Жомбойда бир кунда 14 та боғча очилди

Бугун “Обод қишлоқ” ва инвестиция дастури асосида қурилган учта мактабгача таълим муассасаси ҳамда 11 та оилавий боғча очилди.

Нўш маҳалласида қурилган янги 27-МТМ 75-нафар болажонларни ўз бағрига олди. Қурилиш ишларига 1 миллард 250 милион сўмлик давлат маблағлари йўналтирилди.

– Икки нафар набирам шу боғчада таълим-тарбия олади, – дейди меҳнат фахрийси Қаҳҳор Абдуқодиров. – Уларга яратилган шароитларни кўряпсизми? Муассасанинг аввалги ночор аҳволидан асар ҳам қолмаган. Чекка қишлоқда шундай боғча қурилади, деб тассаввур қилолмасдик. Мана, энди шаҳардагидан кам бўлмаган шароитда фарзандларимиз таълим-тарбия олишади. Бундан аҳолимиз жуда мамнун.

Хабарингиз бор, жорий йилда Эски Жомбой маҳалласи ҳам “Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Дастлабки кунларданоқ, янги 15-МТМ биносини қуриш бошлаб юборилганди. Бу ишлар қисқа вақт ичида якунланди.

Зарафшон маҳалласидаги 6-МТМни мукаммал таъмирлаш учун ҳам 1 миллиард 665 миллион сўмлик инвестиция маблағлари ажратилди.

Замонавий кўринишга келтирилган учта МТМ ҳам бугундан фаолият бошлади.

Шунингдек, 11 та ҳудудда оилавий мактабгача таълим муассасалари очилди. Давлат шерикчилик асосида ишга туширилган мазкур боғчалар 270 дан ортиқ болаларни узлуксиз таълимга қамраб олгани билан аҳамиятли.

– Икки қаватли турар-жойимиз ўрнида уй боғчасини очдик, – дейди “Феруза” номли оилавий НМТМ мудираси Маъмура Донақулова. – Жиҳозлаш учун имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилди. Қолаверса, оила аъзоларимнинг икки нафарини ишга олдим. Улар бюджетдан маош олиб ишлайди. Озиқ-овқат таъминоти давлат томонидан етказиб берилади. Фаолиятимиз кўпчиликда қизиқиш уйғотяпти. Боласини оилавий боғчага бериш истагини билдирган талабгорлар кўп. Бу янги соҳага катта ишонч билдирилаётганидан дарак беради.

“Болажон” оилавий боғчада ўтказилган тадбирда хусусий тадбиркорларнинг 11 нафари учун оилавий НМТМни юритиш бўйича туман ҳокимлигининг рухсатномаси топширилди.

Шерзод ИСОҚУЛОВ,

Жомбой тонги” мухбири.