Жаноб раҳбар, "отдел кадр"ни ишга олиш ёки ишдан бўшатишнинг талабларини нега билмайсиз?

Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан давлат органлари ва ташкилотлардаги кадрлар бўлинмалари раҳбарларига бўлган талабни белгилайдиган янгича тартиб-тамойил ўрнатилди.
Фармонга мувофиқ, давлат органлари ва ташкилотлардаги кадрлар бўлинмалари раҳбарлари Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланиши ва лавозимдан озод қилиниши тартиби белгиланди.
Ўтган давр мобайнида вилоят миқёсидаги 15 тадан ортиқ давлат органлари ва ташкилотлардаги кадрлар бўлинмаси раҳбарлиги лавозимларига тайинланиши агентликнинг вилоят филиали билан келишилган ҳолда амалга оширилган. Шундан 4 та давлат органлари томонидан кадрлар бўлинмаси раҳбарлиги лавозимига таклиф этилган номзодлар рад этилди.
Жумладан, вилоят туризмни ривожлантириш департаменти томонидан кадрлар бўйича бош мутахассис лавозимига ишга қабул қилинишида келишиш учун юборилган номзоднинг ҳужжатлари амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқлиги ўрганиб чиқилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 октябрдаги қарори билан тасдиқланган “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари таснифи”га мувофиқ кадрлар билан ишлаш бўйича бош мутахассис лавозими бошқарув ходимлар тоифасига киритилган бўлиб, ушбу лавозимда ишлаш учун ходимдан олий маълумотли бўлиши талаб этилган. Вилоят туризмни ривожлантириш департаменти томонидан таклиф этилган номзод ўрта маълумотга эга бўлганлиги сабабли рад этилди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳар ва Пахтачи тумани давлат солиқ инспекциялари кадрлар билан ишлаш шўъбаси давлат солиқ бош инспекторлари лавозимларига юборилган номзодлар кадрлар билан ишлаш соҳасида қабул қилинган амалдаги қонунчилик нормалари бўйича умумий билим ва кўникмаларга эга бўлмаганлиги учун рад этилди.
Бундан ташқари, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали томонидан жойларда мунтазам равишда мониторинг ўтказиш ишлари амалга оширилиб келинмоқда.
Мониторинг натижалари шуни кўрсатмоқдаки, айрим давлат органлари ва ташкилот раҳбарлари томонидан кадрлар бўлинмаси раҳбарлиги лавозимига ишга тайинлаш ва вазифасидан озод қилишда вилоят филиали билан келишилмаган ҳолатлар учрамоқда. Ваҳоланки, давлатимиз раҳбари Фармони билан белгиланган бу талаб тўғрисида вилоятдаги барча давлат органлари ва ташкилотларга расмий хат орқали маълум қилинган.
Шу боис, бу лавозимга вилоят филиали билан келишилмаган ҳолда кадрларни тайинлаш ҳолатлари аниқланганда кескин чоралар кўрилмоқда.
Масалан, Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасининг кадрлар бўлинмаси раҳбари лавозимида ишлаб келган ходим вилоят филиали билан келишилмасдан лавозимдан озод этилиб, ушбу лавозимга бошқа ходим тайинланган. Ушбу қонунбузилишга йўл қўйган айбдор шахсга нисбатан интизомий жавобгарлик чораси кўрилди.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, ҳозирги кун талабига жавоб берадиган кадрлар билан ишлаш тизимини яратадиган янгича мезон ва янгича тартиб-тамойилларга амал қилган ҳолда ишлашни энг аввал ҳар бир давлат хизматчиси ўзидан бошласа, амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг натижадорлигини мустаҳкамлаб боради.
Б.Юлдошева,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти филиали инспектори.