Жалолиддин Мангубердининг жасорати ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда асқотади
Ўзбекистон Қуролли Кучлари Кичик мутахассисларни тайёрлаш марказида “Жалолиддин Мангуберди жасоратининг ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамияти” мавзусида республика илмий конференцияси бўлиб ўтди.
Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги доирасида ташкил этилган мазкур анжуманнинг очилиш маросимида Жалолиддин Мангуберди ҳақида саҳна кўринишларининг намойиш этилиши курсантларда ўша давр ҳақида жонли тасаввур ҳосил бўлишига хизмат қилди.
Конференцияда мамлакатимизнинг турли олий ўқув юртларидан келган илмий изланувчиларнинг мавзуга оид маърузалари тингланди. Мангубердининг жанг қилиш усуллари, жасоратининг ёш авлодни тарбиялашда маънавий-тарбиявий аҳамияти, Хоразмшоҳлар даврида давлат бошқаруви, бирламчи манбалардаги маълумотларнинг қиёсий таҳлилига бағишланган илмий маърузалар қатнашчиларда қизғин баҳс-мунозаралар уйғотди.
Анжуман ишида Кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази курсантлари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олди.
Умаржон ЯХШИМУРОДОВ.