Ички интизом туғма бўладими ёки ўрганиладими?

Бу ҳақда болалар боғчаси ва мактабдаёқ тасаввуримизни шакллантиришган, белгиланган тартиб-қоидаларга амал қилган, яъни дарсга кечикмасдан келадиган, одоб билан ўтирадиган, уйга вазифани бажарадиган, ёмон сўзларни айтмайдиган ўқувчи интизомли ҳисобланади.

Катта ёшдагиларга мезон ўзгармаса-да, ҳаракат доираси кенгаяди, холос. Интизомли ходим ишга кечикмайди, ишдан ўз вақтида кетади, иш вақтидан унумли фойдаланади, топшириқларни талаб даражасида бажаради. Бунга ўзига ярашадиган, тоза-озода кийимда юрадиган, атроф­дагиларга самимий муносабатда бўладиганларни ҳам қўшиш мумкин.

Одатда, интизом назорат қилинади, шунинг учун унинг талабларига риоя этилади, акс ҳолда чора кўриш тизими бор. Чунки интизом инсонга обрў, муваффақият келтиради, вақтдан самарали фойдаланишга ёрдам беради. Интизом жамият барқарорлигини таъминлайди.

Аммо ички интизом, назаримда, сал кенгроқ тушунча. У мажбурий риоя этиладиган ташқи интизомга бўйсунмаслиги мумкин. Негаки, ички интизом заковат, фаросат, маънавият каби туғма фазилатлар билан боғлиқ. Бу фазилатлар кишининг атрофга синчков қарашини, нафсини тийишини, гуноҳдан сақланишини таъминлайди. Ички интизом табиий рўй беради, чунки уни ўзлаштириш ниҳоятда мушкул иш.

Ички интизомни инсон маънавияти деб тушунса ҳам бўлади. Чунки у шахснинг хотирини жамлаб, хаёлини бир мақсадга қаратиб, вужудини маҳкам ушлаб туради, виждонига қарши иш тутишга йўл қўймайди.

Тасаввурингиз ойдинроқ бўлиши учун айрим мисолларни келтириб ўтаман.

Ички интизом шаклланган эркак уйга қайтганда кийимларини алмаштириб, таҳорат олади. Дастурхон атрофида ноўхшов ўтирмайди, ёнбошлаб олмайди. Болаларининг олдида аёлига баланд овоз билан иш буюрмайди.

Ёки дарвозасининг олдини, ҳовлисини эрталаб супурмаган, кеча овқат ейилган идишларни ювиб қўймаган, ваннани тозаламаган, ювилган кийимларни ҳовлининг ўртасига ёйиб қуритадиган аёлда ички интизом шаклланмаганини англаш қийин эмас.

Айрим ёшлар уйда онаси ёки турмуш ўртоғига рўзғор ишида кўмаклашишни ор билади. Баъзилар кекса ота-онаси кўзига тик қараб, баланд овозда уларга эътироз билдиради, болалари, оила аъзоларининг олдида ярим яланғоч ҳолда юради. Биз одатда бундайларни фаросатсиз кишилар деймиз.

Раҳбарлар, масъул ходимлар орасида ҳам ички интизом шаклланмаганлари учрайди. Йиғилишда жаҳл устида ходимларининг нафсониятига тегадиганлар, ходимини ишдан ҳайдашга интилганлар, тадбирга тайёргарлик кўрмай келадиганлар, топшириқни азбаройи қутулиш учун ижро этадиганларни назарда тутяпман. Фаросати бўлмаган кишилар ҳамиша ўзини оқлашга уринади.

Эътибор қилганмисиз, гуноҳ қилганлар шаънига кўпинча “падаринг­га....”, “сени тарбия қилганга...” деган салбий сўзларни айтишади. Бу бежиз эмас. Гап тарбия ҳақида бормоқда. Ички интизом, фаросат, маданият қондан, ота-­она ибратидан шаклланади. Яъни, “қарийсан, қартасан, асли наслингга тортасан”. Мутахассисларнинг таҳлилига кўра, она ҳомиласидан етти ёшигача бола қандай муҳитда улғайса, умрининг охиригача ўша ички интизом билан яшаркан.

Бинобарин, муқаддас динимизда ҳам, давлатимизнинг бугунги сиёсатида ҳам инсон комиллиги устувор ғоя ҳисобланади. Оиланинг ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватланаётгани, болалар тарбияси ва илм олиши учун кўплаб шароитлар яратилаётганининг сабаби ҳам шунда. Айниқса, пандемия шароити бу жараён нечоғлик зарур ва мушкул эканлигини барчамизга кўрсатди. Эндиги вазифа ҳар бир ота-онага фарзанд тарбияси, ўғил-қизларга ибрат йўлидаги масъулият ҳиссини сингдира олишдир. Ота-онанинг шахсий ибрати бу уларнинг болалари камолига йўналтириладиган энг қадрли ва самарали сармоядир.

Шу ўринда бир мисол. Бундан 27 йил олдин ҳиндистонлик оддий оила фарзанди Сундар Пичай АҚШнинг Стенфорд университетида ўқиш учун грант ютади. Бироқ Ҳиндистондан у ерга боришга маблағи бўлмайди. Шунда отаси ўзининг қарийб бир йиллик маошига тенг пулга унга чипта олиб беради. Йигит умрида биринчи марта самолётга чиқиб, АҚШга кетади. Ўша йигит 2015 йилда жаҳоннинг энг бой компанияларидан бири ҳисобланган Google ширкатининг бош директори этиб тайинланади. Мана, отанинг шахсий ибрати, бир пайтлар фарзанди камоли учун киритган сармояси кун келиб ўз мевасини берди.

Иқтисодий қийинчилик баҳонасида фарзанд тарбиясига эътибор бермаганлар, унинг тақдирини мактаб-у кўчага ишониб қўйганлар не кўйларга тушганини кўрдик. Шундай экан, фарзандимиз нотўғри йўлга кирса, унинг сабабини жамиятдан эмас, ўзимиз берган тарбиядан излайлик. Зеро, алломалар айтганидек, ҳаётдаги мушкулот сабабини ўз ҳаракатидан қидириш комиллик белгисидир.

Фармон ТОШЕВ.