Ибратли воқеа: Саломлашиш - инсон зийнати

- Анави йигит ким бўлди? Салом бермай ўтиб кетди. 

- Ҳошимбойнинг ўғли! 

- Ҳа, отасига тортибди-да! Олманинг тагига олма тушади деганлари шуда.

Ёки яна бир мисол:

- Одобли бола эканми, саломини қаранг. Адашмасам Рустамжоннинг ўғлиёв. Отасининг ўғлида, барака топсин…

Кўча-кўйда, давраларда гурунглашиб ўтирган отахонларнинг бундай гаплари қулоққа кўп чалинади. Дарҳақиқат, инсоннинг салом-алигидан унинг тарбияси, қандай одамлигини билиб олса бўлади. Саломлашиш одамлар ўртасида меҳр-оқибат, дўстлик-биродарлик, ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлайди. Афсуски, хозирда айрим кишиларда бу фазилатни кўрмайсиз. Дуч келганларида на салом, на алик бор. 

Қуш уясида кўрганини қилади. Оилаларда азалдан эрта тонгда юз-қўлини ювгач, кичиклар катталарга салом беришган. Қайси жиҳатдан қараманг, бу одат тарбиянинг муҳим шарти, ўлмас қадрият ҳисобланади. Очиғини айтиш керак, ҳозир аксарият  оилаларда бу одат аллақачон удумдан чиққан. 

Айрим кишилар фақат таниш-билишларгагина салом бериш керак деб ўйлайди. Саломлашишнинг ўзига хос ёзилмаган қоидалари бор. Уловли пиёдага, кичик каттага, ёш кексага, аёл эркакка салом бериши ўзбекона яхши одат. 

Орамизда салом-аликнинг маъносини тушунмайдиганлар ҳам учрайди. Шунчаки, салом, валайкум, деб ўтиб кетаверади. Аслида, ассалому алайкум - сизга тинчлик ва саломатлик тилайман, ва алайкум ассалом - сизга ҳам тинчлик, саломатлик тилайман, деган маънони англатади.

Ушбу мулоҳазаларимиздан муддао шуки, инсоний зийнат саломлашиш, самимий тилак билдиришни бир-биримиздан  дариғ тутмайлик.  Зеро, саломлашиш таомили арзимас одатдек туюлса-да, аслида инсон маънавий қиёфаси, ахлоқ-одоби, муомала маданияти, ижтимоий муносабатини белгилайди. Кўнгил қулфини очади.

Тоғаймурод Шомуродов.