Жарроҳлик соҳасида замонавий технологиялар: “Ипак йўлида минимал инвазив хирургия”

Хабар берганимиздек, шу кунларда Самарқандда Осиё эндоскопик ва лапороскопик хирурглар жамияти (ELSA)нинг “Ипак йўлида минимал инвазив хирургия” мавзуидаги I баҳорги конгресси ўтказилмоқда.

Халқаро анжуман доирасида 27 апрель куни Самарқанд давлат тиббиёт университети ихтисослашган болалар хирургик клиникасида “Лапороскопик маҳоратлар ва эгилувчан эндоскопия” мавзусида семинар, амалий машғулотлар ва маҳорат сабоқлари ўтказилди. Юқори малакали хирурглар томонидан мураккаб жарроҳлик амалиётлари кўргазмали тарзда бажарилди.

28 апрель куни эса Самарқанд халқаро туристик марказида халқаро конгресснинг очилиш маросими ўтказилди.

Унда Республика соғлиқни сақлаш вазирлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва Осиё эндоскопик ва лапороскопик хирурглар жамияти (ELSA) вакиллари сўзга чиқиб, Марказий Осиёда илк бор ташкил этилаётган мазкур халқаро форум мамлакатимизда кейинги йилларда тиббиёт соҳасига қаратилаётган улкан эътибор самараси ўлароқ аҳолига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва даражасини оширишга хизмат қилишини таъкидлади.

- Осиё эндоскопик ва лапороскопик хирурглар жамиятининг сўнгги конгресси ўтган йил Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтказилган эди, – дейди ELSA бош котиби Давиде Ломанто. – Кейинги йиғинимиз шу йилнинг октябрь ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилиши кўзда тутилган эди. Лекин ўзбекистонлик ҳамкасбларимизнинг таклифи билан, қолаверса, кейинги йилларда ушбу мамлакатда соғлиқ сақлаш тизимида кузатилган жуда катта ўзгариш ва янгиликлар сабабли илк бор жамиятнинг баҳорги конгрессини Ўзбекистонда ташкил этдик.

Кеча Самарқанд шаҳридаги ихтисослашган болалар хирургик клиникасида жамиятимиз аъзолари, хориждан келган юқори малакали мутахассислар томонидан маҳаллий шифокорлар билан биргаликда минимал инвазив усулда учта лапораскопик операция ўтказилди. Бу жарроҳлик амалиётларининг барчаси муваффақиятли ўтди ва бу конгресс иштирокчилари учун маҳорат сабоғи бўлди. Бугун яна шундай операцияларни кўргазмали тарзда ўтказмоқчимиз. Бугун дунё тиббиётида каминвазив усулда операция қилиш кенг оммалашмоқда ва бу тиббиётнинг келажаси ҳисобланади. Ўзбекистонда ҳам мазкур соҳа ривожланиб бораётгани қувонарли.

Конгресс фахрий президенти, самарқандлик машҳур жарроҳ, профессор Азамат Шамсиевнинг таъкидлашича, юртимизда илк бор Осиё эндоскопик ва лапороскопик хирурглар жамиятининг конгресси ўтказилиши мамлакатимиз тиббиёти учун тарихий аҳамиятга эга.

- Самарқандлик жарроҳлар 2016 йилда мазкур жамиятга аъзо бўлганмиз ва унинг фаолиятида фаол иштирок этиб келяпмиз, – дейди Азамат Шамсиев. – Ҳар йилги конгрессларида қатнашиб, минимал инвазив хирургия бўйича кўп нарсаларни ўргандик ва ўзимизда жорий қилдик. Жамият билан ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳамда юртимизда эндоскопик ва лапороскопик жарроҳликни кенг қўллаш бўйича тажриба алмашиш мақсадида ELSAнинг навбатдан ташқари баҳорги анжуманини юртимизда, Самарқандда ўтказиш ташаббуси билан чиқдик. Икки кундан буён Осиёнинг тиббиёти ривожланган давлатларидан келган мутахассислар юртимиз ва Марказий Осиё хирургларига замонавий технологиялар асосида жарроҳлик амалиётларини бажариш бўйича тажрибаларини ўргатмоқда, амалий машғулотлар, операциялар ўтказилмоқда. Қувонарлиси, сўнгги авлод технологиялари асосида амалга оширилаётган лапораскопик, эндоскопик операцияларда ўзимизнинг врачларимиз ҳам иштирок этиб, билим ва малакасини оширмоқда. Шунинг учун айтиш мумкинки, мазкур форум биз учун, юртимиз тиббиёти учун жуда катта самара беради.

Конгрессга Малазия, Сингапур, Япония, Филлипин, Жанубий Корея, Покистон, БАА, Ҳиндистон, Қатар, Оман, Туркия сингари 40 дан ортиқ давлатдан юқори малакали хирурглар, ELSA аъзолари, шунингдек, 400 нафардан ортиқ ўзбекистонлик ва қўшни давлатлардан келган шифокор жарроҳлаш, шу соҳа вакиллари иштирок этмоқда.

Конгресснинг сессияларида ошқозон ичак трактининг юқори қисми хирургияси, эгиливчан эндоскопия, гепатобилиар хирургия, колоректал хирургия, корин девори хирургияси, видеоассистенлик торакал хирургия, минимал инвазив болалар хирургияси, бариатрик хирургия, робот хирургия ютуқларининг илмий йўналишлари таниқли олим ва профессорлар ўз маърузалари билан иштирок этмоқда.

- Бизда мини инвазив хирургия яхши ривожланган ва бу айни чоғда замонавий хирургиянинг асосини ташкил этади, – дейди филипинлик Аллен Буенафе. – ELSAнинг бу каби конгресслари эса бу борада хорижлик ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашиш, сўнгги авлод технологиялари билан танишиш учун қулай имконият. Биз самарқандлик ҳамкасбларимизнинг лапораскопик хирургия бўйича олиб бораётган ишларидан яхши хабардормиз ва тез-тез фикр алмашиб турамиз. Кеча болалар хирургияси клиникасида ҳамкорликда жарроҳлик амалиётини муваффақиятли амалга оширдик. Ушбу йўналишда келгусида ҳам биргаликда ишлаймиз.

Анжуманда мамлакатимизда эндоскопик лапороскопия сохасида эришилган ютуқлари бўйича ҳам маърузалар тингланди. Самарқанд ихтисослашган болалар хирургияси марказида замонавий усулда ўтказилаётган операция жараёни онлайн кузатилиб, интерфаол усулда муҳокама қилинди.

Конгресс давом этмоқда.