Интервьюлар қироли

Бугун миллий матбуотимиз фидоийларидан бири бўлган атоқли публицист, ҳамкасб устозимиз, моҳир таржимон, таниқли сиёсатчи Анвар Жўрабоев таваллуд топган кун. Агар ҳаёт бўлганида 76 ёшни қаршилаган бўларди.

Анвар ака кўп йиллар “Ленин йўли” (ҳозирги "Зарафшон"), Ленинград вилоятининг "На страже Родини" газеталари бўлим мудири, "Ўзбекистон санъати" журнали масъул котиби, "Халқ сўзи" - "Народное слово", "Марказий Осиё халқлари маданияти"  газеталари бош муҳаррири бўлиб ишлаган. Шунингдек, Ўзбекистон Конституцион комиссияси аъзоси, Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати, "Адолат" СДП ташкилотчиларидан бири, бир неча китоблар муаллифи.

Бутун умрини ўзбек журналистикаси ривожига бағишлаган Анвар Жўрабоев интервью қироли сифатида ном қозонган эди. У Михаил Шолохов, Чингиз Айтматов, Габриэль Гарсиа Маркес, Ўлжас Сулаймонов, Аркадий Райкин, Илья Глазунов каби адабиёт ва санъатнинг жаҳон танийдиган арбоблари билан суҳбат уюштирганди. Афсуски, Анвар ака 2010 йилда 62 ёшида вафот этди.

Бу ажойиб инсон билан бир неча марта ҳамсуҳбат бўлиб, унинг бебаҳо маслаҳатларидан баҳраманд бўлганман. У киши ва Умида янгамизнинг Тошкент шаҳрининг “Ойбек” метроси яқинидаги хонадони журналист дўстлар учун қадрли маскан эди. Устозимиз Аҳмаджон Мухторов ва у киши ташкил этган "Халқ сўзи" газетасида 10 йилча ишлаганмиз. Унинг ижодий мероси бадиий публицистикамизнинг энг ёрқин саҳифалари сифатида келгуси авлодларга ҳам хизмат қилади.

Ф.Тошев.

***

Суратда: Анвар Жўрабоев (чапда) Чингиз Айтматов билан.