Истанбулда учга бўлиниб кетган самолёт бортида Ўзбекистон фуқароси ҳам жароҳат олган
Мамлакатимизнинг Истанбул шаҳридаги (Туркия) Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 2020 йил 5 февраль куни маҳаллий вақт билан соат 18.00 да (Тошкент вақти билан 20.00) Истанбул шаҳридаги аэропортга самолётнинг қаттиқ қўниши оқибатида Ўзбекистон фуқароси Б.С. жароҳатланди. У «Медикана» клиникаси жойлаштирилган. Бу ҳақда ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти ахборот берди.
ОАВ хабарларига кўра, самолёт Измир шаҳридан Истанбул шаҳрига ички рейсни амалга оширган.
Бош консулхона вазиятни назоратга олган ва ҳамюртимизга ёрдам бериш бўйича чоралар кўрмоқда.
Консуллик ҳуқуқий департаменти Туркия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Анқара шаҳридаги Элчихонасига (тел.: +90 312-441-17-46, +90 312-441-38-71/72) ёки Истанбул шаҳридаги Бош консулхонасига (тел.: +90 212-323-20-37, +90 212-229-00-75) мурожаат қилишлари мумкин.
Маълумот учун, Измирдан учиб келган ҳаво кемаси Истанбулнинг “Sabiha Gokcen” аэропортига қўнгач, учиш-қўниш йўлагидан чиқиб кетган ва самолёт уч қисмга бўлиниб кетган. Натижада 52 киши жароҳат олган.