Ҳукумат таркибидаги алоҳида тузилма ҳамда атамалар комиссияси тил ҳақидаги қонун талаблари бажарилишини назорат қилади
“Давлат тилига бўлган эътиборни мустақиллика бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз зарур”.
Президентимизнинг ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимда айтган ушбу фикрлари нафақат шу тил ўқитувчиси ва она тили тарғиботчиси, балки Ватанимизнинг оддий бир фуқароси сифатида қалбимни ғурур ва ифтихорга тўлдирди.
Чунки бугун барчамиз давлатимиз мустақиллигининг аҳамияти, қадр-қимматини яхши англаймиз. Ватанга садоқат ва эҳтиромни ҳар бир юртдошимизнинг гап-сўзида, хатти-ҳаракатида кўряпмиз. Демак, мамлакатда давлат тили – ўзбек тилига муносабат, меҳр-муҳаббат ҳам шундай бўлиши лозим.
Аввало, бу йил “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинганининг ўттиз йиллиги Президент қарори асосида кенг нишонланди. Шу давргача ҳар йили бу санани нишонлаганмиз. 21 октябрь куни турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиларди. Лекин бу йилгидек давлат миқёсида, кенг омма иштирокида бўлмасди.
Яъни, Халқаро конгресс марказидаги илк тадбир давлат тилига доир қонун қабул қилинган кунга бағишланган маросим бўлди. Шу куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни ҳам ўзбек тили тараққиёти йўлидаги тарихий ҳужжат десак муболаға бўлмайди. Мазкур фармон билан 21 октябрь - Ўзбек тили байрами куни сифатида янада кенг нишонланадиган бўлди.
Муҳими, давлат тилини ривожлантириш, давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатларига риоя этишни мувофиқлаштириш ва бошқа долзарб масалалар билан эндиликда мамлакат ҳукумати таркибидаги алоҳида тузилма шуғулланади. Замон тараққиёти, давр талабидан келиб чиқиб, кундалик нутқимизда қўлланилаётган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш учун атамалар комиссияси ташкил этилади.
Шу пайтгача жамият ҳаётида давлат тили ҳақидаги қонун талабларининг етарли даражада бажарилмаётгани, тил меъёрларининг бузилаётгани ҳақида тилшунос олимлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик ўз фикрини баён этиб келди. Оммавий ахборот воситаларида чиқишлар бўлди. Айниқса, 21 октябрь арафасида бундай мақола, кўрсатув ва эшиттиришлар кўпайгандан кўпаярди. Афсуски, бу чиқишлар кутилган самарани бермади. Энди янги ташкил этилаётган департамент ва комиссия бу масалаларга жиддий эътибор қаратишига умид қиламиз.
Фармонда “Давлат тили ҳақида”ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш ҳам белгиланди. Бу қонунни янги таҳрирда қабул қилишда зиёлилар, барчамиз фаол иштирок этишимиз керак. Чунки эртага бу қонуннинг ишлаши, давлат тилининг барча бўғин ва доираларда қўлланилиши лозим.
Баҳора ЮНУСОВА,
Самарқанд давлат университети ўқитувчиси.