Ҳазрат Навоийга эҳтиром кўрсатилди
Самарқанд шаҳрида Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғида сўз мулкининг султони, буюк аллома Алишер Навоий таваллудига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Кенг жамоатчилик вакиллари, шоир ва ёзувчилар, профессор-ўқитувчилар, олимлар, таълим муассасаларининг талаба-ёшлари улуғ мутафаккир қолдирган адабий мерос, ижодининг умрбоқийлиги, илмий ва тарбиявий аҳамиятини эътироф этишди.
Самарқанд давлат университети олимлари А.Муҳаммадиев, Э.Мусурмонов, вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари бирлашган таҳририяти бош муҳаррири Ф.Тошев Алишер Навоийнинг нафақат ўзбек миллий адабиёти, балки жаҳон адабиётидаги ўрни, ўзининг ижоди, инсоний ғоялари билан бутун дунёда эзгуликни, инсонпарварликни, яхшиликни тараннум этгани, тилшунослик равнақига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида сўз юритди.
– Навоий бобомизнинг ижоди ёшлар учун эзгуликни тараннум этувчи буюк мактабдир, – дейди СамДУ доценти Эркин Мусурмонов. – “Саббаи сайёр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” каби асарларида ушбу ғоялар ўртага ташланган. Бобомизнинг қолдирган адабий мерос уни ўқиган ва уққан ҳар бир кишини комилликка элтади.
Тадбир давомида Самарқанд вилоят драма театри актёрлари томонидан Навоий ижоди саҳна кўринишлари ижро этилиб, ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.
Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари Р.Қобилов иштирок этди.
Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.