштирокчилар дастурлашнинг сир-асрорларини ўрганиб келишмоқда.
Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида фаолият олиб бораётган “Schооl – 21” мактабида ташкил этилган пресс-турда журналистлар тингловчиларнинг компьютер саводхонлиги, халқаро талаблар асосидаги C, C++, Java, Python, Go, SQL каби дастурлаш тилларини ўрганиш жараёнлари билан танишдилар.
- Бизга қабул учун аввалги билим, иш тажрибаси, дастурлаш қобилияти ёки дипломнинг борлиги аҳамиятга эга эмас, - дейди мактаб директори Зарина Лухманова. - Лойиҳамизда иштирок этувчиларнинг 50 фоизидан ортиғи учун бу биринчи дастурлаш тажрибаси бўлади. Якуний саралаш босқичидан сўнг, ҳар бир иштирокчи ўз мақсадидан келиб чиққан ҳолда, индивидуал таълим йўлини яратади. Бунда ишлаб чиқиш йўналишларидан бирини, яъни баcкенд, фронтенд, мобил ишлаб чиқиш, “GameDev”ни танлаши мумкин. Ёки код ёзиш талаб қилинмайдиган бешта янги соҳаларидан бири - киберхавфсизлик, “Data Science”, тизим ва бизнес таҳлили, “DevOps” ва юкланган хизматларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаши, шунингдек, дастурий таъминотни синовдан ўтказишни танлаш мумкин.
Шунингдек, IT соҳасида ишлаётганлар учун тезлаштирилган курсларда ўз малакаларини оширишлари ҳам мумкин. Aсосий таълим ўрганиш тезлигига қараб 1,5 йилдан 3 йилгача давом этади - иштирокчилар уни мустақил равишда белгилаб олишади.
- Самарқанддаги бепул дастурлаш мактаби ҳақида дўстларимдан эшитиб келганман, -дейди Сурхондарё вилоятидан Юнус Тўраев. – Саралаш босқичидан ўтиб, мана беш ойдирки тармоқ админстратори йўналишида ишлаяпман. Дастурлашни мураббийсиз, маъруза ёки баҳоларсиз, фақат амалий лойиҳалар устида индивидуал ёки жамоавий иш олиб бориладиган «тенгдош тенгдошга» таълим услуби асосида ўрганяпман. Мени барча қулайликларга эга ётоқхона билан таъминлашди.
Мактаб кампуслари ҳар куни 24 соат очиқ бўлганлиги сабабли ҳар бир иштирокчи ўзи учун қулай вақтга қараб ўқув жадвалини тузиб олиши мумкин. Ўқув жараёнлари рақамли таълим платформасида ўтказилиб, мактаб методологиясини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга ҳамда таълим дастурларини ҳозирги бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда, тезда мослаштиришга имкон беради.
Ҳозирда “Schооl – 21” рақамли технологиялари мактаби Самарқанд ва Тошкент шаҳрида фаолият юритмоқда. Иштирокчилар орасида таълим, логистика, тиббиёт, савдо, автомобил тижорати ва бошқа соҳалар вакилларини учратиш мумкин. Эндиликда улар дастурлаш бўйича ҳам етук халқаро мутахассис бўлишни исташади.
Шунингдек, журналистлар мактабнинг тингловчиларга яратилган компьютер дастурлаш кластерлари, ётоқхона, ошхона, спорт зали ва бошқа қулайликлари билан ҳам танишдилар.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.