"Muttertag", "Сабантўй", "Масленица", "Вардавар". Самарқандда уларнинг ҳаммаси нишонланди

Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб “Фуқаролик жамияти ҳафталиги” кунлари бўлиб ўтмоқда.

Мазкур ҳафталик рамзий маънода шундай номланди, аслида фуқаролик жамияти фаолиятига эътибор қаратган ҳолда бир ой давомида қатор маданий-маърифий, спорт тадбирлари белгиланган.

Вилоятимизда ҳам фуқаролик жамияти институти ходимлари ўртасида турли спорт тадбирларидан тортиб, улар ўртасида турли конференция ва анжуманлар, донорлик каби хайрия тадбирлари ва бошқа қатор дастурлар амалга оширилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон нодавлат-нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси вилоят бўлинмаси ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида байрам тадбири ва шу мавзуга доир фотосуратлар кўргазмаси бўлиб ўтди. Иштирокчиларга концерт дастури намойиш этилди, миллатлараро дўстлик мавзуида фотосуратлар томошаси йўлга қўйилди.

Айтиш керакки, ҳудудда яшовчи миллат ва элатларнинг этник-маданий ўзига хослигини сақлашга, жамиятда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва тинчликни янада мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида вилоятда 11 та миллий маданий марказлар ва битта дўстлик жамияти фаолият юритмоқда. Шунингдек, 22 та ноисломий ибодатхоналарда турли миллат вакилларининг ўз миллий анъана ва қадриятларини, урф-одат ва диний маросимларини адо этишлари учун шарт-шароитлар яратиб берилган.

Ўз навбатида вилоятдаги миллий-маданий марказ фаоллари томонидан мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, турли миллат вакилларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, рус халқининг “Масленица”, татар халқининг “Сабантўй”, корейс халқининг “Хитой тақвими бўйича Янги йил байрами” ва “Чусок”, немис халқининг "Muttertag“, яъни "Онахонлар куни” каби байрам ва кўрик танловлари кенг нишонланмоқда.

Миллий маданий марказларнинг фаолият юритишига барча шароитларни яратиш мақсадида “Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи” барпо этилди. Ушбу бинода барча маданий марказлар жойлашуви билан бирга уларнинг турли маданий тадбирлар ўтказиши, тил ўргатиш ва бошқа машғулотлар ташкиллаштирилиши учун барча шароитлар яратилган. Шунингдек, марказларга битта автобус, ҳар бирига компьютер жамламалари, телевизор ва миллий либослар олиб берилган.

Самарқанд вилоятида 139 та мактабда (33 тожик, 106 рус) қардош тилларда таълим олиб борилади.

Миллатлараро тотувлик, бошқа миллат вакилларининг юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги фаол иштироки эътирофига бағишлаб вилоят ва республика телевидениесида доимий кўрсатув ва видеороликлар, босма матбуотда мақола ва лавҳалар эълон қилиб борилмоқда. Чехов номидаги рус драма театри рус тилида саҳна асарлари тайёрланмоқда.

Миллий-маданий марказлар вакиллари ва фаолларининг вилоятда олиб бораётган ишлари, миллий байрамлари, урф-одатлари ва бошқа миллатлар билан ҳамжиҳатликда ҳаёт кечираётганликлари тўғрисида маълумотлар вилоят телевидениесида ташкил этилган “Олтин ҳалқа” кўрсатув орқали доимий равишда ёритиб борилмоқда.

Айни пайтда Самарқанд вилоятида миллатлараро муносабатлар узоқ йиллик анъаналар асосида сақланиб келинмоқда, вилоятда яшовчи миллат ва элатларнинг этник-маданий ўзига хослигини сақлашга, жамиятда миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва тинчликни янада мустаҳкамлаш борасидаги тадбирларни тизимли давом эттириляпти.

Достон Маликов,

Олий Мажлис ҳузуридаги фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг вилоят бўлими раҳбари.