Инсоният насли ва руҳига таҳдид

26 июнь - Халқаро гиёҳвандликка қарши курашиш куни

Гиёҳвандлик сўнгги минг йилликда инсоният дуч келган энг улкан ва ҳалокатли иллатлардан биридир. Унинг даҳшати шундаки, қарам бўлган киши ўзлигини йўқотади, ақлан, жисмонан, маънан инсон қиёфасини тарк этади. Осуда ҳаёт, фаровонлик, соғлиқ ўрнига парокандалик, тубанлик, жиноят каби фожиалар айнан гиёҳвандлик моддалари сабаб юзага келади.

Маълумотларга кўра, 15 ёшдан 64 ёшгача инсонлар орасидаги ўлим ҳолатининг 1,3 фоизи гиёҳвандлик оқибатида юз берар экан. Аср вабоси номини олган гиёҳвандлик инсоният насли ва руҳий дунёсига жиддий зарар етказиши билан ҳам катта фалокатдир.

Ушбу иллат аҳоли соғлиғи, жамият ҳафсизлиги ва энг ачинарлиси, келажагимиз эгалари бўлган ёшлар ҳаётига ҳам таҳдид солаётгани бор гап. Бугун унга қарши бутун дунё курашмоқда. Ҳар йили 26 июнь халқаро гиёҳвандликка қариши курашиш куни сифатида нишонланади.

Юртимизда ҳам бу иллатга қарши курашиш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб бориляпти. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун турли лойиҳалар ишлаб чиқилган. Зеро, фарзандларимиз соғлом туғилиши, баркамол улғайиши ҳамма нарсадан муҳимроқдир.

Назира БЕКМАТОВА,

вилоят наркология диспансери шифокори.