Исроиллик кўнгилли шифокорлар беморларни бепул даволамоқда
Вилоят офтальмология маркази (кўз касалликлари шифохонаси)да Исроил давлатининг “Eye from Zion” кўнгилли ижтимоий ташкилотининг бир гуруҳ етакчи кўз касалликлари бўйича мутахассислари вилоятимиз аҳолиси учун бепул тиббий кўрик ташкил этишди.
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирларда 60 нафардан зиёд беморларнинг кўз касалликлари бўйича тиббий кўриклари ташкил этилиб, ўнга яқин мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилади.
Ижтимоий ташкилотларнинг кўнгилли мутахассислари сафида турли давлатларда бўлиб аҳолига бепул тиббий хизмат кўрсатиб келамиз, - дейди Sheba клиникасининг офтальмоонкология ва аутоиммунологик касалликлар маркази директори Виктория Даи Вешневская. – Бу сафар окулопластика, офтальмоонкология, глаукома, катаракта каби мураккаб кўз касалликлари бўйича Исроилнинг энг тажрибали шифокорлари келишди. Икки кун ичида тиббий кўрик ва жарроҳлик амалиётлари ўтказиб, маҳаллий мутахассислар учун маҳорат дарслари ўтишни ҳам режалаштирганмиз.
- Икки ой илгари тўсатдан кўзларим қизариб, биттаси кўрмай қолди, - дейди Паст Дарғом тумани Қўйи Дарғом маҳалласида истиқомат қилувчи Эштемир Бердиев. – Бир неча бор шифокорларга кўрсатдим, дори-дармон қилишди, аммо, натижани сезмадим. Исроилдан кўз касалликлар бўйича етук мутахассислар келаётганини эшитиб, улар қабулига ёзилдим. Профессор Ейтан Булументал жаҳоннинг энг тажрибали шифокорларидан экан, синчиклаб кўрикдан ўтказиб, зарур дори-дармонлар билан муолажа қилишимни тавсия қилди. Муҳими, тез кунда яна кўражагимни айтганида жуда мамнун бўлдим.
Хорижлик шифокорлар беморларни кўрикдан ўтказиб, ўз тиббий маслаҳат ва тавсияларини беришди. Шунингдек, улар шаҳар ва туманлар тиббиёт бирлашмаларининг кўз касалликлари бўйича мутахассислари ҳамда Самарқанд давлат тиббиёт институтининг бўлажак кўз шифокорлари учун маҳорат сабоқларини ўташди.
Дилмурод ТЎХТАЕВ.