Индонезиялик оилада 20 йилдан бери 200 килограммлик тимсоҳ яшайди
1997 йилда Индонезиянинг Ғарбий Ява шаҳри яшовчиси 41 ёшли Муҳаммад Эйван балиқчилар тутиб олган янги туғилган тароқсимон тимсоҳ боласини атиги 2 долларга сотиб олди, уни уйига олиб келди ва унга Кожек исмини берди. Ўшандан бери бу судралиб юрувчи Эйваннинг оиласи билан бирга яшайди.
Тимсоҳ шу вақтдан буён Муҳаммаднинг ҳовлисидаги бассейнда яшайди ва у 200 килограммлик тимсоҳга айланган.
“Митти Кожекни кўтариб кетаётган балиқчиларни кўриб, дарҳол уни 25 минг рупийга сотиб олдим. Кичкиналигида у ғазабланарди, баъзан бармоқларимни тишларди, биз уни тарбияладик, кейинчалик у қўлга ўрганиб, ўзлашди. Кожек йиртқич ҳайвон бўлса-да, одамлар билан мулоқот қилишни яхши кўради”, дейди Муҳаммад севимли уй ҳайвони ҳақида.
Кожек учта кичкина боласи бор оилада яшаб келади, аммо Муҳаммад тимсоҳ ҳеч қачон болаларга зарар етказмаслигини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, Кожек умуман тажовузкор эмас ва у ҳар доим хотиржам. Бу хушфеъл тимсоҳни кўриш учун Индонезиянинг турли бурчакларидан одамлар келишади. Бир сайёҳ ҳатто Кожекни 74 минг долларга сотиб олмоқчи бўлди, бироқ эгаси оила арзандасини сотишга кўнмади. Кожекнинг машҳурлигига унинг чўмилаётгани акс этган видео қўшилди: Муҳаммад уч метрли судралувчини ўзининг олд ҳовлисида ювиб туради.
“Мен рептилиямни яхши кўраман ва Кожекка ғамхўрлик қиламан. Менимча у ҳам мени ота сифатида яхши кўради. Уни парваришлаш қийин эмас: ҳафтада бир марта бассейн сувини алмаштириб, унинг тери ва тишларини тозалаб тураман”, қўшади Муҳаммад.
Кожек уйга келганида унинг узунлиги бор-йўғи 25 сантиметрга етарди ва ўрта катталикдаги аквариумга сиғарди. Энди у уйнинг ҳовлисида ўзининг ҳовузига эга ва фақат янги тутилган балиқ истеъмол қилади.
Кожек ҳали ёш, у катта бўлса, ҳеч кимни ажаблантирмаса керак. Бу турдаги тимсоҳларнинг узунлиги олти метрга, оғирлиги эса бир тоннага етиши мумкин. Шу сабабли, Муҳаммад яқин келажакда уй ҳайвони учун янги ҳовуз қуриш нияти бор.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.