Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Офтальмология: замонавий ускуналар сони 2, жарроҳликлар 1,3 бараварга кўпайди

Самарқандда офтальмологларнинг учинчи Халқаро Конгресси ўтказилди.

Анжуманда Америка, Европа, Африка, Осиё давлатларидан 1500 нафардан зиёд офтальмолог иштирок этди. Мамлакатимиздан 500 дан зиёд офтальмологлар қатнашган анжуманда офтальмологиянинг деярли барча йўналишдаги долзарб муаммолари, кенг тарқалган кўз касалликлари диагностикаси ва даволаш усуллари бўйича маърузалар ўқилди. Конгрессда республикамизнинг ёш офтальмолог олимларини ўз маърузалари билан чиқиши учун алоҳида секция ташкил этилгани бу соҳада ёшларнинг истиқболли лойиҳалари мавжудлигини англатади.

Анжуман аввалида иштирокчиларга Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А.Иноятовнинг видеомурожаат шаклидаги табриги намойиш этилди. Соҳага юртимизда қаратилаётган эътибор, эришилаётган ютуқ ҳамда мавжуд муаммолар ҳақида тўхталиб ўтилди. 

Ҳозирги вақтда Президентимиз ва ҳукумат томонидан мамлакатимиз ҳаётида тиббиётга, хусусан, офтальмология йўналишига катта эътибор берилаётгани шак-шубҳасиз. Офтальмология маркази 2018-2023 йилларда 150 та юқори технологик тиббий ускуналар билан таъминланди. Бугунги кунда марказда 230 та, 45 млрд. сўмга яқин қийматли тиббий асбоб-ускуналар мавжуд.

- Марказ офтальмология соҳаси бўйича Республика аҳолисига ихтисослашган тиббий ёрдамни ташкил этишнинг мувофиқлаштирувчи ва услубий маркази ҳисобланади, - дейди Республика ихтисослаштирилган кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбари Азамат Юсупов. - Марказда кўз касалликлари бўйича ногиронликнинг асосий сабаблари бўлган глаукома, кексалик макулодистрофияси, диабетик ретинопатия, тўр парда кўчиши каби оғир ва мураккаб кўз касалликлар профилактикаси ва эрта аниқлаш эндиликда муаммо эмас. Аммо бу технологияларни вилоят, туман, шаҳар кесимида таъминланишига эришмасак ва кадрлар салоҳиятини кўтармасак беморларни тўлақонли замонавий диагностика ва даволаш стандартлари асосида текшириш ва даволаш имкони бўлмайди.

Республикада жами 49 турдаги офтальмологик касалликларни даволаш бўйича 172 турда тиббий хизматлар кўрсатилади. Марказда жарроҳлик фаоллиги 99,2 фоизни ташкил этади. Ўтган давр мобайнида марказнинг Хоразм, Термиз, Наманган филиалларида  факоэмулсификация, лазер жарроҳликлари даволаш усуллари, оптик когерент томография, ультратовушли биомикроскопия диагностика усуллари кенг жорий қилинди. Шунингдек, Самарқанд, Қорақалпоғистон, Қарши, Бухоро ва Фарғона филиалларида ҳам   факоэмулсификация, лазер жарроҳликлари даволаш усуллари, оптик когерент томография диагностика усули, факоэмулсификация, витреоретинал, лазер жарроҳликлари даволаш усуллари жорий этилди.

Алоҳида таъкидлаш ўринлики, марказ касалланган шоҳ пардани тиниқ донор шоҳ пардага алмаштириш жарроҳлик амалиёти амалга оширадиган ягона кўз клиникасидир. Донор АҚШнинг Флорида штати, Тампа шаҳридаги “Lions Eye Institute for Transplant and Research” номли кўз банкидан келтирилади. Ҳар йили 40 га яқин оғир шоҳ парда касалликларида уни кўчириб ўтказиш жарроҳлик амалиёти бажарилади. Бу технологияларни тадбиқ этишдан аввал бундай беморлар кўрликка, ногиронликка мубтало бўлар ёки катта маблағ сарфлаб узоқ хорижга бориб даволанишга мажбур бўлар эди. Глаукома касаллиги бўйича марказда йилига 700 га яқин глаукомага қарши жарроҳлик амалиёти замонавий технологиялар асосида бажарилиб, унинг 40-45 фоиз лазер усуллари билан бажарилади.

Республикада офтальмологик муассасаларда 2018 йилда жами 227 та юқори технологик ускуналар мавжуд бўлган бўлса, 2022 йилда 471 тани ташкил этди, яъни 2 баробарга кўпайди.

Республикада юқори технологик даволаш усуллари, жарроҳлик амалиётлари 2018 йилда 70366 та бўлган бўлса, 2022 йилда 98961 тани ташкил этди, яъни 1,3 баробарга кўпайди.

Анжуман давомида хориждан ташриф буюрган олимлар, машҳур амалиётчи шифокорлар ўз тажрибалари билан ўртоқлашди, соҳанинг нозикликлари бўйича янги илмий қарашларини баён этдилар.

Гулруҳ МЎМИНОВА.